Тарихга бир назар

Тарихга бир назар


"ТОҲИР-ЗУҲРА" ВА ТУРИЗМ ОҚДАРЁНИ 

 ДУНЁГА МАШҲУР ЭТАДИ


Нега? Нима учун "Олтин мерос" ташкилотининг йигирма йилдан буён "Тоҳир ва Зуҳра" зиёратгоҳини ободонлаштириш борасидаги мурожаатлари, лойиҳа ва таклифларига қарамасдан, туманимизнинг мутасадди ташкилотлари томонидан зиёратгоҳнинг ободонлаштириш ишларига эътибор берилмаяпти?


Ишқ ва муҳаббат бобида Шарқнинг машҳур  афсонасига айланган "Тоҳир ва Зуҳра" саргузаштларини ким эшитмаган дейсиз? Бу ривоят Ўрта Осиё, Туркия, Шимолий Ҳиндистон, Покистон, Озарбайжон халқлари ҳамда Волга бўйи татарлари орасида кенг тарқалганлигининг боиси нимада? Мазкур асарнинг Маворауннаҳр - икки дарё оралиғида, айнан бизнинг юртимизда туғилиши   тарихимиз, маданиятимизнинг нақадар улуғвор  эканлигидан далолат беради.  

Бугунги кунда дунё бўйлаб Тоҳир ва Зуҳра номи билан боғлиқ азиз ва гўзал жойлар, афсоналар, достонлар, кинофильмлар жуда кўп.

"Афсона афсона-ю, лекин сиз Самарқанд-да, Зарафшон дарёсининг чап қирғоғида Тоҳир ва Зуҳраларнинг қабрлари борлигига ишонасизми?"

Юқоридаги шундай таъриф ва савол билан ўзининг "Тоҳир ва Зуҳра ҳаётда бўлганми?" номли илмий мақоласини бошлайди, Самарқанд вилояти саёҳат уюшмасининг раиси, география фанлари номзоди Муродхон Ҳошимов. ("Фан ва турмуш" журнали, 1989 йил,12-сони.) 

"Буни сизга Окдарё туманига қарашли "Ўзбекистон" жамоа хўжалигида яшовчи аҳоли кўрсатиши мумкин. Чангалзор билан ўралган майдонда учта баланд қабр кўзга яққол ташланади. Айтишларича, икки чеккадаги қабрларда Тоҳир ва Зуҳра, ўртасидагида эса Қоработир кўмилган экан. Яқинроқ келиб қарасангиз четроқда шоҳ дафн этилган пастроқ тўртинчи қабрни кўриш мумкин. Илгари ҳар йили баҳорда Тоҳирнинг қабри устида қизил, Зуҳранинг қабри устида оқ гул, ўртадаги қабр устида эса қора тикон ўсиб чиқар экан. 50-йилларда кутилмаганда аёз бўлиб, гулларни совуқ уриб кетган экан, лекин ўртадаги қора тиконни ҳозир ҳам кўришингиз мумкин. Маҳаллий аҳолининг бундай афсонавий гапларига ҳайрон бўлиб турсангиз, сизга ўша жойдаги тепаликни кўрсатишиб, бу шоҳ қалъасининг ўрни эканини ва ҳар замонда бу жойлардан қадимий идишлар чиқишини айтишади. Сўнгра сизга Зарафшон дарёсининг тик қирғоғини кўрсатиб, Тоҳир шу жойдан сандиқда дарёга ташланган дейишади. Бу қанақаси, наҳотки Тоҳир ва Зуҳра ҳақиқатан ҳам яшаган? Келинглар, аввал бу афсонани тасдиқловчи далилларни кўриб чиқайлик. Агар ҳақиқатан Тоҳир ва Зуҳра Зарафшон дарёси бўйида яшаган бўлса, улар қандай   қилиб бошқа халқларнинг миллий афсонасига айланган.

Афсонага кўра, Тоҳир Зарафшон дарёсига сандиққа солиниб ташланган ва олти ойдан кейин Хоразмшоҳ  давлатига, яъни Амударё қирғоғига бориб қолади. Маълумки, Зарафшон дарёси Амударёга қуйилмайди, эҳтимол, қачонлардир қуйилгандир?".

Палеогеографлар фикрича, дарёлар сув режимининг ўзгаришига иқлим эмас, балки суғориладиган ер майдонларининг кўпайиши таъсир этар экан. Одатда кучли  урушлардан кейин мамлакатларда суғориладиган ерлар миқдори камаяр, суғоришга ишлатиладиган дарё сувлари эса ҳавзасига қайтар экан. Палеогеограф Д.Квасовнинг фикрича, 3000 йил олдин Зарафшон Амударёга қу-йилган ва Орол денгизига оқиб, унинг ҳавзасини кўтарган. Оролдан кўтарилган ортиқча сув Ўзбой орқали Сариқамиш чўкмасига оққан ва иккови бир сув ҳавзасини ташкил этган. Деҳқончилик ривожланиб, Зарафшон дарёси бу   ҳавзадан ажралгач, Амударё суви камайган. Суғориладиган ерлар миқдори кескин камайган вақтда, Амударёдан келувчи сув миқдори кўпайган ва Орол денгизи суви  кўтарилиб, унинг бир қисми яна Ўзбой орқали Сариқамишга оқа бошлаган. Бизнинг милодда бу ҳол икки марта: IV ва XIV асрларда кузатилган. Демак, шу даврда  Зарафшон Амударёга қўшилиб, сувининг кўпайишига  сабаб бўлган. Археолог С.Толс-товнинг маълумотларига қараганда V аср бошларида суғорма деҳқончилик инқирозга учраган. 

Қабрларни  ўрганганимизда шунга эътибор бердикки, - деб таъкидлайди М.Ҳошимов, - улар баланд ва кенг бўлиб, одатдаги қабрлардан фарқ қилади. Маҳаллий аҳолининг айтишига қараганда бу жойда илгари бошқа қабрлар ҳам кўп бўлган, аммо вақт ўтиши билан текисланиб, йўқолиб  кетган.

Археолог Р.Равшанов қабрлар ёнидаги тепаликни  ўрганиб, бу ерда қадимий қалъа қолдиқлари борлигини, сопол синиқлари эса, V аср бошларидаги кулолчилик намуналари бўлиб, бу жой V аср бошларида вайронага  айланганлигини асослаб беради.

Юқоридаги  фактлар ва тарихий маълумотлар асосида  шундай хулосага келамиз. IV аср охирлари ва V аср  бошларида Ўрта Осиё бир қатор майда давлатларга  бўлиниб кетган, бу давлат ҳокимлари бир-бири билан тинимсиз уруш олиб боришган. Сўғдиёна учга бўлинган.  Самарқанддан пастроқда Зарафшон бўйлаб икки майда  давлат - Иштихон ва Кушония жойлашган. (С.Толстов  маълумотлари. 1948 йил.)  Бухоро ҳавзасида учинчи кичик  Вардона беклиги мавжуд бўлган. Бундай парчаланиш натижасида бир вақтлар суғорилган йирик ерлар ташлаб  қўйилган ва суғоришга ишлатиладиган сувнинг  кўп қисми Зарафшоннинг ўзида қолган. Натижада Зарафшон қисқа вақт ўзининг қадимий тарзини тиклаб, яна Амударёга  оққан. Шу  даврда Иштихон шоҳлигида "Тоҳир ва Зуҳра"  афсонасидаги воқеалар бўлиб ўтган бўлиши мумкин.

"Фан ва турмуш" журналининг 1991 йил 8-сонида журналист Рустам Обид ўз мақоласида юқоридаги фикрларни  тасдиқлаб шундай дейди: "Географ олим М. Ҳошимов "Тоҳир ва Зуҳра"ларнинг қабрлари Оқдарё туманидаги "Ўзбекистон" жамоа хўжалиги ҳудудида, Зарафшон дарёсининг чап соҳилида жойлашганини анча  ишонарли тарзда асослаб берган".

