САЙЛОВДА МУДДАТИДАН ОЛДИН ОВОЗ БЕРИШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ АМАЛГА ОШИРИЛАДИ?

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар.
Маълумки, жорий йилнинг 24 октябрь куни мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов бўлиб ўтади.
Миллий қонунчилигимизда фуқароларнинг сайлаш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида муддатидан олдин овоз бериш имконияти яратилган.
Сайлов кодексининг 57-моддасига киритилган қўшимчага кўра, эндиликда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти тегишли округ сайлов комиссияси томонидан эмас, балки Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади. Ўзбе-кистон Республикасининг 2021 йил 8 февралдаги "Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-670-сон Қонуни билан қонун чиқарувчи шундай тўхтамга келди. Бу борада қонунчилик шаффофлик томон кетмоқда. 
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга уч кун қолганида тугалланади ва бу ҳақида сайловчиларнинг, кузатувчиларнинг эътиборига оммавий ахборот воситалари орқали етказилади.
Хўш муддатидан олдин овоз бериш қандай тартибда амалга оширилади?
Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида тегишли участка сайлов комиссиясидан сайлов бюллетенини олади. "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисида"ги низомга асосан участка сайлов комиссияси сайловчидан сайлов кунида бўла олмаслигининг сабабларини тасдиқловчи қўшимча ҳужжатларни талаб қилиши тақиқланади, яъни айни сайлов кунида бўла олмасликнинг сабаблари кўрсатилади. 
Сайловчи сайлов бюллетенини олганлиги ҳақида тегишли участка комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида сайловчилар рўйхатига имзо қўяди.
Сайлов бюллетени махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида сайловчи томонидан тўлдирилади ҳамда сайловчи қарор қабул қилади. Унга дахл қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ ва у ўзи томонидан тўлдирилган сайлов бюллетенини ёпиқ конвертда қолдиради. 
Д.Ашуров,
 туман адлия бўлими бошлиғи.