Янги лавозим ижодкорлар учун.

МАКТАБЛАРДАГИ ИЖОДИЙ-МАДАНИЙ ТАРҒИБОТЧИ ЛАВОЗИМИДА ИШЛАШГА КИМЛАР ҲАҚЛИ?

Юқоридаги савол ҳамда бу саволга жавоблар бугунги кунда ҳар бир умумтаълим мактабларининг жамоаларида, туман, вилоят, республика миқёсидаги барча маданий- маърифий, ижодий-ижтимоий муассаса ходимлари орасида қизғин баҳс ҳамда мунозараларга сабаб бўлмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6-ноябрдаги "Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги РҒ-61-08 - сон Фармони ижросини таъминлаш борасида туманимиз ижодкорлари, туман халқ таълими, маданият ва маърифат маркази туман бўлими ҳамкорликда  туманимизнинг адабий муҳитини такомиллаштириш, истеъдодли ёшларимиз учун бадиий ижод мактабларини шакллантиришдек улкан масъулиятни зиммаларига олган ҳолда ўз муносабатларини бирдирмоқдалар.

2021 йил 4 январь куни умумий ўрта таълим мактаблари директорларининг маданий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари фаолиятини такомиллаштириш ҳамда ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи  лавозимини жорий этиш тўғрисида Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси, республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамда  Олий таълим муассасаларининг қўшма қарори қабул қилинди. 

Қарорнинг 2-бандида "2021 йилнинг 1 январидан бошлаб ҳар бир умумтаълим муассасасида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи штат бирлиги жорий этилганлиги ҳамда ушбу лавозимга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими томонидан тавсия этилган таниқли шоир, ёзувчи, журналист ва ижодкорлар, олий таълим муассасаларининг ижтимоий гуманитар кафедралари профессор ва ўқитувчилари жалб қилиниши белгиланганлиги инобатга олинсин" деб таъкидланди.

Вилоят Бандлик бош бошқармаси билан келишилган ҳолда қабул қилинган ушбу қарор асосида вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи З.Шодиева, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари ғ.Назаров, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Т.Тугаловлар томонидан ўзаро ҳамкорликда вилоятимиздаги  барча туманларнинг жойлардаги таниқли шоир, ёзувчи, журналист ижодкорлари яшаш манзиллари ҳисобга олинган ҳолда, аниқ дислокация ва жадваллар асосида умумтаълим мактабларига бириктирилди. Номзодлар рўйхати шакллантирилиб, мутасадди ташкилотларга тавсия этилди. 

Оқдарё туманида яшаб ижод қилаётган таниқли, истеъдодли ижодкорларимиз, шоир ва ёзувчиларимиз, журналистларимиз  захираси "Оқдарё овози" газетаси қошида  ташкил этилган "Навниҳол" ижодий клубининг  бир неча ўн йиллик фаолияти замирида  шаклланиб келинганлиги, бугунги кунда  туман, вилоят, республика адабий муҳитида эгаллаган ўрни, фаоллиги умумтаълим мактабларининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимига номзод тавсия этилишида катта имкониятлар  яратди. "Навнихол" ижодий клубимизда элликка яқин ижодкор ўқитувчилар, ўқувчи, талабалар ҳамда маҳаллаларимиздаги турли касб эгаларидан иборат ижодкор йигит-қизларимиз, кекса ижодкорларимиз ўзларининг ижод намуналари шеър, ҳикоя мақолалари билан клубимизда иштирок этиб келмоқдалар. Туман, вилоят, республика матбуотларида, тўпламлар, альманахлар ҳамда баёзларда бадиий ижод намуналари мунтазам равишда  чоп этилиб келинмоқда. 2020 йилда вилоятимиз ҳокими Э.Турдимов ташаббуси билан нашр этилган "Самарқанд мушоираси" китобида ижодий клубимиз аъзоларидан Фарҳод Рўзиев, Наврўз Ҳасанов, Гулҳаё Анороваларнинг иштироки, китоб таҳририяти аъзолари ичида вакилларимизнинг борлиги ҳамда "Зарафшон" газетасининг 100 йиллик юбилейига бағишланган "Зарафшон зарварақлари" китобида клубимиз аъзоларининг қатнашганлиги туманимиз адабий жамоасининг катта ютуқларидан биридир. Ўзбекистон Ёшлар итифоқи томонидан ташкил этилган ижодкор ёшлар "Дуэл"и танловида тумандошимиз Гулҳаё Анорованинг финалга чиқиб,     фахрли ўринни эгаллаганлиги бизнинг фахримиздир. 

