"Оқдарё овози" бонг уради ДАВЛАТ ТИЛИНИ КИМ НАЗОРАТ ҚИЛАДИ?!

Бош Қомусимизнинг 4-моддасида "Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир", деб белгилаб қўйилган бўлса-да, ҳеч бир тилдан кам бўлмаган гўзал Она тилимиз ўз забонимизга тўлақонли қайтариб берилганига ҳам роппа-роса 32 йил тўлди. Аммо бу давр ўзни таниб олмоқ учун асло камлик қилмайди!
Минг афсуски, туман миқёсида кўплаб тадбирлар ва тушунтириш ишлари олиб борилаётган бўлсада, хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан Давлат тили ҳисобланган ўзбек тилига эътиборсизлик, ҳурматсизлик ҳолатлари содир этилаётганлиги кечирилмас ҳолатдир. Энг ачинарли томони шундаки, айрим шу соҳа раҳбарларининг лоқайдликлари, ўзибўларчиликка йўл қўяётганликлари оқибатида бу каби камчилик ва хатоликлар камайиш ўрнига кун сайин кўпайиб бормоқда. Шундай бўлмаганда, Лойиш шаҳарчасидаги Зарафшон кўчаси (туман электр тармоқлари идораси яқини)да жойлашган транспорт воситаларига хизмат кўрсатиш шахобчасига йирик ҳарфлар билан "БЕСКОНТАКТНАЯ МОЙКА", "ЗАЛ ОЖИДАНИЯ" деб, рус тилида саводсизларча ёзиб қўйилармиди?! Ахир бунинг ўрнига ушбу сўзларни ўз она тилимизда ёзиб қўйилса, бунинг нимаси ёмон эди.  Ҳеч бўлмаганда, Давлат тили қонун-қоидаларига кўра аввал давлат тилида, сўнгра рус тилида ёзилиши зарурлигини бугунги кунда ҳар бир киши яхши билмоғи даркор.
Туман марказий Амир Темур кўчаси( Истироҳат боғи яқини)да жойлашган савдо дўконлари пештоқидаги "ПОСУДА", "ЖИДКИЕ ОБОИ" деган пешлавҳаларни ҳам пайдо бўлганига ҳадемай бир йил тўлади. Шу вақт мобайнида ушбу пешлавҳани Самарқандга кетишда ҳам Лойишга кириб келишда ҳам ўқимаган кишининг ўзи қолмади назаримизда. Лекин, бепарволик, лоқайдлик ёки "Сен менга тегма, мен сенга тегмайман" қабилида иш юритиш оқибатида ушбу ёзувларни ўзбек тилида ёзилишини талаб қилиш ҳеч бир раҳбарни безовта қилгани йўқ асло...
Барча билиши лозим бўлган жиҳат шуки, Она тили шунчаки сўзлашув воситаси эмас, балки Ватанга муҳаббат, миллий ифтихор, аждодларга ҳурмат ва шунинг баробарида авлодларимизга иззат рамзи ҳамдир. Ўз тилини асраб-авайлаган халқ ўзлигини ҳам асраб-авайлаган бўлади. Ахир эзгу мақсад йўлидаги барча эзгу ишларнинг аввали Она тилимизга эҳтиромдан ва ўрнатилажак муносиб муносабатдан бошланмоғи лозим-ку. Шундай эмасми,   туманимизнинг давлат тилида иш юритишни назорат қилувчи ҳурматли мутасаддилари?!
 Хулоса қилиб айтганда, бошқа тилларга меҳр-у ихлосимизни баландлатишда давом этаверайлик, лекин бу ишимиз ўз она тилимизнинг камситилиши эвазига бўлмасин, асло! Шундай экан, Она тилимизга бўлган лоқайдлик, ҳурматсизликни асло кечириб бўлмайди. Ушбу мақоламизга маърифат фидойиси Абдулла Авлонийнинг "Ҳифзи лисон" мақоласидаги ўтли сўзлар билан якун ясамоқни лозим топдик:
"Миллий тилни йўқотмак - миллатнинг руҳини йўқотмакдир. Ҳайҳот! Биз туркистонлилар миллий тилни сақламак бир тарафда турсун, кундан-кун унутмак ва йўқотмақдадурмиз...
Ў-ҳу! Бизга на бўлди? Боболаримиз йўлидан чиқиб кетдук!".
   Oxirgi vaqtlarda  nutqda qo'llanadigan ayrim xatoliklar reklamalarga, e'lonlarga,  achinarlisi,   umumiy omma nazari tushadigan yozuvlarga ham ko'chib o'tmoqda. Albatta, bu yozuvlarga ko'zi tushgan yosh avlod shunday atash, yozish to'g'ri bo'lsa kerak deb qabul qila boshlaydi. Ana savodsizlik nimaga kamayish o'rniga urchib ketyapti, sabab befarqligimizda ......
Мавзуга оид: