ЖИСМОНИЙ ВА ЮРИДИК ШАХСЛАРНИНГ МУРОЖААТЛАРИ БИЛАН ИШЛАШ ҚОНИҚАРЛИМИ?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Оқдарё туманидаги Халқ қабулхонаси, секторлар, тумандаги корхона ва ташкилотлар раҳбарларининг мурожаатлар билан ишлаш ҳолати умумлаштирилиб, таҳлил қилинганда, қуйидагилар маълум бўлди.
2021 йилда жисмоний ва юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Оқдарё туманидаги Халқ қабулхонасига 1630 та турли масалалар юзасидан мурожаатлар келиб тушган бўлиб, мурожаатлар асосан моддий ёрдам ва ҳомийлик, уй-жой билан таъминлаш ва уй-жойини таъмирлаш, кредит олиш, иш билан таъминлаш, газ, электр энергияси ва сув таъминоти, уй-жойга эгалик ҳуқуқини тиклаб бериш каби масалалардаги мурожаатлардир.
Ушбу келиб тушган мурожаатлар секторлар кесимида таҳлил қилинганда:
1- сектор ҳудудидан 405 та мурожаат келиб тушган, шундан 364 таси, яъни 90 фоизи қаноатлантирилган. 
2- сектор ҳудудидан 205 та мурожаат келиб тушган, шундан 179 таси, яъни  87 фоизи қаноатлантирилган.
3- сектор ҳудудидан 539 та мурожаат келиб тушган, шундан 419 таси, яъни  78 фоизи қаноатлантирилган.
4- сектор ҳудудидан 481 та мурожаат келиб тушган, шундан 372 таси, яъни  77 фоизи қаноатлантирилган.
Кўриниб турибдики, 3 ва 4- секторлар худудидан келиб тушаётган мурожаатлар сони кўпайиб бормоқда, лекин қаноатлантириш даражаси ҳам бошқа секторларга қараганда паст натижа кўрсатмоқда. Шу сабабдан шу ҳудудларда яшовчи фуқаролар томонидан кўп ва такрорий мурожаатлар сони кўпайиб бормоқда. 
Мурожаатлар билан ишлашда камчиликларга йўл қўйган шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича Халқ қабулхонаси томонидан берилган тақдимномалар сони 44 тани ташкил этиб, ушбу таклифлар асосида 44 нафар масъулларга нисбатан туман прокуратураси томонидан тегишли чоралар кўрилган. Шундай таъсир чоралари кўрилишига қарамасдан, тумандаги айрим ташкилот раҳбарлари ва масъуллари тегишли хулоса чиқаришмаяпти. 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-2721-сонли Қарори қабул қилиниб, ушбу Қарорда "Мурожаатлар билан ишлашда икки асосий мезон яъни муддат ва сифат мезонларига риоя қилишлари, фуқароларнинг мурожаатларини қисқа муддатда синчиклаб кўриб чиқишлари ва ҳал этишини таъминлаш шарт"лиги кўрсатилган.
Бироқ, мурожаатларда кўтарилган масалаларни ваколатли ташкилотлар томонидан кўриб чиқилиши талаб даражасида эмаслиги натижасида Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонуни талабларини қўпол равишда бузилишига ва Халқ билан мулоқотларни самарали ташкил этиш ва фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизимида ноқулайликларга ҳамда фуқароларнинг мурожаатларини такрорийлиги кўпайиб боришига сабаб бўлмоқда. 
Жумладан, АТБ Агробанк Оқдарё филиали томонидан Бошдархон МФЙ Бошдархон қишлоғида яшовчи фуқаро Узоқов Обиднинг мурожаати муддатини 30 кундан зиёд муддатга, фуқаро Баратова Умиданинг мурожаати муддатини 30 кундан зиёд муддатга, Пичоқчи МФЙ Карки қишлоғида яшовчи фуқаро Ҳусанов Темурбекнинг мурожаати муддатини 15 кундан зиёд муддатга ҳамда Чорбоғ МФЙ, Зарафшон қишлоғида яшовчи фуқаро Тоштемирова Гулноранинг мурожаати АТБ Агробанк Оқдарё филиали масъул ходимлари томонидан муддатини 30 кундан зиёд муддатга, Қонуннинг 28-моддасида қўйилган талабларни қўпол равишда бузилишига йўл қўйилган.  
Бундан ташқари, АТБ Агробанк Оқдарё филиалида мурожаатлар билан ишлаш ҳолати тизимли йўлга қўйилмаган, мурожаатларни номигагина, кўр-кўрона қилиб ёпиб юбориш ҳолатларини учратиш мумкин.
Масалан, Истиқлол МФЙ Сарка қишлоғида яшовчи Баратова Умиданинг мурожаатига ўз вақтида жавоб бермасдан, муддатини бузгани етмаганидек яна жавоб хатини ўрнига Наврўз МФЙ Зарафшон кўчаси 7-уйда яшовчи фуқаро Усмонов Сайдиолимнинг аризасини жавоб хати сифатида кўзбўямачилик қилиб, Виртуал қабулхонага бириктириб, электрон базага жавоб хатини АТБ Агробанк бошқарувчиси Д.Толлиев имзолаган, деб маълумот киритилган. Бундан кўриниб турибдики, АТБ Агробанк Оқдарё филиали бошқарувчиси мурожаатларга бепарволик ва совуққонлик билан қараб келмоқда.  
Шунингдек, Микрокредитбанк Лойиш филиалига фуқаро Райимқулов Нодиржоннинг мурожаати амалдаги қонун талаблари асосида мазмунан ҳал этишлик учун юборилган бўлсада, ариза муддатини 30 кундан зиёд муддатга, Қонуннинг 28-моддасида қўйилган талабларни қўпол равишда бузилишига йўл қўйилган. 
Туман электр тармоқлари корхонасига фуқаро Баҳромова Нилуфарнинг мурожаати амалдаги қонун талаблари асосида мазмунан ҳал этишлик учун юборилган бўлсада, ариза муддатини 30 кундан зиёд муддатга, Қонуннинг 28-моддасида қўйилган талабларни қўпол равишда бузилишига йўл қўйилган.
Туман Бандликка кўмаклашиш марказига Ойтамғали МФЙ Пилол қишлоғида яшовчи фуқаро Муҳаммадиева Эъзозанинг мурожаати амалдаги қонун талаблари асосида мазмунан ҳал этишлик учун юборилган бўлсада, ариза муддатини 25 кундан зиёд муддатга, Қонуннинг 28-моддасида қўйилган талабларни қўпол равишда бузилишига йўл қўйилган. 
Туманда истиқомат қилувчи фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларнинг катта қисмларидан бири бу маиший газ баллон билан таъминлаш масаласи бўлиб, Оқ-дарётумангаз филиалига ушбу масаладаги мурожаатлар амалдаги қонун талабларига риоя қилган ҳолда фуқароларга амалий ёрдам бериб, мурожаатларини ижобий ҳал этиш учун юборилаётган бўлсада, Оқдарётумангаз филиали масъул ходимлари фуқароларнинг мурожатларини ҳал этилишига эмас, балки қандай йўл билан бўлмасин, мурожаатларни ёпишга ҳаракат қилиб келаётганлиги каби ҳолатлари учрамоқда. 
Масалан, Ўзбекистон МФЙ Қозахўжа қишлоғида яшовчи Нуруллаев Ўлмаснинг маиший газ баллон билан таъминлаш масаласида қилган мурожаати Оқдарётумангаз филиали масъуллари томонидан мана шу тарзда: "Маиший газ баллонлар навбат асосида берилаётганлиги сабабли, маиший газ баллони олиши учун тегишли ҳужжатларини тайёрлаб, топширгандан сўнг навбатга қўйилиши ва шундан кейин навбат асосида хонадонига маиший газ баллон берилиши мумкин" тарзидаги жавоб хатини бериш билан чекланган. Натижада фуқаро тушунтириш хати ёзишдан ҳам, далолатномага имзо қўйишдан ҳам бош тортмоқда. Мурожаатни ўрганиш натижасидан қониқиш ҳосил қилмаган фуқаро яна ва яна такрорий мурожаат қилишга мажбур бўлади. 
Примкент МФЙ Примкент қишлоғида яшовчи Метанова Садоқатнинг газ баллон билан таъминлаш масаласида қилган мурожаати Оқдарётумангаз филиали масъуллари томонидан яшаш хонадонига бориб, расмга тушиш учунгина оқ қоғозга нималарнидир ёздириб олганлиги, расмга тушишда ёзиб турган тушунтириш хати аслида йўқ нарса эканлиги маълум бўлди. Мана шу тарзда "Маиший газ баллонлар навбат асосида берилаётганлиги сабабли, маиший газ баллони олишингиз учун тегишли ҳужжатларингизни тайёрлаб, топширганингиздан сўнг навбатга қўйилишингиз ва шундан кейин навбат асосида хонадонингизга маиший газ баллон берилиши мумкин" деган жавоб хати бериш билан чекланган. Берилган жавоб хатлари 21.01.2022 йил Почта бўлими орқали юборилганлиги тўғрисида почта квитанцияси бор бўлсада, бугунги кунга қадар фуқарога етиб бормаган. Натижада фуқаро тушунтириш хати ёзишдан ҳам, далолатномага имзо қўйишдан ҳам бош тортмоқда. Мурожаатни ўрганиш натижасида қониқиш ҳосил қилмаган фуқаро яна такрорий мурожаат қилишга мажбур бўлади.
Ушбу ҳолатларни олдини олиш мақсадида Оқдарётумангаз раҳбари ва масъуллар томонидан фуқароларнинг маиший газ баллони олиши учун ёки навбатга қўйилиши учун тўлиқ тушунтириш ишларини олиб бориш ва керакли ҳужжатларни ўша заҳоти қабул қилиб олиб, навбати қачон, нечанчи рақам билан навбатга қўйилди, ҳозир нечанчи рақамдаги фуқаролар газ баллон билан таъминланмоқда, фуқаронинг навбати қачон келиши, каби саволларига аниқ ва тўғри тушунтиришлар берилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Энг асосийси, кўплаб фуқароларнинг розилиги олинган бўларди ва мурожаатларни такрорийлигини кўпайишини олди олинган бўларди. 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги Халқ қабулхонаси ва тумандаги 4 та секторлар раҳбарлари билан келишилган график жадвал асосида жойларда оммавий сайёр қабуллар ҳамда ёшлар учрашувлари белгиланган тартибда ўтказилиб келинмоқда. Ўтказилиб келинаётган сайёр қабул ва ёшлар учрашувларида келиб тушаётган мурожаатлар тегишлилиги бўйича ташкилотларга хат орқали юборилмоқда. Оқдарё туман ҳокими, 1-сектор раҳбари Ш.Қудратов раҳбарлигида ўтказилиб келинаётган қабуллардаги барча мурожаатларнинг ижроси  ўз вақтида таъминланиб келинмоқда. Бироқ, 2, 3, 4- сектор раҳбарлари томонидан ўтказилиб келинаётган сайёр қабулларда келиб тушган мурожаатларни айрим ташкилот раҳбарлари ўз вақтида кўриб чиқмасдан, асоссиз равишда белгиланган муддатларини бузиб, фуқаролар ўртасида сектор раҳбарларига нисбатан ишончсизлик руҳини пайдо бўлишига шароит яратиб бермоқда. 
Масалан, туман прокурори, 2-сектор раҳбари томонидан ўтказилган Ёшлар билан учрашувда келиб тушган Оқдарё тумани 2-сектор ҳудудига қарашли Бошдархон маҳалласида яшовчи 2004 йилда туғилган Мустафоқулов Саидмуроднинг "Қуёнчиликни ривожлантириш" бўйича имтиёзли кредит олиш масаласида 13.01.2022 йилда қилган мурожаати АТБ Агробанк Оқдарё филиалига юборилган бўлсада, мурожаат муддатини асоссиз равишда 38 кун муддатга бузилишига йўл қўйган ва бугунги кунга қадар фуқаронинг мурожаати бўйича жавоб хати берилмаган.
Шунингдек, туман прокурори, 2-сектор раҳбари томонидан ўтказилган Ёшлар билан учрашувда келиб тушган 2- сектор ҳудудига қарашли Чорбоғ-2 маҳалласида яшовчи 1995 йилда туғилган Исмоилов Абдураҳмоннинг "Уй-жойини кадастр қилиш" бўйича 20.01.2022 йилдаги қилган мурожаати Оқдарё туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимига юборилган бўлсада, мурожаат муддатини асоссиз равишда 30 кундан ортиқ муддатга бузилишига йўл қўйган ва бугунги кунга қадар фуқаронинг мурожаати бўйича жавоб хати берилмаган. 
Бундан ташқари, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири ётишини, инсон қадрини улуғлаш тамойилини ўйламайдиган, фуқаролар мурожаатларига совуққонлик билан қараб, сектор раҳбарларининг сайёр қабулларида келиб тушган мурожаатларга ҳам ҳурматсизлик билан қараб келаётган ташкилот раҳбарларини ҳам учратиш мумкин.
Масалан, Оқдарё туман прокурори, 2-сектор раҳбари томонидан ўтказилган сайёр қабулда келиб тушган 2-сектор ҳудудига қарашли Бозоржой маҳалласида яшовчи Исмоилов Давлат Абдухалиловичнинг "Маҳалладаги таъмирталаб симёғочларни янгисига алмаштириш" бўйича 21.01.2022 йилдаги қилган мурожаати Оқдарё туман Электр тармоқлари корхонасига юборилган бўлсада, мурожаат муддатини асоссиз равишда 30 кундан ортиқ муддатга бузилишига йўл қўйган ва бугунги кунга қадар фуқаронинг мурожаати бўйича жавоб хати берилмаган. 
Шунингдек, туман прокурори, 2-сектор раҳбари томонидан ўтказилган сайёр қабулда келиб тушган 2-сектор ҳудудига қарашли Бошдархон маҳалласи Қирқдархон қишлоғида яшовчи Муродова Ўктамойнинг "Ишга жойлаштириш" масаласида 28.01.2022 йилдаги қилган мурожаати туман Банкдликка кўмаклашиш марказига юборилган бўлсада, мурожаат муддатини асоссиз равишда бузилишига йўл қўйган ва бугунги кунга қадар фуқаронинг мурожаати бўйича жавоб хати берилмаган. 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора тадбирлари тўғрисида"ги Фармонининг талабларига кўра, "Давлат органлари, хўжалик бошқарув органларининг раҳбарлари, мансабдор шахслари, барча даражадаги ҳокимлар, жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларини Халқ қабулхоналари томонидан ташкил этиладиган қабулларни мунтазам ўтказиб боришлиги" белгилаб қўйилган. 
Шунингдек, ушбу Фармон асосида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг туманлар ва шаҳарлардаги Халқ қабулхоналарида иш юритиш бўйича Йўриқномасининг 9-моддасида "Халқ қабулхонасида мурожаат этувчиларни давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг раҳбарлари томонидан қабул қилиш жадваллари ишлаб чиқилади ва уларнинг ижроси таъминланади" деб кўрсатилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Фармони ижросини таъминлаш мақсадида, Халқ қабулхонаси томонидан тумандаги давлат органлари, хўжалик бошқарув органларининг раҳбарларининг жисмоний ва юридик шахслар вакилларини Халқ қабулхонасида график асосида қабул қилиш учун жадвал ишлаб чиқилган ва тумандаги давлат органлари, хўжалик бошқарув органларининг раҳбарларига берилган. 
Ушбу Фармон ижроси фақатгина туман ҳокими, 1-сектор раҳбари ҳамда туман прокуратураси ходимлари томонидан бажарилиб келинмоқда. Афсуски, тумандаги 3,4- сектор раҳбарлари ҳамда рўйхатда келтирилган барча ташкилот раҳбарлари юқорида қайд этилган Фармон талабларини бажармасдан яъни белгиланган кунларида Халқ қабулхонаси томонидан ташкил этилган қабулларни ўтказмасдан келмоқда.
Бундан ташқари, ташкилот раҳбарлари мансабдор шахс сифатида Халқ қабулхонаси қабулларида иштирок этиши шарт бўлган навбатчи ходим иштирокини ҳам таъминлашдан бош тортиб келмоқда. Ташкилот раҳбарлари томонидан Президент Фармони талабларини бажармаётганлиги сабабли туманда аҳоли билан тўғридан тўғри мулоқотни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилган ишларни самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда ва мурожаат этувчилар томонидан билдирилган муаммоларни дарҳол, ўз жойида ва ижобий ҳал этишга тўсқинлик қилмоқда.
А.ИГАМБЕРДИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
 Президентининг Оқдарё туманидаги Халқ қабулхонаси мудири.