Мулоҳаза ТУНГИ БАРЛАР КЕРАКМИ?

Бу мавзу ҳақида кўпдан бери ёзишни ўйлайман-у, аммо ҳеч имкони бўлмади, мана энди мавриди келдими, деб ўйлайман.
Анчадан бери туманда тоборо учига чиқаётган тунги барлардаги, айтиш жоиз бўлса, рақс томошолари, ичкиликбозлик ва ундан кейин бўладиган ҳар хил кўнгилсизликлар, ур-тўполонлар инсонни бироз мушоҳада қилишга ундайди. Нима деб ўйлайсиз, тунги кулублар бизга керакми? Бу борада тумандошларимиз, умуман аҳоли ўртасида сўровнома ўтказилса, қатнашувчиларнинг қанча қисми буни қораларкан? Кимдир бу маскан ичкиликбозлик ва бузуқ иллат макони деса, яна кимдир ёшларни вақтини чоғ ўтказиши учун бундай жойлар керак деб ҳисоблаши ҳам мумкин.
Тўғри, юртимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятига аралашавермаслик, турли текширувларни камайтириш тўғрисида бир қанча қарор-қонунлар жорий этилган. Фарзандларимиз тақдирига бефарқ бўлмаган кишилар ҳам ўша жойларга юрак ютиб текшириб бора олмайди, фаолиятимга аралашяпти деб, устидан юқори ташкилотларга арз қилинишини истамайди.
Тадбиркор даромад қилиши керак, албатта  бунга ҳеч қандай этироз йўқ, аммо бизни бошқа нарса хавотирга солади.Барларда раққосалик қилаётган ўша “қизларни” чуқур тиббий текширувдан ўтказиш шартдир балки? Чунки тунги барларда мактаб ўқувчисидан тортиб, то сочига оқ оралаган, катта қоринли амакиларни ҳам, минг афсуски, учратиш мумкин. Уларнинг ичиб олиб қилаётган номаъқулчиликлари кейинчалик тузатиб бўлмас оғир оқибатларга, турли касалликларга олиб келмайди деб ким кафил бўла олади? Айтишади-ку, касални даволагандан унинг олдини олган афзал деб.Бундай иллатлар туманимизда ҳам авж олиб кетмасдан чора кўрган маъқул эмасми? Нима деб ўйлайсиз, ўша барларда ярим-яланғоч бўлиб рақсга тушаётган қиз-жувонларнинг оиласида ота-онаси, ака-укаси йўқмикан, ёхудбўлса ҳам, уларнинг қалбида заррача иймони йўқмикан? Кеч бўлганида уйидан қаерга бориб келаман деб чиқиб кетар экан-а? Нима уларнинг бу ишларини хеч ким билмайди деб ўйлайсизми, ойни этак билан ёпиб бўлмаганидек, буни халқ билади, аммо мен сенга тегмайман, сен эса менга тегма нақлида иш юритамиз. Ижтимоий тармоққа кириб қолгудай бўлсангиз, шайтоний кийимларда беҳаёларча тушган суратлари-ю, қўйган постларидан кимни қандай-қанақа иш қилаётганини кўриб турадиган замондамиз. Эртага бу қизларнинг, йигитларнинг тақдири нима бўлади? Наҳотки, бир жинслилик, беҳаёлик, орсизлик кабилар бизда ҳам оддий ҳолга айланишига оз қолган бўлса? Наҳотки кўзларимиздан ҳаё пардаси кўтарилаётган бўлса?
Шу ўринда, ўзимиз, яъни катталаримиз ҳам таълим-тарбияга анча муҳтож бўлиб бораётгандекмиз.
Амина ХУРРАМОВА
Мавзуга оид: