МЕРОС ҲУҚУҚИ ВА ВОРИСЛИК

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 182-моддасига кўра, мол-мулкни мерос қилиб олиш - мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асосларидан биридир.
Мулк ҳуқуқи бирор бир шахснинг ўзига тегишли бўлган мол-мулкига ўз хоҳиши билан ва шахсий манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф қилиш, шунингдек, ўз мулк ҳуқуқининг ҳар қандай бузилишини ҳимоя этилишини талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир.
Шунингдек, мулк ҳуқуқи муддатсиздир ва мулкнинг авлоддан-авлодга ўтиши табиийдир.
Мерос ҳуқуқи фуқаронинг вафот этиши ёки уни суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши билан очилади.
Мерос шахс вафотидан кейин унинг бошқа шахсга ўтиши мумкин бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларидан иборат, яъни фуқарога хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган уй-жой, автомашина ва бошқа мол-мулклар эмас, балки шу мол-мулкка нисбатан бўлган ҳуқуқи, яъни мерос қолдирувчига тегишли бўлган хусусий мулк ҳуқуқи, кредит муассасаларида сақланаётган омонатларга бўлган ҳуқуқ, мулк билан боғлиқ бўлган айрим номулкий ҳуқуқлардан ва мажбуриятлардан келиб чиқадиган талаб қилиш ҳуқуқи, деҳқон хўжалиги ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи мерос объекти сифатида мерос таркибига киради. Бундан ташқари мерос қолдирувчининг бошқа жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан бўлган ҳар хил қонуний талаби хам мерос таркибига киради. Масалан, мерос қолдирувчи олиши лозим бўлган, лекин ололмай қолган иш хақи.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 210-моддасига кўра, белгиланган тартибда ажратиб берилган ер участкасида қурилган уй-жойга мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб, давлатга қарашли уй-жой (квартира)га мулк ҳуқуқи қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда хусусийлаштириш натижасида вужудга келади. Мерос қолдирувчига қонуний асосларда тегишли бўлган мулк кириши туфайли, ўзбошимчалик билан қурилган ёки тегишли тарзда расмийлаштирилмаган иморатлар мерос таркибига фақат марҳумнинг мазкур иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқи белгиланган тартибда эътироф этилганда киритилади. Ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой ва бошқа биноларга мулк ҳуқуқи вужудга келмаган ҳолларда, мерос ҳуқуқининг объекти бўла олмайди.
Мерос ҳуқуқи мерос қолдирувчилар ўз мулкига нисбатан ўзининг вафотидан кейинги хоҳиш иродасини, шу билан бирга унинг ҳаётлик вақтида мерос қолдирилаётган мол-мулкка нисбатан бўлган муносабатини ўзининг номидан васиятнома расмийлаштириш йўли билан тартибга солади.
Ворислик ҳуқуқи эса вафот этган шахснинг мол-мулкининг ворисларга ўтиши билан боғлиқ бўлган қонуний нормалар йиғиндиси бўлиб ҳисобланади.
Мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган мерос қолдирувчи билан қариндошлик муносабатларида бўлган шахслар қонун бўйича меросхўрлар доирасига киради, ва қариндошлик доирасига қараб, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1135-1141-моддалари талабларига мувофиқ ворисликка чақириладилар.
Жамшидхон САДУЛЛАЕВ,
Халқ депутатлари туман кенгашининг депутати, Оқдарё туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус.
Мавзуга оид: