Иқтидорли ёшлар – фахримиз ИЛМ-ФАН ТАРАҚҚИЁТИГА БЎЛАЖАК ОЛИМ ҲИССАСИ

Яқинда туманимизнинг иқтидорли ёшларидан Фазлиддин Арзиқулов "Мард ўғлон" давлат мукофоти билан тақдирланди. Айни пайтда ёш олим илмий изланишлар устида иш олиб бормоқда. 

Фазлиддин Арзиқулов ўқиш даври мобайнида Тошкент Давлат техника университетида "Қайта тикланувчи энергия манбалари" мавзусида магистрлик даражасини муваффақиятли ҳимоя қилишга эришди. Унинг бу ютуқлари замирида Ўзбекистоннинг 2019-2030 йиллар даврида "Яшил иқтисодиёт"га ўтиш стратегияси ётади. Унда яқин 10 йил ичида мамлакатимизда  углерод сарфини кескин камайтириш, иқтисодиётнинг барча соҳаларида энергия тежамкор технологияларни жорий этиш, қайта тикланувчи -муқобил энергия манбаларидан кенг фойдаланиш кўзда тутилган.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг   2023 йил 16 февралдаги "2023 йилдан қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори мамлакатимизнинг ҳар бир ишлаб чиқарувчи корхоналарининг асосий вазифаси бўлиб қолди. Шунингдек, Президентимизнинг 2023 йил 10 февралда Жиззах вилоятига ташрифи чоғида Политехника институти олимлари ва талабалари ҳамкорлигида қуёш панеллари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш  ҳақидаги топшириғига асосан "Муқобил энергияларни тадқиқ этиш илмий-амалий маркази" ташкил этилди ва ишга туширилди. Шу асосда унинг илмий тадқиқот ишлари    мана шу   илмий-тадқиқот марказининг фаолияти билан узвий боғланди. Илм-фанга қўшаётган муносиб ҳиссаси туфайли Жиззах политехника институтида "Беруний" номидаги давлат стипендияси соҳиби бўлди ва Тошкент давлат техника университетини "Алтернатив энергия манбалари"  йўналиши бўйича   магистратурага қабул қилинди.  

- Менга мукофотни давлатимиз раҳбари ўз қўллари билан топширди, - дейди Фазлиддин Арзиқулов. - Очиғи, ҳаяжоним жуда кучли эди. Президент мендан ўқишни қайси йўналишда тамомлаганимни сўради. Мен эса яқиндагина "Қайта тикланувчи энергия манбалари" мавзусида магистрлик илмий диссертация ҳимоя қилганимни айтдим. Президентимиз хурсанд бўлиб, бу соҳада мутахассислар жуда зарурлигини айтиб, менга омад тилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатимиз ёшларига, айниқса, техника соҳасидаги мутахассисларга эътибор қаратилаётганлиги бўлажак ёш олимларни чексиз қувонтирди. Шу боисдан ҳам Фазлиддин Арзиқулов келгусида муқобил энергия соҳасидаги таълимни давом эттириб, Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларини янада такомиллаштириш ва инновацион жиҳатдан илғор бўлган технологик давлатга айлантиришда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиш учун бор билим ва  салоҳиятини ишга солишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Фазлиддин Арзиқуловга ўз олдига қўйган барча режаларини амалга оширишида улкан зафарлар тилаймиз.