Ўзбек тилига эътибор - мустақилликка эътибор


Тарихдан маълумки, мустабид тузум даврида тилимизни йўқотишга кўп уринишлар бўлган эди. Лекин халқимиз ўз она тилини - миллий ғурурини сақлаб қолди. Миллатпарвар зиёлилар, тилимиз фидойиларининг жонкуярлиги натижасида 1989 йил 21 октябрь куни қабул қилинган қонунга асосан, ўзбек тили мамлакатимизда давлат тили мақомига эга бўлди.
Ушбу тарихий санадан ўттиз йил ўтиб бу борада яна бир қутлуғ қадам қўйилди. Президентимиз 2019 йил 21 октябрь куни "Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" фармон қабул қилди. Унга биноан 21 октябрь санаси юртимизда "Ўзбек тили байрами куни" деб белгиланди. Она тилимиз фидойилари, бутун халқимиз бу хушхабарни катта хурсандчилик билан қарши олди.
Президент она тилимизнинг давлат ва жамият ҳаётидаги таъсири ва мавқеини янада ошириш, "Давлат тили ҳақида"ги қонунни бугунги кун талабларидан келиб чиқиб такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади. Бу борадаги долзарб вазифаларни кўрсатиб ўтди.
- Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни, она ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз керак, - деди Шавкат Мирзиёев. - Бу олижаноб ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз, она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз керак.
Ҳадемай Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 32 йил тўлади. Шу ўтган давр ичида нималар ўзгарди? Нималар қилдигу қайси муаммолар бизни ҳамон қийнамоқда? Албатта ўзбек тилини ривожлантириш, унинг нуфузини ошириш борасида жуда кўп ишлар қилинмоқда. Лекин бизни қийнаётган, қаттиқ ташвишга солаётган муаммолар ҳақида ўйлар эканмиз, ушбу саволларга биргина сизу биз туғилиб ўсган мўъжазгина она юртимиз - сўлим Оқдарёнинг маркази ҳисобланган Лойишда жойлашган ташкилот ва муассасалар, турли хил тадбиркорлик  корхона ва дўконларидаги ёзувлар мисолида ҳам жавоб топиш мумкин. Ваҳоланки, биз бу мавзу бўйича туманимизнинг кўзгуси ҳисобланган "Оқдарё овози" газетаси орқали мунтазам равишда танқидий мақолалар бериб борилмоқда. Тўғри, хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли масъуллар томонидан бир қатор чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Лекин, очиғини айтганда, бу борадаги камчилик ва хатоларимиз батамом йўқотилгани йўқ. Аксинча, дўконлар пештоқидаги ва бошқа тадбиркорлик субъектларидаги пешлавҳалар, реклама ва эълонлардаги хатоликлар, чаласавод ёзувлар, давлат тилига риоя қилмаслик ҳолатлари кундан кунга кўпайиб бораётганлиги бизни ташвишга солади.
Газетамизнинг 2021 йил 20 май сонида "Давлат тилига эътибор шуми?" деб номланган танқидий мақола эълон қилинган бўлиб, унда туман "Истироҳат боғи" ҳудудидаги темир панжарага саводсизларча ёзилган "KAKANSKI SOMSA" ёзувидаги хатоликни бартараф этиш ҳақида фикр юритилган эди. Минг афсуски, орадан 2 ойга яқин вақт ўтган бўлсада, туманнинг қоқ марказида жойлашган Истироҳат боғидаги ушбу ёзувни олиб ташлаш ва бу камчилик бартараф этилганлиги ҳақидаги жавоб хатидан дарак ҳам йўқ. Буни қандай изоҳлаш мумкин? Қолаверса, дўконлар пештоқидаги, реклама ва эълонлардаги бу каби хато ва камчиликларни Лойиш марказида жойлашган дўконлар ва бошқа тадбиркорлик субъектларидан истаганча топиш мумкин. Масалан: "Аvto extiyot qisimlar", "PREMIYER", "SMAYLK", "ORZON MARKET OPTOM UN" сингари хато ва давлат тилига зид бўлган ёзувлар фикримизнинг исботидир. Ахир ўзлигимизни, маънавиятимизни, она тилимизга бўлган ҳурматимизни акс эттирувчи бу каби жиддий масалага бефарқ бўлишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ-ку!
Ўзбек тили бугунги кунда жаҳон миқёсида ўз ўрнига, обрў-эътиборига эга экан, нима учун ўз юртимизда етарлича қадр топмаяпти? Таъбир жоиз бўлса, саводсизликни акс эттирувчи ҳар қандай ёзувларни пешлавҳа қилиб "Мени кўрдингми?", дегандай ёки бўлмаса турли хил бачкана афишаларни илиб ташлаб "Ўзи хон, кўланкаси майдон" айрим "тадбиркор"- ларга республикамизда давлат тилида ҳужжат юритиш ва унга риоя қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлигини яна бир эслатиб қўйишни лозим деб ҳисоблаймиз.
Давлат тили тўғрисидаги қонунда белгиланган айрим сатрларни келтирамиз:
"Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва  бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкин".
Ўрни келганда шуни ҳам таъкидлаш керакки, бу  каби саводсизликка,  Давлат тилига бўлган ҳурматсизликка йўл қўяётган бундай кишиларга нисбатан кескин чоралар кўриш зарур. Ахир бир-бирини ҳақорат қилган, бир-бирига нисбатан ҳурматсизликда бўлган шахсларга нисбатан тегишли чора кўрилади-ку! Наҳотки, пешонасига ёзилган ёзувлардаги хато ва камчиликларини йиллаб тузатишни ўйлаб ҳам кўрмайдиган бундай қонунбузарларга нисбатан қатъий чоралар белгиланмаса?  
Хулоса қилиб айтганда, аждодларимиздан мерос бўлиб келган она тилимизни  турли хил иллатлардан асрамас эканмиз, миллатимиз ва маънавиятимиз келажагини хавф остида қолдирган бўламиз. Зотан, ўзбек тили - бу бизнинг бойлигимиз, ор-номусимиз, шаънимиз демак. Уни, энг аввало, ўзимиз асрашимиз, ҳурматлашимиз керак.
Шундай эмасми, ҳурматли мутасадди ташкилот раҳбарлари? Биз сизнинг бу борадаги камчилик ва хатоларни тамоман бартараф этилган жавобингизни кутиб қоламиз.
Г.НАМОЗОВА.