Таниқли шоира - меҳмонимиз Ойгул СУЮНДИҚОВА

Ойгул СУЮНДИҚОВА - шоира, таржимон ва журналист. У 1957 йилда  Пайариқ туман марказида ўқитувчи оиласида туғилган. Шу ердаги 1- ўрта мактаб, ҳозирги Тошкент маданият коллежи ва Москвадаги Адабиёт институтини (1985 йил) муваффақиятли тугаллаган. Маориф ва матбуот соҳасида фаолият юритган. 
Шоиранинг "Уфқлар ёнганда" (1986), "Умр куйлари"(1986), "Эътиқод"(1990), "Мен туғилган юрт"(2007), "Мулланафас" (таржималар, 2010), "Зумрад томчилар" (таржималар, 2013), "Кўнгил кенгликлари" (2019) каби китоблари чоп этилган. Кўплаб анжуманлар қатнашчиси, танловлар ғолиби, ўндан ортиқ адабий тўпламларга шеърлари ва таржималари киритилган. "Ўзбекистон" наш-риёти томонидан чоп этилган 100 жилдлик "Рус адабиёти дурдоналари" сериясидаги 10 га яқин китобларга таржималари киритилган. Шеърлари рус тилига таржима қилинган. Шу билан бир қаторда ўзбек шоирлари ва адибларининг асарларини ўзбек тилидан рус тилига таржима қилган. Ўқувчилик давридан бошлаб туман, вилоят ва республика матбуотида мунтазам қатнашиб келмоқда.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси (1989),  "Атиргул" танлови ғолиби (2001), Ўзбекистон Халқ маорифи аълочиси (2011), "Ватан учун яшайлик" республика танловининг фахрли 1-ўрин соҳиби (2013), Озод Шарофиддинов номидаги мукофот совриндори (2016).
ОТА УЙИМ БЎСАҒАСИДА
Қадрдон йилларим,
чароғон йўллар
кўзларимга кўчаётиб,
туғилган уйимга олиб боради. 
Ортимдаги йиллар,
қаршимда йўллар
учар, учаётиб
юрагимга қулоқ солиб боради.
Сокиндайман,
осмондан ҳам тинч. 
Денгиз кўзларим туб-тубларида
қалқийди севинч. 
Кипригим намланар,
Кўксим тўлиқар.
Шамол сочаётир 
ўй-куйларимга 
ҳовуч-ҳовуч зар.
Ҳар бир қадамимда,
ҳар нафасимда,
кўнгилда соғинч.
Узун, текис, ёруғ 
йўлаклар бўйлаб
ариқ ёқасида 
мени кутиб турар,
кузатиб қўяр
дарахтлар ўйчан.
Туғилган уйимга кириб бораман,
Отамни,
Онамни кўриб бораман...
Остонада ҳамон  ложувард маъсуд
умрим фасллари - 
болалик,  ёшлик. 
Кузги барглар аро айланар хаёл,
Қуёш нурлари ҳам эгилар хиёл...
Бўсағада хотира ёйиқ
Харитаси каби жаҳоннинг.
Энг олис хотира - яқин  хотира, 
Туманни тарқатган чақин хотира.
Ўчмайди сира
қадри баланд ҳар битта оннинг. 
Энди...
Ҳол - аҳвол сўрайин десам - 
кўринмас отам;
бир бор кўрайин десам - 
кўринмас онам. 
Уйлар жим-жит, 
айвонлар жим-жит, 
кенг ҳовли бўм-бўш...
Эй, осмон, эшит,
ё менга қўшилиб йиғла тонггача... 
биламан, -
сенинг ҳам кўнглинг мендай бўш...
Эй, азиз  бўсаға,
остонам қутлуғ!
Гўдак оёқларим ҳидини туйган,
Отамдай, 
Онамдай севиниб - суйган.
Йиқилсам,
юраги чинқириб куйган! - 
Икки қўллаб турғизиб қўйган,
Улуғсан, улуғ!
Қадам ташлагандай 
гўё илк бора
иссиқ кўринасан кўзга тобора.
Тонгларда,
Шомларда излаб келганим,
энг тоза ҳисларим сўзлаб келганим;
бари - барини 
дур каби 
бирма-бир тизиб келганим
улашаман сабрларимга.
Токи соғинч томчиларидай
тўкилсин, тўкилсин 
меҳрибон отамнинг,
мунис онамнинг қабрларига...
Остонам, бўсағам!
Туғилган уйимсан - безавол куйим,
онамдай бағрингга босиб суюнгин,
отам меҳри янглиғ
беминнатимсан,
мўмин суянчим.
Умрим суюнчиси -
исимсан, исмим,
севгим, насимим! 
                  *** 
...Яна қўнғироқлар келар қишлоқдан,
Меҳрибон товушлар  елар қишлоқдан. 
Тоғдай кўтарилиб кетади кўнглим,
Умрим боғларида куз кезар сўлим.
Узоқлашиб борса ҳамки йўлларим,
Мени жуда яхши кўрар йўлларим!... 
САМАРҚАНД   СОҒИНЧИ
1
Умрим бўйи шамоллар эсса,
Ёмғирлар ҳам ёғса шиғирлаб.
Юрагимда бир оташ сезсам, 
Йилларимга айтсам шивирлаб:
Самарқандга қайтгим келади...
Дарахтлар тик, ҳаволар енгил,
Олам  ажиб кўклам кутади. 
Осмон каби кенгаяр кўнгил,
Йўллар ҳамон гуллар тутади - 
Самарқандга қайтгим келади...
2
Энг бахтли  кунларнинг бирида яйраб
Мен йўлга тушаман, она Самарқанд.
Меҳримдан, юрагим қўридан сайраб,
Йўлга йўл қўшаман, она Самарқанд.
Эй, кўҳна дунёнинг  ўлмас навоси,
Минг битта ташбеҳлар ичра гуллайман.
Айтгин, кимнинг менга келмас ҳаваси - 
Бағрингдан дунёга салом йўллайман!
                            *** 
Шом ёнур, шом ёнур, шом ёнур...
Шом ила энг ёруғ ғам ёнур,
Эҳтимол, киприкда нам ёнур,
Ёки унут бўлмас олис дам ёнур, 
Шом  ёнур, шом ёнур, шом ёнур...
Бунчалар узоқдир бу кеча,
Хаёллар тўзғоқдир бу кеча,
Тонггача уйғоқдир бу кеча,
Ким учун тўлғоқдир бу кеча,
Бунчалар узоқдир бу кеча...
МЕҲР
(Қизларимга)
Майлига, бир дона, майлига, битта 
ва ёки мингта... 
..........гуллар тақдим этинг менга саҳарлаб,
токи кириб юрай,
дунёда турай,
бирга-бирга кирайлик мингга...
Қўлларим сийпалар майин шамоллар,
кўзларим ювади соғинч ёшлари.
Эй, гўзал гулларим,
ғазал йилларим,
юрагим, жигарим, кўзу қошларим...
Нечун севинмайин хушбўй ҳаволар
сочларимни ўйнаб, юзим силаса;
нечун суюнмайин гулдай қизларим  
ҳар тонг менга узоқ умр тиласа!...
                            *** 
Мен дарахтлар билан олис сўзлашдим,
Улар менга мамнун узатишди қўл.
Асли, чин дўстларим билан юзлашдим,
Пойимда шовуллаб оқар ёруғ йўл.
Йўлдаман - энг олис болаликдан то
Кумуш кексаликка қадар куну тун.
Чир айланар тиним билмай бехато
Еру осмон, лекин юрагим бутун.
Шу дарахтлар бизлар билан қол, деди,
Дил тубида жаранг сочди акс-садо.
Дунё қадим-қадим, бағрикенг, дедим,
Қанча юрсам камдай, бўлмагай адо...
Тонгда дарахтларни кузатдим узоқ,
Бақувват шохларин аста силадим. 
Вужудимда эсди ажиб бир титроқ,
Ўзим ва  уларга умр тиладим!...
ЭНАМНИНГ АЙТГАНЛАРИ
Қадим дунё ривоятлари 
Янгиланиб қайтгани билан;
Менинг узун ҳикоятларим 
Тугармиди айтганим билан...
Боғларимда шамол тўзғиса,
Ёмғир тўлса ҳатто ичимга.
Кечиккан куз каби тўзғисам,
Ишонайин қайси кучимга...
Кўзларимда - зумрад кунларим,
Чайқалади гуллар кемада.
Дилдан кўкка қадар унларим:
Келиб-кетмоқ сири нимада?
Буни айтиб кетмади отам,
Билолмади онам ҳам балки...
Буни мендан сўрама, болам,
Ўзинг билиб оларсан, балким!...