ТАБИАТНИ ИФЛОСЛАНТИРАЁТГАНЛАРГА ЖАЗО БОРМИ?

"Биз табиат устидан қозонилган ғалабаларимиз билан мағрурланмаслигимиз керак. Шундай кунлар келадики, бунинг учун табиат биздан аёвсиз ўч олади", - деган эди бундан икки аср муқаддам ғарб файласуфларидан бири. Файласуфнинг башоратлари тўғри келмоқда. Бугунги ер юзидаги иқлим ўзгаришлари, ҳавонинг ҳаддан зиёд исиб кетиши, буларнинг барчаси она табиатимизнинг биз инсонлардан ўч олаётганлигининг оқибатидир.
Президентимиз томонидан табиатни асраш ва авайлаш ҳақида бир қатор топшириқлар берилган бўлишига қарамасдан жойлардаги мутасаддилар амалий ишга ўтишмаяпти. Исботни узоқдан излашнинг кераги йўқ. Лойиш шаҳарчасининг "Наврўз" маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи "Норкискан" каналининг икки қирғоғи ачинарли аҳволга келиб қолган. Айниқса чап қирғоғида қад ростлаган аҳоли турар-жойлари орқали сувга оқизилаётган ҳаммом сувлари, оғилхоналардан чиқарилаётган қорамол гўнглари, ҳожатхоналарнинг чиқиндиларини каналга оқизилаётганлигини қандай изоҳлаш мумкин. Бу ҳақда жорий йилнинг феврал-март ойлари ўтказилган туман экология қўмитаси масъуллари иштирокидаги матбуот анжуманида алоҳида таъкидланган эди. Бироқ ўша берилган топшириқлар топшириқлигича, ваъдалар ваъдалигича қолиб кетди. Қўполроқ қилиб айтганда, топшириқлар бу қўмита раҳбарининг бир қулоғидан кириб, иккинчи қулоғидан чиқиб кетди шекилли, аҳвол баттар бўлса бўлдики яхшиланмади. Шу ерда истиқомат қилувчи аҳоли вакилларининг таъкидлашича, атрофга таралаётган бадбўй ҳиддан ташқарида ўтиришнинг мутлақо имконияти бўлмаётган экан.
Оқдарёда экология қўмитаси бор бўлса, нима иш билан шуғулланаяпти, деган савол пайдо бўлади. Ахир бу ташкилот вакиллари туман осойишталик маркази билан ҳамкорликда айнан мана шу канал атрофидаги манзараларга эътибор беришса фойдадан ҳоли бўлмасди-ку. Ёки бунинг учун уларга юқоридан ҳокимнинг махсус топшириғи керакми? Бу ачинарли манзарага қачонгача бу ташкилотлар томошабин бўлиб туришади. А, лаббай? 
Кенжа Ботир.
Суратда каналдаги ачинарли манзара акс эттирилган.