УСТА ДЕҲҚОННИНГ МЕҲНАТ САМАРАСИ
Оқдарё туманидаги меҳнаткаш ва тажрибали деҳқонлардан бири Қувондиқ ака Оппоқов йиллар давомида орттирган тажрибаси, ерга меҳри ва ҳалол меҳнати билан маҳалладошларига ўрнак бўлиб келмоқда. У киши деҳқончилик ва боғдорчилик соҳасида катта тажрибага эга бўлиб, ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланишни яхши билади.Айни кунларда Қувондиқ аканинг томорқасида баракали меҳнат самараси яққол кўзга ташланмоқда. Жорий йилнинг март ойида 40 сотих майдонга экилган “Гала” навли картошка ҳозирнинг ўзида яхши ҳосилга кирган. Ернинг унумдорлигини ошириш, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш ва парваришга алоҳида эътибор қаратиш натижасида деҳқон бу майдондан 10 тоннадан ортиқ ҳосил олишни мақсад қилган.
— Ер меҳнатни яхши кўради. Ерга меҳр билан қарасангиз, у ҳам сизга баракасини беради, — дейди Қувондиқ ака самимий суҳбат асносида.
Ҳақиқатдан ҳам, тажрибали деҳқоннинг ҳар бир ҳаракатида йиллар давомида тўпланган тажриба ва меҳнатсеварлик яққол сезилиб туради. Картошка қаторлари орасидаги озодалик, ниҳолларнинг барқ уриб ўсиши ва ҳосилнинг сероблиги бу ерда меҳнатга бўлган масъулият қанчалик юқори эканини кўрсатади.
Маълумотларга кўра, “Гала” нави эртапишар ва серҳосил картошка турларидан бири ҳисобланади. Ҳозирда ҳосил пишиб етилган бўлиб, июнь ойининг дастлабки кунларида йиғим-терим ишларини бошлаш режалаштирилган. Бу эса бозорларимизда янги картошка маҳсулотлари кўпайишига хизмат қилади.
Юртимизда томорқадан самарали фойдаланиш, аҳолининг даромадини ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ана шундай меҳнаткаш инсонлар фаолиятида ўз ифодасини топмоқда.
Қўллари қадоқ, меҳнати ҳалол инсонлар — эл дастурхонининг файзу баракасидир. Меҳнатни қадрлайдиган, ернинг тилини тушунадиган бундай фидойи деҳқонлар бор экан, дастурхонимиз тўкин, бозорларимиз мўл-кўл бўлиб қолаверади.
Юртимиз деҳқонларининг ризқи бутун, ҳосили мўл, меҳнати эса доимо баракали бўлсин!
Мавзуга оид:
Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10
Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37
Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05
Қишлоқ хўжалиги
- 26 фев, 16:26
Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00




