ТЎЙЛАРИМИЗ ҲАҚИДА ЎЙЛАРИМИЗ Долзарб мавзуда интервью

Бу сўзларни бир аср муқаддам жадидчи бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий таъкидлаб ўтган эди. Шунча йиллардан бери маддалаб кетган бу хасталикни йўқотишга ҳарчанд уринсакда, минг афсуски, ундан ҳамон қутулолмадик. Аксинча, тўйларда ўта дабдабага, ортиқча сарф-харажатга ҳамда исрофгарчиликка йўл қўйилаётганлиги ачинарли ҳолатдир.
Дарҳақиқат, бугун давлат сиёсати даражасида кўтарилган ушбу мавзу нақадар долзарб? Тўйлардаги дабдаба ва исрофгарчилик асли нимадан келиб чиқади ва унинг ечимлари қандай? "Оқдарё овози"газетасининг махсус мухбири ана шундай саволлар билан туманимиздаги маънавий-маърифий соҳа вакилларига мурожаат қилди ва уларнинг фикр-мулоҳазаларини ёзиб олди.
Юлдуз Ўроқова - туман ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи:
- Ўзбекистонда тўйларни тартибга солишни назарда тутувчи лойиҳа ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда жорий йилнинг 21 апрель куни қабул қилинган "Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент фармонида белгиланган.
Фармонда қайд этилишича, жорий йилнинг август ойигача тўйлар, оилавий тантаналар, маъракалар ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш бўйича парламент палаталари кенгашларининг қўшма қарори қабул қилинади.
Шунингдек, ёшларда тежамкорлик маданиятини шакллантириш бўйича янги механизмлар назарда тутилган.
Лойиҳага масъуллар этиб Олий Мажлис палаталари, Маданият вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Дин ишлари бўйича қўмита белгиланган.
Маълумот учун, 2019 йилнинг 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенат Кенгашининг "Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қўшма қарори қабул қилинган. Қарор билан тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги Низом тасдиқланган. Унда шуҳратпарастлик, дабдабабозлик ва исрофгарчиликка йўл қўймаслик ҳақида алоҳида банд бор.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга 2020 йил 17 мартдаги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига асосан киритилган 1921-моддасига кўра, тўйлар, оилавий тантаналар, маросим ва урф-одатларни ўтказувчи шахс томонидан ушбу тадбирларни ўтказиш тартибига доир талабларга риоя қилмаслик фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари (3,75 миллион сўм), мансабдор шахслар ва муассасалар эгаларига эса 30 баравари (11,25 миллион сўм), такроран бузилганда эса 50 баравари (18,75 миллион сўм) миқдорида жарима солишга олиб келади.
Диёра Юсупова - Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари:
Тўй ва маросимлардаги исрофгарчилик ва дабдабабозлик маънавий таназзулга етаклайдиган иллат эканлиги ҳақида тинимсиз бонг уриб келинмоқда. Бу борада туманимизда ҳам тўйларни ихчамлаштириш ҳамда тартибга солиш масалалари муҳокама қилиб келинмоқда. Муҳокамаларда кейинги пайтларда туманимизда тўйларни дабдаба билан ўтказиш, ортиқча сарф-харажат ва базмларда менталитетимизга мос бўлмаган хатти-ҳаракатлар кўпайиб бораётганлиги танқид қилиниб, мутасаддилар томонидан тушунтириш ишлари олиб борилаётганлигига қарамасдан бу борада сезиларли ўзгариш қилингани йўқ.
Статистик маълумотларга қараганда Ўзбекистонда бир йилда ўртача 300 минг атрофида тўйлар ўтказилар экан, уларнинг умумий сарф-харажатлари қарийб 3 млд. АҚШ долларини ташкил этмоқда...
Тўй ва маросимларни ихчамлаштириш бўйича таклифлар:
1. Турли хилдаги ортиқча сарф-харажатларни келтириб чиқарадиган оилавий тадбирларни ("келин навкари", "чорлар", "ота кўрди", "сеп ёйди", "қуда чақирди", "куёв чақирди", "келин чақирди", "тоғора юбориш") шу каби маросимларни камайтириш керак.
2. Тўй-маъракаларни миллатимизнинг азалий қадриятлари ва анъаналарини намоён этадиган ҳолда ташкил этиш керак (турли хилдаги love story, безак ва декорацияларни ихчамлаштириш, турли хилдаги совғаларни камайтириш, pre-wedding фотосессия каби ҳолатларни камайтириш).
3. Тўйхоналардаги камераларни юқорида турувчи ташкилотларга интеграция қилиш керак, бу нима дегани, тўйларни ихчамлаштириш учун тўйга таклиф қилинадиган меҳмонлар сони камайтирилади, мабодаки меъёридан ортиқча меҳмон таклиф қилинса, тўйхона раҳбариятига юқорида турувчи ташкилотлар томонидан жаримага тортилиш ҳолатини жорий қилиш керак. Шу орқали, турли хилдаги ортиқча сарф-харажатларни камайтириш мумкин.
Норбуви Нурматова - туман Оила ва хотин-қизлар бўлими қошидаги "Оқила аёллар" ҳаракати раҳбари:
Қадимдан катта бир хурсандчилик бўлган тўйни, ҳозирги кунда ўзимиз учун жиддий ташвишга айлантирдик. Тўйга қўшимча маросимлар, ҳар хил сарполар, ўнлаб тоғоралар қўшдик. Ўғлини уйлаш, қизини узатишни ўйлаб, оталарнинг ҳатто соғлиги ёмонлашиб қолмоқда. Аслида динимиз - енгиллик дини! Ҳамма масалада бўлгани каби, тўй масаласида ҳам имкон борича мўътадил йўл тутилиши лозим.
Энг аввало, маҳаллаларда жамоатчилик назоратларини кучайтириш керак. "Фотиҳа тўй", "Қиз чақирди", "Куёв чақирди"ларни мутлоқа килмаслик керак. Дабдабали тўй қилган кишига ҳам, тўйхона эгасига ҳам катта миқдорда жарима солиш керак. Тўйлар 100 кишидан зиёд бўлмаслиги, дастурхондаги ортиқча харажатларни камайтириш, куёвга сарпо қилиш, келинга мебель олдириш, юз очар, бешик туйларни, сарпо-суруғ, қудалар бир-бирига кийим қўйиш каби бир қатор ортиқча ташвишлардан батамом воз кечишимиз зарур.
Ҳар бир маҳаллада нуронийлар кенгаши, Оқила аёллар ҳаракати, жамоатчилик кенгаши, маҳалла еттилиги иштирокида Сайёр йиғилишларни ташкил этиш керак. Тўй қиладиган одамлар уларни тўлиқ назоратида бўлиши керак. Маҳаллаларда "Ёш келин-куёвлар мактаби", "Қайноналар мактаби" ташкил қилиниб, ибратли оила тадбирларини ҳамда турли хил психологик учрашувларни кўпроқ ташкил этиш лозим.
Мухбир: Демократик давлатда ҳар бир фуқаро қонунда белгиланган тартибни бузмаган ҳолда ҳаракатланиши, барча истагандек тўй қилиши, маросимларини нишонлаши мумкин, албатта. Лекин ҳеч қачон бундай исроф ва шўхлик билан пешқадам халқ бўла олмаймиз.
"Ҳаётда тўй қилади-да, хурсандчиликнинг нима айби бор", дея узоқни кўрмай фикрлаётганлар орамизда кўплаб топилади. Минг афсуски, уларнинг аксарияти данғиллама тўй қиламан деб, охир оқибатда иқтисодий муаммолар гирдобига тушиб қолаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Бундай "хурсандчилик"лар эса ҳеч кимнинг оиласига яхшилик олиб келмаслиги муқаррар? Зеро, бу каби исрофларнинг жабрини барчамиз тортишга мажбур бўламиз.
Гулсара ТИНИБЕКОВА,
"Оқдарё овози"газетасининг
мухбири.
Мавзуга оид:

Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Тарихга бир назар
- 21 янв, 14:22