"БАҲОР КЕЛДИ СЕНИ СЎРОҚЛАБ…"

1 март - Ўзбек халқининг севимли шоираси, таниқли жамоат арбоби Зулфия Исроилова таваллуд топган кун
Ўзбек халқининг севимли шоираси, таниқли жамоат арбоби Зулфия Исроилова 1915 йил 1 март куни Тошкентда ҳунарманд оиласида туғилган. Шоира хотин-қизлар билим юртида ўқиган вақтларидаёқ (1931-1934) адабий тўгаракларда шеърлар машқ қила бошлади. 1935-1938 йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институти аспирантурасида таҳсил олди.  Сўнгра 1938-1948 йилларда Болалар нашриётида муҳаррир, Ўзбекистон Давлат нашриётида бўлим бошлиғи, 1950-1953 йилларда эса "Ўзбекистон хотин-қизлари" ("Саодат") журналида бўлим бошлиғи. 1953-1980 йилларда эса бош муҳаррир бўлиб ишлади. Зулфия 17 ёшида ёзган "Ҳаёт варақлари" (1932) биринчи шеърлар тўплами билан Ойдин, Музайяна Алавия, Хосият Тиллахоновалар сафига кириб келди. Зулфиянинг ижодий камолотида ўзбек ва рус мумтоз адабиёти, халқ оғзаки ижодиёти ва жаҳон адабиёти анъаналарининг роли бениҳоя бўлди. Шоира    "Шеърлар" ва "Қизлар қўшиғи" (1938) каби поэтик асарларини она-Ватан ва унинг дала, чўлларида меҳнат қилаётган пахтакорлар, механик, тракторчи қизларнинг қайноқ ҳаётларига бағишлайди. Айни чоғда мазкур тўпламлардаги шеърлари шоиранинг шеърий маҳорат сирларини эгаллаётган даврини характерловчи асарлар сифатида ҳам муҳим эди. Уруш даврида шоиранинг "Уни Фарҳод дер эдилар" (1943), "Ҳижрон кунларида" (1944) каби тўпламларининг нашр этилиши Зулфиянинг пешқадам шоирлар қаторига дадил кириб келаётганлигидан нишона эди. Тўпламдаги  шеърлар ватанга муҳаббат, душманга нафрат ва ғалабага ишонч руҳида яратилганлиги билан характерлидир. Зулфиянинг "Менинг Ватаним", "Қўлимда қуролу устимда шинель", "Бизни кут" каби умидбахш шеърлари уруш даври ўзбек шеъриятининг жанговар руҳини ифодаловчи асарлар қаторидан ўрин олган. Шоиранинг урушдан сўнгги йилларда ёзилган "Далада бир кун" (1948), "Тонг қўшиғи" (1953) каби бир қатор шеърлар туркуми, "Мен тонгни куйлайман", "Юрагимга яқин кишилар" (1958), "Куйларим сизга" (1965) тўпламларида Ватан мадҳи, меҳнат жараёнида фидокорлик кўрсатаётган кишилар ҳаёти жўшиб куйланади. Уни "Сўроқлайди шоирни шеърим" (1960), "Ойдин" (1953), "Қуёшли қалам" (1967) каби очерк ва достонлари Ҳ.Ҳакимзода, Ойбек, Ойдин, Ҳамид Олимжон каби устозларнинг ёрқин хотираларига бағишланган. Зулфия Ҳ.Олимжоннинг "Семуруғ", "Зайнаб ва Омон" достонлари асосида пьеса ва опера либреттосини ҳам яратган. Зулфия "Уйлар", "Шалола" каби шеърий мажмуалари учун Ҳамза номидаги республика Давлат мукофоти совриндори бўлган. Ҳинд мавзуидаги шеърлари учун Жавоҳарлал Неру номидаги халқаро соврин, тинчлик ва дўстликни тараннум этувчи асарлари ҳамда тараққийпарвар Осиё ва Африка ёзувчилари ҳаракатидаги фаол иштироки учун халқаро "Нилуфар" мукофотига сазовор бўлган.Шоира Ҳиндистон, Югославия, Шри Ланка, Миср, Бирма, Австрия каби мамлакатларда бўлди. У 1956 йилда Осиё ва Африка ёзувчиларининг Деҳлида ўтказилган биринчи конференциясида қатнашиб, машҳур "Мушоира" (1958) асарини яратди.Унинг шеърлари рус, инглиз, немис, ҳинд, болгар, хитой, араб, форс ва бошқа тилларга таржима қилинган. Шоира Некрасов, Лермонтов, В. Инбер, Леся Украинка, Эди Огнецвет, М. Дилбозий, Амрита Притам асарларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган. Атоқли шоира 81 ёшида, 1996 йил 1 августида вафот этган.
Ўзбекистон халқ шоираси Зулфия Исроилова ҳақида юракдан бир оғиз фикр билдириш ҳар бир китобхон учун ифтихордир. Зулфияхоним Зебунисо, Меҳри, Нодира, Увайсий, Анбар Отинлар ижоди давомчиси сифатида серқирра ижод йўли ва ҳаёт ибратини кўрсатиб ўтди. Борлиғини, жони-танини табиат тожи бўлмиш инсонга бағишлаб, унинг шодлигига шодлик, бахтига бахт қўшиш, дардига шерик, дил ярасига малҳам бўлишга интилиш, уни оппоқ тонг, порлоқ келажак сари етаклашга, бу йўлда муҳаббат ва вафо тимсолини кўрсатиб ўзбек аёлининг юрак нидосини намоён қилиб яшади. Аслида улуғлар хусусида фикр-туйғуларни батафсил айтиш осон эмас. Зулфия шеърияти инсон руҳи ва интилишлари, дард-ташвишлари, орзу-армонларига туташиб кетганлиги учун ҳам қадр-қимматини йўқотмай яшаб келмоқда. Халқ юрагида она юрт куйчиси, вафо, садоқат, меҳр тимсоли бўла олган шоирага умри давомида юксак мукофот ҳамда унвонлар берилгани бежиз эмас. Адабиётшунос, филология фанлари доктори, профессор С. Мамажонов шоиранинг "Шалола" тўпламига ёзган "Давр билан елкадош, халқ билан тақдирдош шеърият" номли сўзбошисида Зулфия шеърияти "Маънавий бой, руҳий тетик, ҳаётбахш ва мардона шеърият" дея таъриф беради. У "Келажак" деб номланган шеърида "Кечмишим ёлғиз бир алифбо - сабоқдай" деб ёзади ва унга умр бўйи амал қилиб ҳаётнинг тотли, ширин дамлари-ю, изтироб-аламлари, синовларига ҳам умид билан нозик халқона муносабат билдириб ижод қилиб яшади:
Не ёзсам туб-тубдан ҳаётга доир,
Инсоний қалбимнинг тебраниши ул.
Шоира ўз муҳаббатига содиқ. Турмуш ўртоғидан айро қолганида ҳижрон азобига дош бериб яшаётганини ҳамда бу айрилиқ уни қанчалик қийнаётганига қарамай "Сен тоқ эмас - икки торли соз, қўш қанотла қиласан парвоз", деб ўз ёрига ваъда беради. У ташқи оламдаги воқеа-ҳодисаларни ўз таржимаи ҳолига боғлиқ ҳолда умидворлик ҳисси билан англайди. Зулфиянинг узоқ йиллар "Саодат" журналида фаолият юритиб шогирдларига "оқ йўл" тилаб устоз даражасига кўтарилишини меҳри дарёлиги белгиси деб англаш жоиз. Унинг ҳар бир китобини мушоҳада қилиб ўқиб кўрсак, одамларнинг шодлиги ва ғамини ўзиникидек ҳис этиб, умр кечириб, ижод қилганига шоҳид бўламиз. Биргина "Мушоира" номли шеърининг ўзи шоиранинг келгуси шуҳрати ҳамда донолиги учун етарли эди, аммо шундай юзлаб шеърлари жаҳоннинг турли тилларига таржима қилиниб ўқилаётгани қувончлидир. Шу боис унга машҳур, таниқли давлат арбоблари, ижодкорлар баҳо берганлари, унинг назм мактаби йўлини давом эттираётганлари бежиз эмас. Зулфия ҳақида ёзилган шеър ва насрий хотираларнинг ўзи бир китобга сиғмаслиги аён. Рус адиби Н.Тихонов "Ўзбек поэзиясининг юлдузли осмонида замонамиздаги шоиралар орасида энг ажойиби, энг жозибали юлдузи Зулфиядир" деб ёзади. Бундай ёрқин фикрларни келтиришни яна қанча давом эттирсак эътиборга лойиқ. Ҳамид Олимжон вафотидан бир йил ўтиб, 1945 йилда Зулфия битган "Баҳор келди сени сўроқлаб..." шеъридаги хулосасига то сўнгги нафасигача амал қилади:
Ҳижронинг қалбимда, созинг 
                                    қўлимда,
Ҳаётни куйлайман, чекинар алам.
Тунлар тушимдасан, кундуз ёдимда,
Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен ҳам!
Зулфия одамлар ташвиши, бахту дардини куйлаб шу ниятга эришган элимиз ифтихоридир. Унинг ижоди халқ мулкига айланди ва абадиятга муҳрланди.
       Малика АБДУРАҲМОНОВА,
СамДУ филология факультетининг 3-босқич талабаси.
Мавзуга оид: