АВАЗАЛИДА "НУРОНИЙЛАР ЧОЙХОНАСИ" ФАОЛИЯТИНИ БОШЛАДИ

Яқинда туман Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг "Кексалар ва фахрийларни қўллаб қувватлаш ҳамда ижтимоий фаоллигини ошириш" бўйича ўринбосари, "Нуронийлар Кенгаши" раиси Ҳамидулло Қаршиев билан суҳбат қилганимизда, ҳар бир қишлоқда "Нуронийлар чойхонаси" бўлиши лозим эканлигини, бунинг учун астойдил ҳаракат қилаётганлигини таъкидлаган эди. Ҳақиқатдан ҳам, қишлоқлар тугул, ҳатто туман марказида ҳам кексалар бориб суҳбатлашадиган, аниқроқ айтадиган бўлсак, гурунглашадиган бирорта масканни йўқлиги муаммо бўлиб келаётган эди. Ташаббускор фидойи инсон Ҳамидулло Қаршиев бу вазифага тайинлангач, ишни туман марказида "Нуронийлар маскани"ни ташкил этишдан бошлади. Қисқа муддатда Лойишдаги истироҳат боғи ҳудудида барча шароитларга эга бўлган чойхона "Наврўз" байрами арафасида фойдаланишга топширилди. Айни пайтда бу жой кексаларнинг  бир пиёла чой устида суҳбатлашадиган масканига айланди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, масканда кексалар билан боғлиқ тадбирлар, хотира турнирлари мунтазам ўтказилиб келинаяпти.
Яқинда Ҳамидулло Қаршиев Авазали қишлоғида "Нуронийлар чойхонаси" ўз фаолиятини бошлаганлигини айтиб қолди. У ердаги шарт-шароитлар ва нуронийлар билан суҳбатлашиш мақсадида Авазали қишлоғига бордик. Ҳақиқатдан ҳам, раиснинг айтишича, чойхона ҳақиқий "Нуронийлар маскани"га айлантирилибди. Турли ёшдаги пенсияга чиққан кексалар ва онахонлар алоҳида хоналарда суҳбат қилишмоқда. Чойхонанинг озодалиги кўзни қувонтиради. Махсус чорпояларда кексаларимиз дилдан суҳбат қилишмоқда.
- Бу жойни чойхона қилиш учун кўп йилдан буён ҳаракат қилиб келаётган эдик, - дейди маҳаллада нуронийлар билан ишлаш кенгашининг раиси Ислом Қаршиев. - Ниҳоят бу орзумиз амалга ошди. Бунда кексаларимизнинг хизматлари таҳсинга лойиқ бўлганлигини таъкидлашим керак. Шуниси эътиборлики, маҳаллада бўлаётган тўй-маъракаларни ихчам ўтказиш, ёш оилаларни мустаҳкамлаш сингари мавзуларда суҳбатлар ўтказаяпмиз. Айрим ҳолларда эса ажрим ёқасига келиб қолган оилаларга бориб уларни яраштиришга эришаяпмиз. Бу ишларимиздан аҳоли ҳам беҳад мамнун бўлаяпти.
- Яқинда халқимиз мени шу маҳаллага раҳбар этиб сайлашди, - дейди Авазали маҳалла фуқаролар йиғинининг раиси Элдор Бердиқулов. - Фуқароларимизнинг бу ишончидан руҳланган ҳолда иш бошладим. Ҳар бир хонадонга бориб, уларнинг муаммолари билан танишаяпман. Ҳозирги кунда энг катта муаммо бу ишсизлик эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Шу боисдан ҳам ишсиз юрган ёшларни иш билан таъминлашга астойдил ҳаракат қилаяпмиз. Маҳаллада амалга оширилаётган ҳар бир ишда нуронийларимизнинг маслаҳатлари қўл келаяпти. Чунки улар катта ҳаётий тажрибага эга бўлиб, доимо тўғри йўл кўрсатишади. Ҳамкорликда иш олиб бораётганлигимиз ўзининг дастлабки натижаларини кўрсатмоқда. Бунга мисол қилиб ишга туширилган "Нуронийлар чойхонаси"ни айтишим мумкин.
Дарҳақиқат, раиснинг гапларида жон бор. Бугунги кунда чойхона кексаларни ҳақиқий ҳордиқ масканига айланган. Бу ерда фаолият кўрсатаётган ошхона ҳодимларидан барча ниҳоятда мамнун. Нигора Бердиқулова, Ўктам Ҳамдамов сингари ошпазларнинг бир-биридан лаззатли тайёрлаётган таомлари нафақат кексаларга, балки қишлоқ аҳолисига манзур бўлаяпти. Ошхона хизматидан бу ерда фаолият кўрсатаётган инсонлар ҳам мамнун бўлаётганлигининг гувоҳи бўлдик.
Бир сўз билан айтганда, Авазалида фаолиятини бошлаган чойхона кўп жиҳатдан ибрат бўлаётганлигини таъкидлашни истардик. Туманимизнинг ҳар бир маҳалласида, қолаверса ҳар бир қишлоғида мана шундай чойхоналар ишга туширилса мақсадга мувофиқ бўларди. Бу йўлда туман нуронийларини  бошқараётган, тиниб-тинчимас раҳбар Ҳамидулло Қаршиевнинг ишларига омад тилаймиз. 
Суннатулло ИБРАГИМОВ.
    Суратда: чойхона фаолиятидан лавҳа акс эттирилган.