Президентимиз Фармонининг ижроси жараёнида қабул қилинган ушбу қарорда ҳар бир ижодкор учун 4 та умумтаълим мактаби бириктирилиши белгиланган. Худди шунингдек, туманимиздаги мавжуд 57 та мактаб ва 1 та махсус мактаб интернати, жами 58 та мактаб 15 нафар ижодкорга бириктирилди. Мактабларга бириктирилган номзодларнинг ижод намуналари, қайси жанрда қалам тебратиши, чоп этилган китоблари, қатнашган баёзлари, матбуотда эълон қилинган мақолалари, бадиий публицистик соҳадаги ижоди, айниқса, ижтимоий фаоллиги, ижодий тажрибаси, туманимиз адабий-бадиий тадбирларидаги иштироки, ёзувчилар уюшмаси фаолияти билан ҳамкорлиги инобатга олинди. Иқтидорли ижодкорларимиз Эркиной Қаршиева, Чарос Қурбонова, Гулсара Тинибекова, Озода Ўроқова, Шаҳноза Расулова, Меҳрибон Ҳақбердиевалар бугунга қадар ҳам устоз-шогирдлик анъаналарини давом эттириб, кўплаб ёшларимизга устозлик қилиб, уларни адабиёт гулшанига олиб кирдилар ва яна давом этишларига ишончимиз комилдир. Туманимизнинг тарихини ўрганишда жуда кўп ижодий меҳнатини сафарбар этиб, матбуот саҳифаларида чоп эттирган, китоблари нашр эттириш арафасида турган ижодкорларимиздан Нодир Мирзаев, Ўктам Икромов, Отабек Низомиддиновларнинг номзодлари ушбу лавозимга муносиб деб топилди. Қарорнинг алоҳида бандида баён этилган истеъдодли ўқувчилар иштирокида "актёрлик студияларини ташкил этиш" борасидаги ишларни амалга ошириш мақсадида номзоди кўрсатилган Отабек Назаров Тошкент маданият ва санъат институтида таҳсил олиб, актёрлик маҳорати ихтисосини эгаллаган истеъдодли ёш ижодкорларимиздан биридир. 

Қарорда баён этилган умумтаълим мактабларининг маданий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарларининг вазифалари билан ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиларнинг вазифалари бири-бирини тўлдирувчи муштарак фаолиятлардир. Ушбу кунларда мактабларга ташриф буюриб, ўз иш фаолиятларини бошлаётган ижодкор тарғиботчиларимиз мактаблардаги ҳали биз билмаган истеъдод эгалари, ижодга, адабиёт, шеъриятга чанқоқ ёшларимиз борлигидан хурсанд бўлмоқдалар. Зеро, ижодкорларимизнинг вазифаси, айнан, бўлажак адабиётшунос олимларни, шоир ва ёзувчиларни топиш, уларга ижод сирларини ўргатиш, амалиётга етаклаш, туман, вилоят, республикамизнинг  бугунги адабий муҳити, янги китоблар, шоир ва ёзувчилар билан таништиришдир. Ватанимиз тараққиётида, жамиятимизда     уйғониш даври бошланаётган тарихий даврда чекка туманлардаги ижодкорларимизнинг зиммасига бундай масъулиятли вазифанинг юклатилиши, ҳар бир мактабда алоҳида лавозимнинг жорий этилиши ҳукуматимизнинг ижод аҳлига бўлган юксак  ишончининг ёрқин намунасидир. Хўш, бундай юксак ишончни оқлаш,  қарорда белгиланган биринчи  йилдан токи беш йилликларга мўлжалланган стратегик режаларни амалга оширишни бугун биз белгилаган номзодларимиз уддалай оладиларми? Бу борада жуда кўп ўқув семинарлари, тажриба алмашувлар, устоз шоирларимиз, ёзувчиларимизнинг маҳорат дарслари (мастер класлари)ни ташкил этмоғимиз лозим. Ишончимиз комилки, туманимиз адабий муҳитида  улкан ижодий баркамолликка эришиш, ўқувчи ёшларнинг  янги истеъдод қирраларини кашф этиш, янги ренессанс даврининг  янги ижодкорлар авлодини етиштириш борасида  етарли тажриба ва кадрлар захирасига эгамиз.  

Умумтаълим мактабларида жорий этилган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиларнинг вазифалари нималардан иборат? Бу савол барчамизни қизиқтириши табиийдир. Қарорда тасдиқланган асосий вазифаларга эътибор берайлик, ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар қуйидаги вазифаларни бажарадилар:

1.  Ижодий қобилиятга эга бўлган ўқувчиларни аниқлаш ва саралаш билан шуғулланади.

2.  Ўқувчиларнинг ижодий ишлари билан мунтазам танишиб боради, уларга ижодий жиҳатдан йўл-йўриқ кўрсатади.

3.  Ижодий тўгараклар ташкил этади ва режа асосида маҳорат сабоқларини олиб боради.

4.  Ёрқин истеъдодга эга бўлган ўқувчи ёшларни Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси томонидан ўқувчилар ўртасида ўтказиладиган турли ижодий танловларга жалб қилади, уларнинг ижодий ишларини адабий нашрларга, алманахларга тавсия этади. 

5.  Истеъдодли ижодкор ўқувчиларни атоқли адиблар номидаги ижод мактаблари фаолияти билан яқиндан таништириш орқали келажакда уларнинг ижод мактабларида таълим олишларига мотивация беради.

6.  Ўқувчилар ўртасида турли адабий, ижодий танловлар, фестивал ва бошқа тадбирлар ташкил этади.

7.  Ўқувчилар ўртасида китобхонликни ривожлантириш ва китоб мутолаасини тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни олиб боради.

8.  Таниқли шоир ва ёзувчиларни жалб қилиш орқали умумтаълим мактабларида адабий-бадиий кечаларни ташкил этади.

9.  Ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара дурдоналарини тарғиб қилиш орқали ўқувчи ёшлар онгида умуминсоний ва миллий қадриятларни шакллантириш, ёш авлодни маънан баркамол этиб тарбиялаш бўйича мунтазам равишда иш олиб боради. 

10.       Бадиий адабиёт, ижодий жараёнларга қизиқтириш орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож, тарбияси оғир болаларнинг маънавий-руҳий ҳолатини яхшилашда ёрдам беради.          

Юқоридаги  белгиланган вазифаларни амалга ошириш жараёнида эришилган натижалар қандай баҳоланади? Ижодкор тарғиботчиларга юклатилаётган  асосий режа ва талаб - 2021-2025 йилларга мўлжалланган натижалар (динамикаси) тизимини  амалга оширишдир. Қарорда белгиланган беш йиллик режага асосан ҳар бир умумтаълим мактабида ўқувчиларнинг тўгаракларга қабул қилиниш самарадорлиги 10 фоиздан - 20 фоизгача, ижодкор ўқувчиларни кашф этиш, ёзувчилик ва шоирлик қобилиятларини рўёбга чиқариш 1фоиздан - 3 фоизгача, умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини    шакллантириш орқали китобхонлар сонини ошириш 15 фоиздан - 40 фоизгача, ўқувчилар ўртасида "Ёшлар театр студиялари" фаолиятини ривожлантириш 1 фоиздан - 5 фоизгача, иқтидорли ўқувчиларнинг ижод мактабларига кириш кўрсаткичини  1 - 5 фоизгача кўпайтириш стратегик  режа сифатида қабул қилинган.     

Тажрибаларимизга таяниб яна ушбу ҳақиқатни  таъкидлаб ўтишимиз лозимки, токи бугунга қадар  ўқитувчи ёки  бошқа турли касб эгалари бўлган ижодкорларимиз фидойиларча  бепул адабиёт тўгараклари, турли ижодий клублар, машғулотлар, тадбирлар ташкил этиб,  туманимиз адабий муҳитини шарафлаб келдилар. Ёш истеъдодларни, ҳавскор шоир ёзувчилар ва журналистларни  тарбиялаб, уларга устозлик қилдилар. Президентимиз Фармони билан умумтаълим мактабларида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозими жорий этилиб, бадиий  ижод соҳасидаги устозлиги учун  шоир, ёзувчиларимизга маош тўланиши  ижодкорларимизнинг нафақат келгусидаги ишлари учун, қолаверса, бугунга қадар  жамоатчилик асосида, фидойиларча  амалга оширган ишлари учун ҳам юксак рағбатлантириш бўлди, десак ҳақлимиз. Тарғиботчи лавозими ижодкорларимиз зиммасига кўшимча меҳнат, туну-кун изланиш ва ишлаш, қолаверса ҳукуматимиз томонидан берилган эътибор ҳамда рағбатдир. Бу топшириқ уларнинг доимий иш "ставка"ларининг камайтирилишига сабаб бўлиши мумкин эмас, ёхуд, ушбу иш ўрни мактаблардаги иш ўринларини мавофиқлаштириш учун ёки иш билан таъминлаш эҳтиёжларини қондириш учун ажратилган эмас.      

   Демак, ушбу лавозимга бугунга қадар ўзлари  устоз кўрган ҳамда  шогирдлар тайёрлаган,  маълумотлари  олий ёки ўрта махсус, ёхуд турли касб эгалари  бўлса-да, ўз ижодий мактабларига эга, чоп этилган китоблари, наср ва назмдаги   ижод намуналари  билан халқимизга  манзур  бўлган муаллифлар, туманимизнинг маданий-маърифий  тадбирларида  фаол иштирок этиб келган  таниқли шоир ва ёзувчиларимиз ишлашга ҳақлидирлар. Оқдарёнинг адабий-маданий  салоҳиятини юксалтириб, ёшларимиз орасидан буюк адиблар, шоирлар етиштириб, она халқимиз, Ватанимиз мадҳини жаҳон узра тараннум этгувчи ижодкор авлодимизни кашф этишда  ва тарбиялашда  тарғиботчиларимизга  улкан зафарлар тилаймиз.


Ойгул Маматова, 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, "Оқдарё овози" газетаси ҳузуридаги  "Навниҳол" ижодий

 клубининг раҳбари. 


Мавзуга оид: