Мустақиллик — қалбимдаги шукроналик

Ҳар гал 1-сентябрь яқинлашса, қалбимда шу қадар илиқ туйғулар уйғониб кетади. Гўё табиатнинг ўзи ҳам бу санага тайёрланаётгандек — осмон янада мусаффо, юзларда табассум, кўчаларда байрамона кайфият. Бу — шунчаки календардаги сана эмас. Бу — Ватаннинг озод нафас олган, халқимизнинг тақдири ўз қўлига ўтган кун. Бу — Мустақиллик куни.

Мен мустақиллик йилларида туғилган, унинг ҳавосини, эркинлигини, имкониятларини тўлиқ ҳис қилиб ўсган авлод вакилиман. Балки шунинг учун ҳам мустақиллик мен учун фақат тарих дарсида ўргатилган воқелик эмас, балки ҳаётимнинг бир қисми, тафаккуримнинг ўзагидир.

Ўйлаб кўринг: мустақиллик бўлмаганида, биз бугунги имкониятларга эга бўлармидик? Очиқ дунё, эркин фикр, интернет, чет элда ўқиш, илмий изланишлар, стартаплар... Буларнинг барчаси юртимиз эркинлиги билан боғлиқ. Бу имкониятларни қадрлаш — бугунги авлоднинг энг катта масъулияти, деб ўйлайман.

Ёшлигимда аямнинг катта оналари Саида ая билан кўп суҳбатлашардим. У киши, жуда камтар, ҳаётни кўп кўрган инсон. Ўша давр захматлари ҳақида етимликда ўтган ёшлиги борасида узоқ сўзлаб берардилар. Биз учун мустақиллик — орзу эди. Сизлар учун эса — имконият. Орзуни орзу бўлиб қолдирманглар,” -дерди. Ана шу гап менинг бутун ҳаётимга йўл-йўриқ бўлди. Ҳақиқатдан ҳам, бизнинг вазифамиз — бу неъматни қадрлаш, сақлаш ва янада бойитиш.


Мустақиллик бу — ўз тақдирингни ўзи белгилаш. Бу — севимли касб танлаш, сўз эркинлиги, ўзлигини йўқотмасдан дунё билан ҳамнафас яшашдир. 

Мен учун мустақиллик – бу байроғимизнинг ҳар хилпирагидаги ғурур, ҳар бир бунёдкорликдаги заҳмат, ҳар бир боланинг эркин кулгусидаги шукроналикдир. Бу туйғуни ҳеч қандай бойлик билан алмаштириб бўлмайди.

Шу боис, ҳар йили 1-сентябрда фақат байрам эмас, балки қалбимдаги яна бир ваъда янгиланади:
"Мен бу юртнинг фарзандиман. Ва мен унга арзийман."

Амина Хуррамова 

Оқдарё овози сайти мухбири

ЎзЖОКУ 2-босқич талабаси.

Мавзуга оид: