Оила - олтин дарахт МИНГНИ КЎРИБ ФИКР ҚИЛ...
Кексаларимиз: "Бирни кўриб шукр қил, мингни кўриб фикр қил", дея бежизга таъкидлашмайди. Рост-да, атрофга назар ташлайдиган бўлсак, турфа кишиларга дуч келамиз. Кимдир муомалали, кимдир муомаласиз. Ва яна кимдир жиззаки. Бехосдан унга тегиб кетгудай бўлсанг борми, бақириб беради. Кимдир эса узр сўрасанг, "ҳечқиси йўқ" дея йўлини давом эттиради. Айниқса, бирон-бир нуқсон билан туғилган, ақлан ва жисмонан заиф ёки бахтсиз тасодиф туфайли ногирон бўлиб қолганларни кўрсанг, ўз соғлиғингга шукр қиласан. Гарчи биз тилга олмоқчи бўлаётганлар тўрт мучаси соғ-омон бўлса-да, бироқ ўзгалардан камчилик қидириб чарчамайдиган, ҳаётий муаммоларни ҳал қилишда фақат ўзим ҳақман, дегувчилар сирасига кирадиган айрим кимсалардир...... Келин қайнопалари меҳмонга келишини эшитиб, зир югуриб хизмат қилмоқда. Қайнона ҳам уй юмушларида унга қарашмоқда. Озиб-ёзиб бир меҳмонга келишади-ю, уларни яхши кутиб олмаса, дарҳол келиндан нолишади. Шунинг учун ҳам келиннинг сочи супурги, қўли косов. Нима бўлса ҳам опалари яхши меҳмон бўлиб, тинчгина кетишсин-да. Бугун ҳатто ўғилчасига ҳам дурустроқ қарай олмаяпти. Майли бир кеча минг кеча бўлмас...
Мана, кўча эшиги очилиб, ваъдалашгандай уч опа-сингил болалари билан бирга кириб келишди. Улардан бири ўчоқ бошида куймаланиб юрган онасини кўрди-ю, салом-алик ўрнига аюҳаннос солди: "Вой-дод, бу нимаси? Онагинамнинг кўрган куни қурсин. Келин олиб ҳам тинчимаса-я".
Қайнопаларнинг ҳузурига кутиб олиш учун шошиб чиқаётган келин бир фурсат анграйиб қолди. Ўзини ўнглаб олгач:
- Бу нима деганингиз, опажон? Ахир ойижонимнинг ўзлари қўйинг, десам ҳам сизга ёрдам бўлсин, деяптилар-ку! - деди.
- Сиз ҳали қачондан бери бизга терс гапирадиган бўлиб қолдингиз? Бир кунингизни кўрсатмасамми, - дея келиннинг сочига тармашди. Қолган опалар ҳам қўшилиб, келинни дўппослай кетишди.
Шу топда кўчадан қайнота келиб қолди. Ўзи яхшигина вазифада ишласа-да, воқеанинг тафсилотини суриштирмасдан келинга кўча эшигини кўрсатди: "Кет. Сенга ўхшаган келинни лойдан ясайман..."
Кутилмаганда бўлган буйруқ келинни довдиратиб қўйди. Фарзандини бағрига босганча йиғлаб ота уйига кетди.
Қайнота қаттиқ хатога йўл қўйди. Масалага жиддийроқ ёндашмади, асл моҳиятини сўраб-суриштирмади. Балки фарзанди ортидан келган бир муштипарнинг дилини вайрон қилди. Ҳали ҳаёт нима, унинг аччиқ-чучуги нималигини билмаган набира кўзларини пирпиратганча жовдираб қолаверди. Ота-онанинг измидан чиқолмаган йигит эса турмуш ўртоғини ҳимоя қилолмади...
Ёки бошқа бир воқеани олайлик. Мана бир неча ойдирки, ҳузуримга бир йигит келади. Менга ишониб дардларини айтади. Охири оиласини сақлаб қолишнинг иложи бўлмагач, газетада мақола чоп этишимни сўради, токи бу ўзгаларга ҳам сабоқ бўлсин, деб айтди.
Йигит оиласида ёлғизгина ўғил экан. Шу боис ота-онаси уни олий маълумотли қилиб, элга қўшади. Қизлари турмушга чиқиб кетганлиги сабаб ўғлини уйлантирмоқчи бўлишади. Келин излашади. Қўшни қишлоқдан келин топилгач, тўй тараддуди бошланади. Тўй ўтгандан сўнг қайнона-қайнота келинга қизим, дея мурожаат қилишади. Маълум муддатдан сўнг келиннинг бўйида бўлади. Бундан қувонган оила аъзолари "эсон-омон қутилиб олгин" дея унинг қўлини совуқ сувга урдиришмайди ва ниҳоят келин фарзандли бўлади.
Келин оила аъзоларининг меҳрибончилигини нотўғри тушунади. Вақт ўтган сайин рўзғор юмушларини бажаришга бўйни ёр бермайди. Шунда қайнона:
- Фарзандинг ҳам катта бўлиб қолди. Энди рўзғор юмушларини оз-оздан қилвергин, қизим, - дейди.
- Аввал ваъдаларингизни бажарингизлар, - дейди у. - Мени ўқишга киргизмоқчи эдингизлар. Қачон ўқийман?
- Коллежда ўқиган бўлсанг. Ҳозирча иш жойинг ҳам тайин. Қизинг катта бўлаверсин, сўнгра ўқийсан, - дейди қайнона.
Ҳамиша келиннинг раъйига қарайдиган қайнонанинг бу гапи унга ёқмайди. Бирдан қизини кўтариб ота-онасиникига кетиб қолади.
- Бир неча марта уйга қайтариб олиб келдик. Бироқ, жанжалларимиз тугай демади, - дейди йигит. - Ҳар гал уйга олиб келганимда қўл телефони орқали қайнонамнинг қизига: "Кун иссиқ, уйдан ташқарига чиқма, ўзингни асра,бўлмаса тезда қариб кетасан", деб гап уқтираётганлигининг гувоҳи бўламан. Мен эса: "Онангга хўп, деб индамасдан уй юмушларини қилиб юравер. Ахир рўзғоримиз катта бўлмаса", - дейман. - Назаримда бу аёлимга ёқмайди. Чунки бундан ташқари ҳам унинг ўйинлари кўп бўлди. Мактабда ишласам, ичмасам, чекмасам, оилада уни турткилайдиган кишилар бўлмаса...
Ҳа, йигитнинг айтишига қараганда, воқеанинг энг даҳшатлиси кейин бўлган. Иккинчи бор ҳомиладор бўлган келин ҳар гап тўғри келганда "Боламни йўқотаман", деб қўрқитар экан. Қолаверса "Вилоят марказига бориб яшасанг, яшайман", деб йигитга шарт қўйибди. Шу сабаб турли баҳоналар билан уйига кетиб қолаверибди. Охир-оқибат унинг ҳомиласи нобуд бўлибди.
Қизнинг отаси хориждан қайтаётганлигини эшитган куёв "Қайнотам бизнинг аразлаб қолганимизни эшитса, ёмон бўлар-ов", дея одам қўйиб, хотини ҳамда қизини уйига олиб келтирибди. 1-2 кун ўтгач, қайнота чет давлатдан қайтибди. Инсонгарчилик юзасидан куёви аёлини ота уйига олиб борибди. Бироқ, аёли отасини соғинганини баҳона қилиб, яна ўзи туғилиб ўсган уйида қолибди.Отаси келди, энди ҳаммаси яхши бўлади, деб эртаси куни ҳурмат юзасидан қайнотасини чойга чақириш баҳонасида борган куёв унинг дашномларига йўлиқади. Отасининг паноҳидан яна ҳам мустаҳкам жой топган келинчак оиласидан ажралиш тўғрисида фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига мурожаат қилади.
- Икки йил бўлди, - дейди йигит. - Ажралишга ҳеч қандай сабаб йўқлиги боис суд томонидан муҳлат берилаяпти. Шу пайтгача фарзандимни ўйлаб келаётган эдим. Оиламиз томонидан кўрсатилган меҳрни аёлим ожизликка йўйди, шекилли, ажрашиш йўлини танлади. Аёл киши бўла туриб оилани сақлаш ўрнига уни пароканда қилди. Бунинг бош айб- дори қайнота ва қайнона деб биламан...
Ҳа, "Чиққан қиз чиғириқдан ташқарида" деган нақл бор халқимизда. Бироқ, бунга амал қилмаган ота-она қизларига тўғри йўл кўрсатиш ўрнига, аксинча, уни ҳаволантирди. Қайнона, қайнота, турмуш ўртоғига қарши қайради. Ҳеч бўлмаганда, отасиз аро йўлда қолаётган набирасини ҳам ўйламади. Қизига: "Оилангга қайт, куёв ичмаса-чекмаса, тайинарли иши бўлса бундан ортиқ толени қаердан топасан", дейишганда олам гулистон эди. Қизларига ҳам ота-онанинг тарафкашлиги ёқиб тушди. Ўзидан оилани сақлаб қолиш учун яхшироқ фикр чиқмади. Тўғри, эртага турмушидан ажрашган яна ким биландир оила қуриши мумкин. Бироқ, у биринчи оиласи каби бўлармикин? Фарзанди тақдири нима бўлади? Ана шу саволлар қаршисида турган келинчак наҳотки ота-она измидан чиқолмаса? Ахир турмуш ўртоғи уни, қизалоғини севиши шундоққина юз-кўзларидан сезилиб турибди-ку!?
Бир суҳбат чоғида кекса отахонлардан бири ривоят сўзлаб берган эди. Ўтмишда бир киши ўғлидан жаҳлланиб, катта таёқ олиб ўғлини ҳовли айлантириб қувлаб, урибди. Ураверибди, ураверибди. Ўғли эса "Отажон, нима ёмон иш қилдим. Ахир икки нафар набирангиз бўлса, уларнинг олдида шу ишингиз яхшими?", деб зорланибди. Қўни-қўшнилар ҳовлидаги дод-войни эшитиб келишса, дарвоза тамбаланган эмиш. Роса хуморидан чиққан ота уришни тўхтатиб, дарвозани очиб қўйибди. Шунда қўшнилар "Бу нима қилганингиз? Сўзингизни икки қилмайдиган ўғлингизнинг айби нима?", дейишибди.
Шунда отахон: "Ўғлимнинг айби - нима десам, хўп деб бажаришида. Бир марта ўзидан ҳам фикр чиқса, нима қилади. Ахир эрта-индин мен оламдан ўтсам, бу туришда қандай қилиб мустақил фикр юритади", деб жавоб берган экан.
Қиссадан ҳисса шуки, ҳар бир оилада у эркакми ёки аёлми, мустақил фикрлай олиши, кези келганда, ота-онага ўз фикрини айта олиши керак. Сабаби, айрим ота-оналар ўз фарзандларининг бахтли яшашини истаган ҳолда билиб-билмай бахтсиз қилиб қўядилар. Фарзандим менинг гапимдан чиқмаслиги керак, деб ўйлайди. Айрим ҳолларда хулоса чиқаришда уларнинг фикрини бир четга суриб қўйишади. Айниқса, қиз узатган ота-оналар эҳтиёткор бўлишлари, қизларига ўзи тушиб борган оиланинг ҳар бир гапини кўтариб келмаслигини уқтиришлари, машаққатсиз турмуш бўлмаслигини тушунтиришлари керак. Акс ҳолда ўртада норасида гўдаклар тирик етим бўлиб қолади.
Агар қайси бир ёш оилада бундай нохуш ҳолатлар кузатилаётган бўлса, агар сиз ҳақ бўлсангиз, у отангизми, онангизми инсофга чақиринг. Бунинг айби йўқ. Зеро оила, фарзанд келажаги сизнинг қўлингизда. Оила - олтин дарахт. Уни асрай билинг!
Гулнора ЖЎРАЕВА,
журналист.
Мавзуга оид:
Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10
Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37
Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05
Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00