Шоҳ кизи ва вазир ўғли ўртасидаги муҳаббат барчани  ҳаяжонга солган. Юқори табақа вакили сифатида улар ёнма-ён сағаналарда кўмилган. Бу икки шоҳлик маркази V аср бошларида ўзаро урушлар туфайли вайрон  бўлган ва бошқа тикланмаган. Лекин Тоҳир ва Зуҳра ўртасидаги муносабатлар халқ ёдида ҳақиқий муҳаббат сифатида  сақланиб қолган  ва аста-секин афсонага айланган. 

Афсонанинг биринчи кенг тарқалиши Х аср бошларида бўлиб ўтган. Бу даврда Ўрта Осиёда яшаган турк-ўғуз  қабилалари қарбга томон юрган ва юриш Византиянинг  босиб олиниши билан тугаган. Қабила вакиллари ўзлари   билан "Тоҳир ва Зуҳра" афсонасини ҳам олиб кетганлар. Кейинчалик Туркияда ҳам "Тоҳир ва Зуҳра" деб ном олган.      

Афсонанинг иккинчи бор тарқалиши Чингизхон мўғуллари билан боқлиқ. ХIII асрда мўғул лашкарлари Ўрта Осиёдан кейин Волга бўйига бостириб бориб, у ерда  Олтин Ўрда хонлигини ташкил қилишганда улар орасида Ўрта Осиёдан қўшиб олиб кетилган лашкарлар  "Тоҳир ва  Зуҳра" афсонасининг ўша жойда тарқалишига сабаб  бўлган.

Афсонанинг учинчи марта кўчиши XIV асрда бўлиб  ўтган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур Шайбонийхондан енгилганидан кейин Шимолий Ҳиндистонга ўтиб кетганлиги тарихдан маълум. Бобур жангчиларига узоқ  вақтгача "Тоҳир ва Зуҳра" афсонаси ўз ватанини эслатиб   турган, сўнг аста-секин маҳаллий афсонага айланган".

Ҳаётдаги ҳар бир афсона, эртак, ривоятлар, ҳатто тахминларнинг ҳам замирида қайсидир ҳақиқат ётади.  Айниқса, халқ оғзаки ижодидаги ҳар бир воқеа ҳақиқатнинг тасвиридир. "Тўмарис", "Широқ",  "Алпомиш" достонларини ҳам халқимиз яратди, шунингдек "Тоҳир ва Зуҳра"ни ҳам. Агар асардаги воқеалар ривожига эътибор берсак, у афсона эмас, ҳаётий   ҳақиқат, қаҳрамонлари эса тарихий шахслардир. Улар сарой фитналаридан озорли, юрт осойишталиги, бахти  учун, ўз севгиси, муҳаббати учун энг сўнгги  имкониятлари қадар курашган инсонлардир.

Маълумки, ўрта асрда Ўрта Осиёда Бобохон (1552-1580 йиллар) Бухоро хони бўлган. Тарихчилар таърифига кўра  биз яшаб турган (Миёнкол) Оқдарё тумани, Иштихон, Пайариқ туманларининг ҳудудлари ушбу хонликка  тегишли бўлган. Достон воқеалари айнан Бухоро хонлиги даврида бўлиб ўтган, дея таъкидланади манбаларда. Ушбу фикримизни тасдиқлаш учун яна олимларимизнинг илмий ишларига мурожаат қиламиз. Достон воқеалари Бухорода  бўлиб ўтганлигига ишонч ҳосил қилишимиз учун  Зарафшон албатта бу хонлик ҳудудидан оқиб ўтиб, Амударёга қуйилган бўлиши шарт. Бу шартнинг талабларига замонамизнинг таниқли археолог олими Я. Ўуломов ўзининг "Моҳандарё изидан" номли илмий экспедицияси давомида ижобий жавоб беради. Олимнинг   далилий ашёлар билан тасдиқлашича, Зарафшон дарёси ўша даврда Бухоро хонлиги ҳудудидан оқиб ўтган, дарёнинг бугунги йўқолиб кетган Моҳандарё ўзани орқали Яккатут қишло-ғидан ўтиб, Амударёга қуйилган. (А.Муҳаммаджонов, Яҳё Ўуломов. 1986 йил, "Фан" нашриёти.)

Демакки, "Тоҳир ва Зуҳра" достони билан Зарафшон дарёсининг тарихи, тақдири бир-бири билан чамбарчас боғлиқ экан, таҳлил қилайлик: Зарафшон ўз умри давомида икки марта Амударёга қуйилиш, қўшилиш шарафига муяссар бўлган.

Биринчиси IV аср охирида юз берган. Зарафшон дарёси ҳавзаларининг биринчи марта тўлиб-тошиб оқиши Иштихон,  Кушония давлатларининг тараққиёти ва у ерда бўлиб ўтган Тоҳир ва Зуҳра воқеалари билан муштарак  боғлиқдир. Бу даврда подшо, вазир фар-  зандлари Тоҳир ва Зуҳралар ўртасидаги муҳаббат ва уларнинг фожеали тақдирлари ҳақидаги хабарлар халқ орасида кенг тарқалади ва шу асосда "Тоҳир ва Зуҳра" достонининг халқ оғзаки ижоди намунаси илк бор V аср бошларида дунёга келади.

Иккинчиси (сўнггиси десак ҳам ҳақмиз) - яъни, Зарафшон дарёсининг соҳиллари тўлиб-тошиб Амударёга  қуйилишининг иккинчи даври XIV аср охирларига тўғри келади. Демак, Зарафшон ўз соҳилларида яшаб, оби-ҳаётидан  баҳраманд бўлиб келаётган тўқсон икки ўзбек қавми халқларининг қалбида яшаб, тилида куйланиб келаётган муҳаббат садосини, "Тоҳир ва Зуҳра" достонининг ширин ва  аччиқ  дардларини, сатрларини яна бир бор уйқотади ва эслатади. Халқимиз орасида турли хил севги, муҳаббат достонларини кашф этилишига сабаб бўлади. XVII асрда "Тоҳир ва Зуҳра" достони Ўрта Осиё  халқларининг ёзма адабиётига, ўзбек мумтоз адабиётига  кириб келади. Худди Зарафшон дарёси Амударё висолининг иккинчи даврини бошлагани каби достон ҳам ўзининг иккинчи даври - ёзма адабиёт дурдонаси даврини бошлайди.

Орадан асрлар ўтди. Бугун Зарафшон Амударёга  етолмайди. Амударё Оролдан мосуво. Аммо, Тоҳир солинган сандиқни тўлқинларида тутиб, жонини омон сақлаб, Хоразм юртидан қайтариб, Зуҳрасига олиб келган Зарафшон ҳамон икки ошиқ хизматига содиқ, улар дафн этилган қабристон ёнида йил ўн икки ой айланиб оқади, қўшиқ куйлайди, уларнинг руҳини шод этади. Қалбимиздан ўтаётган мана шу ҳислар, кўзимиз кўриб турган бу ҳақиқат   Тоҳир ва Зуҳраларнинг ҳақиқий қабрлари Оқдарё тумани "Ўзбекистон" маҳалласидаги "Қоработир" қишлоғида,  "Тоҳир ва Зуҳра" қабристонида, деган фикрларимизга   сўзсиз изн беради. 

Ушбу қишлоқда яшаб ўтган ва яшаётган ота-боболаримиз берган маълумотларга қараганда ушбу  қабристон қадимдан мавжуд. Қаб-ристон марказидаги учта қабр неча юз йилдирки, салобатини йўқотмайди, чўкмайди, табиат билан ҳамнафас яшнайди. Булар  Тоҳир-Қоработир-Зуҳра қабрларидир. Уларни зиёрат қилиш учун республикамиз вилоятларидан, туманларидан кўплаб  зиёратчилар  келиб  турадилар.

ХVII-XVIII асрларда Тоҳир ва Зуҳралар ҳақидаги халқимизнинг оғзаки ижодини ёзма адабиётга ўгириб, достоннинг илк талқинини яратган, Балхда туғилиб ижод этган ўзбек шоири Саид Муҳаммад Сайёдий (икки томлик "Ўзбекистон энцеклопедияси" 1988 йил II том, 285 бет) Тоҳир ва Зуҳралар ҳаёти тўғрисидаги воқеаларни достоннинг бошидаёқ "Самар-қанд сиртида, Ўзжан юртида" бўлиб ўтганлигини таъкидлайди.

IV аср охири ва V аср бошларидан бошлаб халқ оғзаки ижодида айтилиб, XVII  асрда ёзма адабий меросимизга  киритилган ушбу достондаги шоир Сайёдий айтган манзиллари айни ҳақиқатдир. Достоннинг илк сатри "Самарқанд сиртида, Ўзжан юртида...", - деб бошланади. Демак, "Тоҳир ва Зуҳра" воқеалари Самарқанд шаҳрининг четида, чегарасида бўлиб ўтган деган маънони билдиради.  Ваҳоланки ҳозир ҳам Оқдарё тумани Самарқанд шаҳри билан чегарадош, шаҳар билан Иштиҳон тумани орасида жойлашган. Демак, достонда айтилган манзил тўғри, уни халқ айтган ва уни асрлар оша куйлаб келмокда. 

"Тоҳир ва Зуҳра"ни шўролар даврида  жуда  кўп текширишган, - дейди шу маҳалла фуқа-роси Нурмурод Ўтанов, - Эллигинчи йилларда  отам  тракторчи  бўлган,  қабристон  атрофидаги ерларда ишлаган, ўша йили бир  гуруҳ рус олимлари келиб, бир неча кун текшириш ўтказган экан, аммо, натижасини ҳеч ким билмаган".  "Қоработир" қишлоғига қўшни "Равот" қишлоғида яшовчи Суннат Акрамов   болалигидаги воқеаларни шундай эслайди: "Ленинграддан олимлар келишибди, бориб  кўрдик, "Тоҳир ва Зуҳра"даги қабрларни кавлаб, қадимий  қилич  ва хум топишиб, олиб кетишди", - деган гапларни эшитдик, у пайт ёш бола эдик".  

Тоҳир ва Зуҳраларнинг қабри Оқдарёда   дейишимизга яна бир асосий илмий манба  бор. Маълумки, ҳақиқатан ҳам  достон воқеа-лари юз берган даврларда "Зарафшон"             (Қуҳак) дарёси Қаттақўрғон ва Бухородан   оқиб ўтиб , Амударё (Жайҳун)га  қуйилган. Амударё Хоразм орқали оқиб бориб Орол денгизига қўшилган. Бу ҳакда XV асрда яшаган   тарихчи ҳофиз Абру ҳамда археолог  олим Яҳё   Ўуломов тадқиқотларига яна бир бор таянамиз. Демак, Окдарёдан оқизилган  сандиқ  Хоразм диёрига етиб боришига тўлиқ ишонч  бор. Тоҳир ва Зуҳраларнинг ҳақиқий қабри  бизнинг маҳаллада дейишимизга яна бир далил борки, бу  этник жиҳатдан  асло инкор этиб бўлмайдиган далил, чунки, биздаги "Тоҳир ва Зуҳра" қабристони "Қоработир" қишлоғида жойлашган. Қишлоқнинг номи эса, достон яратилган асрлар билан тенгдош. Қоработирнинг отаси бош вазир Қорабаҳодир ёлғиз ўғлининг  фожиали вафотидан кейин қайғуда қолади     ва туғилган қишлоғини ўғлининг номи билан   аталишини буюради. "Қоработир" қишлоғи  Окдарёнинг соҳилида жойлашган.

"Қоработир" қишлоғида яшаган Мунаввар  момо суҳбатимиз чоғида ҳар доим "Менинг   катта онамнинг айтишича, уларнинг олтинчи  авлоди Зуҳра яшаган саройнинг канизакларидан бири бўлган экан", дейдилар. Шу қишлоқ фарзанди, Улуғ Ватан Урушининг қатнашчиси, Эшпўлатов Муртазо бобо қабристоннинг тарихини саккиз юз йилларга тенг деб таърифлайдилар. Бу саналар Зарафшон ва достон муштараклигининг иккинчи даври  яъни XIV асрнинг охирларига мос келади. Достонда кўрсатилган "Ўзжан" шаҳрининг  тарихини, ҳозирги ўрнини тарихчиларимиз  ўрганмокдалар. Мунаввар момо эса бу жойни "Бахт" шаҳри деб аталганлигини эслайдилар. Ҳар иккала ҳолда ҳам қадимда қабристон   атрофида катта шаҳар бўлганлигининг белгилари бор. Қабристон четидаги ерлар ҳайдалганда, чопиқ қилаётган чоғларимизда сопол   идишларнинг синиқлари, кўзаларнинг балдоқ- лари ёки тегирмон тошлари, ишлов берилган ясси пишиқ ғиштларни топиб оламиз.  Ҳатто колхозчи қизлардан бири тилла эски нақшли узук ҳам топиб олган,- дейишади  қишлоқ қизлари. Хуллас, ҳамқишлоқларимиз  гувоҳ  бўлган бу воқеаларнинг  барчаси "Тоҳир ва Зуҳра" достони воқеаларини, асар қаҳрамонларининг такдирини Окдарё замини билан боғлайди.    

Мен журналистик фаолиятим давомида  шундай бир ҳаёт тажрибасининг тасдиғига  амин  бўлдимки, ҳар бир қилинаётган эзгу ва  савобли ишнинг, ташаббуснинг ортида бир  ёки бир неча шахснинг заҳматли меҳнати  туради. Ташаббускорларнинг ичида лоақал  бир киши чекинмайдиган, курашчан  ва ғайратли бўлган такдирдагина ўша таклиф, ғоя  амалга ошади ва муаммолар ечим топади. Туман газетасининг муҳаррири  сифатида  рўзномамиз  саҳифаларида  чоп  этилган  "Тоҳир ва Зуҳра" қабристони, достони, зиёратгоҳлари тўғрисидаги илмий-бадиий мақолаларни ўрганар эканман, ҳар доим маълумотларнинг аксарияти юртдошимиз, Ўзбекистон  Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, шоира Ойгул Маматованинг ташаббуси билан нашрга   тайёрланганлигининг гувоҳи бўламан. Яқинда Ойгул билан таҳририят ходимлари биргаликда Қашқадарё вилоятининг Ғузор тумани,  Қовчин қишлоғида жойлашган "Тоҳир ва Зуҳра" зиёратгоҳига сафар қилиб қайтдик. Ойгулнинг "Тожмаҳални қизғонаман" деган  фикрини жуда кўп муҳокама қилганмиз, жумладан,   "Тоҳир ва Зуҳра" қабристонининг  қаерда жойлашгани ҳам жуда кўп баҳс мунозараларга   сабаб бўлмокда, унинг мулоҳазасига кўра, "Тожмаҳал" ҳам "Тоҳир ва Зуҳра"нинг меваси, чунки уни Бобурийлар сулоласи кашф этган. Муҳаммад Бобур эса, Мавоуннаҳр фарзанди,  "Тоҳир ва Зуҳра"лар  юртида  туғилган. "Тожмаҳал бизда қурилиши мумкин эди, - дейди   у тақдири азални койиб.

Албатта, дейман қалбимда туғилган миллий ғурур ва ифтихор билан, ахир, бизнинг   ҳам  "Тож маҳал" қуришга арзигулик Тоҳир ва Зуҳроларимиз - миллий қаҳрамонларимиз,   достонимиз бор. Қолаверса, мелодимиздаги   барча оғзаки, ёзма адабиёт намуналари, муҳаббат достонларининг илдизлари Маворауннаҳрдан, "Тоҳир ва Зуҳра"лардан бошланади. Аммо, уларнинг номини  абадийлаштириш   учун чиндан ҳам "Муҳаббат" қасри, зиёратгоҳи    қуриладиган бўлса, у қаерга қурилади?   Уларнинг ҳақиқий қабрлари қаерда? Қовчиндами?   Хоразмдами? Андижон ёки Бухородами? Намангандами? Хуллас, қаерда  "Тоҳир ва Зуҳра"ларнинг қабри бор  бўлса, барчасини севишимиз, тарихини ўрганиб, обод қилмо-         ғимиз лозим.

- XVII асрдаги Саид Муҳаммад Сайёдий   яратган достоннинг илк матнидан сўнг "Тоҳир ва Зуҳра"  достонининг  бир неча вариантлари адабиётимизда кашф этилди. Шоир Мулланафас айни шу номда достон яратди. Шунингдек, Собир Абдулла "Тоҳир ва Зуҳра"  мусиқали драмасини (1938 йил) ёзди. «Ўзбектелефильм» киностудияси шу номда кинофильм (1945 йил)  яратди.  2015 йилда ўзбек  халқининг муҳаббат достонлари мавзусида  яратилган биринчи бадиий кинофильмнинг  70 йиллиги нишонланди.  

Туманимиздаги "Тоҳир ва Зуҳра" қабристони ва достони ҳамда Окдарё қадамжолари  тарихини ўрганиш бўйича устозимиз Ният Худойбердиев жуда кўп маълумотлар йиғди   ва туман газеталарида  чоп этилди. Вилоятимизнинг "Зарафшон" газетаси мухбири   Убай Қодир Тоҳир ва Зуҳранинг Окдарёдаги  қабрлари" (2001 йил 5 май сони) мақоласида  "Тоҳир ва Зуҳра" қабристони Окдарё туманида эканлиги ва достоннинг тарихи ҳақида қизиқарли маълумотлар келтиради. Аммо,  юқорида айтиб ўтилган ижобий ишларни   эътироф этган ҳолда танқидий фикрларимни  ҳам айтишим лозимки, маданият ва санъатимиз, адабиётимизда, матбуот саҳифаларида   "Тоҳир ва Зуҳра" достонига, унинг қаҳрамонлари талқинига бугунги кунда эътибор кам.   Ваҳоланки, баъзи, бизга пеш, намуна қилиб   ойнаи экранда такрор-такрор кўрсатилаётган  чет эл кинофильмларидаги  севишганлар образлари, муҳаббат достонлари олдида ўзимизнинг миллий қаҳрамонларимиз Тоҳир ва   Зуҳраларнинг сиймоси, севги, вафоси,  садо-қати минг чандон ортиқроқдир. Афсуски, бир   неча йиллардан буён театрларимизда "Тоҳир ва Зуҳра" драмаси қўйилганлигини эшитмадим. Аҳён-аҳёнда телевидениеда "Тоҳир ва Зуҳра" кинофильмининг оқ-қора тасвирдаги   намойишини кўрамиз холос, ваҳоланки, бу  фильм ҳар томондан жуда чиройли ишланган, наҳотки, ҳозирги техника асрида шу фильмни рангли тасвирини яратиш қийин бўлса? 

"Тоҳир  ва Зуҳра"  достонининг  энг сўнгги  нусхалари Раҳматулла  Юсуф (2004 й.), Мулланафас (2010 й.), Зоҳир шоир (2011 й.) нашрларининг нусхаси кам бўлганлиги сабабли туман ва қишлоқларгача етиб келмаган,   кутубхоналардан тополмайсиз, таълим муассасаларидаги дарсликларга киритилмаган. 

Саволингизга жавобим сўнгида ўзбек   достончилиги, бахши ва оқинларимизнинг   фаолиятлари ҳакида ҳам таклиф, мулоҳазаларимни билдирсам. Анча йиллар олдин   Ўзбекистон телевидениесида, узр, номи ёдимдан  кўтарилган,  қозоқ   оқинининг   "Манас"ни ижро этаётгани намойиш этилган   эди. Ўшанда  достон сюжетининг интиқоси    ўлароқ, ундаги овоз, оҳанг, нола, ҳаракат, кўтаринки руҳ, жанговарлик кайфиятлари, оқиннинг кўзларидан оқаётган ёшлар  ҳамон  ёдимдан чиқмайди.  Нега бизнинг бахши,  оқинларимиз "Тоҳир ва Зуҳра"ни, "Гўрўғли"ни,  "Авазхон"ни,  "Алпомиш"ни  ўша даражада   куйламайдилар? (агар мен бехабар бўлсам, узр сўрайман) "Тоҳир  ва Зуҳра" хиёбонларида, айниқса, биз - оилавий  орзу қилиб тузган   лойиҳамизда режалаштирилган «Муҳаббат» қасрида  бахшиларнинг базмларини, шоир,   ёзувчиларнинг анжуманлари, энг муҳими дос-тончиларимизнинг, Наврўз анъаналарининг    ўтказилишини жуда истайман. Лойиҳада   жуда улкан ишларни, қурилишларни, миллий   меъморчилигимизга мос биноларни чизганмиз. Иншааллоҳ, ҳомий топилиб қолар? 

Ҳамюртимиз шоира Ойгул Маматованинг   дилидаги  ана  шундай эзгу  ва савоб ишларни  тинглаб, "Тоҳир ва Зуҳра" зиёратгоҳини ободонлаштириш лойиҳасининг  қанчалик  катта-кичиклиги, арзон ёки қимматлигидан  қатъий назар, албатта, амалга оширилишини  истадим ва ишондим, чунки бу тарихий жой   туман ҳокимининг қарори билан халқаро   "Олтин Мерос" жамғармаси туман бўлими    тасарруфига олинган. Жумладан, Оқдарё  туман ҳокимининг қарорида  шундай дейилган:   "Ўзбекистон" жамоа хўжалиги  ҳудудида  жойлашган "Тоҳир ва Зуҳра" қабристонини тиклаш, таъмирлаш, зиёратгоҳ  ва қадамжоларга айлантириш чора-тадбирлари кўрилсин.   Зиёратчилар учун тўғри илмий-маърифий    тушунча бера оладиган кишилар  масъул этиб   тайинлансин. Зиёратгоҳдан туризм мақсадларида фойдаланиш чоралари кўрилсин, улар   ҳақида маълумотлар тайёрлансин". Қарор қабул қилингандан  сўнг туман ҳокими Н. Аҳмедов ва  "Ўзбекистон" жамоа  хўжалиги раиси   Б. Қорабоевлар ишонч  билан бундай масъулиятли вазифани олий маълумотли филолог,   ушбу  жамоа хўжалигида  қатор йиллар маданият ишлари бўйича  раис муовини бўлиб   ишлаган, "Тоҳир  ва Зуҳра" қабристони ва  достони тарихини  яхши биладиган, қолаверса, 1990-1995 йилларда   туманимиз  хал-қи томонидан   юксак  ишонч  билан Ўзбекистон Республикаси Халқ депутатлигига сайланиб, Олий Кенгашнинг маданият-маориф   ва ошкоралик  доимий қўмиталарида фаолият кўрсатган ҳамютрлари Ойгул Маматовага    ишонч билан топширдилар. Оталиқ ташкилот  этиб унинг фермер хўжалиги беркитилди. Ушбу  қарор  сабабли "Қоработир" қишло-    ғида "Тоҳир ва Зуҳра" фермер хўжалиги  ташкил этилиб,  1 гектар боғ барпо этилди. 


(Давоми бор).


Йўлчи МУҲАММАДИЕВ,

Ўзбекистон журналистлари ижодий Уюшмаси аъзоси, «Йилнинг энг фаол журналисти» республика ғолиби.