МУСИҚА ТАЪЛИМИДА ХАЛҚ ҚЎШИҚЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ: МУАММО ВА ЕЧИМЛАР

Ҳар бир мамлакатнинг ўз маданий ва маънавий омиллари бўлгани сингари  халқимизнинг миллий қадриятлари янги жамиятни барпо этишда энг асосий омиллардан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан миллий тафаккурни яратиш, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни тарбиялашда халқимизнинг миллий, маънавий меросидан фойдаланиш энг муҳим вазифалардандир. Зеро, миллий қадри-ятларни севиш, ардоқлаш, уни ўсиб келаётган ёш авлод маънавиятига сингдириш энг муқаддас туйғудир. Бу муқаддасликнинг ғоявий, бадиий-эстетик ифодаси халқимизнинг бой, бетакрор ҳамда серқирра мусиқа мероси, унинг мусиқий анъаналарида достончилик, мумтоз ва мақом куй-қўшиқларида ўзининг юксак бадиий ифодасини топгандир. Улардан таълим ва тарбия тизимида имкон қадар кенг фойдаланиш таълимнинг миллий негизини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мусиқа санъати ҳамма замонларда ҳам қудратли тарбия воситаси бўлиб келганлиги ва бугунги кунда ундан тарбиявий мақсадларда фойдаланишга эҳтиёжнинг тобора ортиб бораётганлиги ҳам айни ҳақиқатдир. 

Умумтаълим мактабларидаги “мусиқа  маданияти” дарсларини, унда ўқувчиларни халқ мусиқа мероси намуналари билан таништириш ҳолатини кузатиш, таҳлил қилиш бу борада жиддий муаммолар сақланиб қолаётганлигини кўрсатади. Бу муаммолар энг аввало қуйидаги ҳолатларда намоён бўлаётганлигини таъкидлаб ўтишни жоиз деб билдик:

- Умумталим мактабларида фаолият юритаётган мусиқа ўқитувчиларини аксариятининг халқ мусиқа ижодиёти бўйича етарли билим малакаси ва тайёргарликка эга эмаслиги;

- Халқ мусиқаси, унинг энг оммавий ва таъсирчан тури бўлган халқ қўшиқлари бўйича синфлар кесимида мусиқий тўпламларни етишмаслиги ёки йўқлиги;

- Халқ қўшиқларини ўқувчиларга ўргатиш тарбиявий таъсирчан намуналарини танлаш бўйича педагогик мезонларни синфлар кесимида ишлаб чиқилмаганлиги, шу йўналишдаги услубий қўлланмаларга эҳтиёжнинг тобора ортиб бораётганлиги;

- Халқ қўшиқ ва куйлари, мумтоз, мақом, достончилик қўшиқлари бўйича махсус фонетикаларни йўқлиги ва етишмаслиги;

Мана шундай вазиятларда муаммоларни ечими йўлида нималарга эътибор бериш лозим? Бу ўринда биз ўзимизнинг қуйидаги тавсияларимизни илгари суришни лозим топдик:

-   Биринчи навбатда мактаб мусиқа ўқитувчилари учун мўлжалланган малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларини фаолиятини халқ мусиқа ижодиёти мазмунида тубдан янгилаш;

-   Мусиқа дарсларини кам бўлсада ҳали ҳануз дарс соати кам бўлган бошқа фан ўқитувчиларига бериш ҳолатларига қатъий барҳам бериш;

-   Куйлаш ва тинглаш учун тақдим этиладиган халқ қўшиқлари бўйича “мактаб репертуарлари”ни синфлар кесимида яратиш ва барча умумтаълим мактабларини таъминлаш;

-   Мактаб репертуарида халқ қўшиқлари, турли маҳаллий услубларга хос фольклор намуналарига, шу жумладан болалар айтим-қўшиқларига бирламчи эътибор қаратиш;

- Дарсликларни янги авлодини яратишда уларга киритилган халқ қўшиқлари намуналари ҳақидаги маълумотларга (қайси ижрочилик услубига мансублиги, ижро услуби, анъанавийлик хусусияти қандай ҳолатда, кимлар томонидан, қайси пайтда ва ҳокоза) ҳаракат ёки рақс жўрлигида ижро этилишига кенгроқ ўрин бериш; 

- Мактаб ва мактабдан ташқари таълим муассасаларида халқ мусиқа ижодиётининг фольклор, мумтоз ва мақом, достончилик йўналишлари бўйича кўрик-танловлар, мавзули кечалар, маданий-маърифий тадбирлар, кон-цертлар, учрашувлар ўтказишни, ижодий жамоаларга мусиқий саёҳатлар уюштириш кабиларни тизимли йўлга қўйиш, ўқувчиларни миллий мусиқамизни севиш, қадрлаш ва келгусида унга ворислик қила оладиган шахс сифатида камол топишига ёрдам беради.

Шу ўринда ёшлар ўртасида оммавий эстрада қўшиқларини тинглаш, куйлаш уларга тақлид қилишга ҳаддан зиёд ружу қўйиш холатлари кучайиб бораётганлиги ҳам мусиқий эстетик тарбия соҳасидаги ишларнинг кўнгилдагидек эмаслигининг оқибати дейиш мумкин. Энг аввало ўсиб келаётган ёшларни оммавий мусиқанинг бузғунчи таъсирларидан ҳимоя қилишимиз зарур. Бунинг энг самарали йўли ёшлар таълими ва тарбияси учун масъул бўлган педагог-мураббийларнинг кучларини бир мақсад йўлида бирлаштириш талаб этилади. 

Биз педагогларнинг асосий вазифамиз ёшларга миллий мусиқа маданиятининг дурдонаси бўлган халқ мусиқа ижодиёти намуналарини чуқур тушунтириб, уларнинг онги, маънавиятига сингдириб боришимиз, шу орқали уларни маънавий эстетик ва ахлоқий камол топишига эришишимиз муқаррар эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринлидир.

Дилфуза МАМАТОВА,

      14-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси.