ДОНОРЛИК ОЛИЙЖАНОБЛИК ВА ШАРАФЛИ ВАЗИФАДИР

Дарҳақиқат, донорлик олийжаноблик ва шарафлидир. Авваламбор, бу шарафли вазифани бажарувчи кишилар кимлар бўлиши мумкин, деган саволга жавоб бериш лозим. Миллати, ирқи, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар 18 дан 60 ёшгача бўлган ҳар бир соғлом киши донор бўлиши мумкин.
Ҳар бир соғлом организмга эга бўлган донорлар шуни тўғри англаб тушунишлари керакки, қон топшириш эвазига буюк инсонийлик вазифасини бажарган ҳолда  улар топшираётган қон шифохона бўлимларида оғир бетоб бўлиб ётган касалларнинг тезда соғайиб ҳаётга қайтишлари учун жуда муҳим ва ҳеч бир нарса билан алмаштириб бўлмайдиган ҳамда сунъий равишда ишлаб чиқиб ҳам бўлмайдиган   бебеҳо даво ҳисобланади. 
   Донорлик қилиш, қон олишнинг ягона йўли бу - соғлом кишилардир.  Агар сиз қон топширсангиз, топширган қонингиз ўрнини тезда янги қон шаклли элементлари билан тўйинган қон тўлдириб, организмингиз иммунитетини янада ошириб, касалликка қарши курашиш фаолиятингизни кўтарган бўласиз.  Тасаввур қилиб кўринг, шифохоналарда кутилмаган ҳолларда жароҳат олиб кўп қон йўқотиб бетобланиб ётган оғир аҳволдаги беморлар сиз топширган қон туфайли ўзининг ҳаётини қайта тиклаб, соғайиши тезлашади. Оз миқдорда қон топшириш эвазига сиз бир беморнинг яна ҳаётга қайтишига, ўз оила аъзолари бағрига қайтишига, сиз туфайли яна ҳаётнинг қувончли онларини кўришига каттадан-катта ёрдам берган бўласиз. Бу инсонлар сиздан бир умрга миннатдор бўлиб, Оллоҳдан сиз учун яхши ниятлар сўраб дуолар қилади. Беминнат ёрдамингиз билан сиз нафақат инсонийлик бурчингизни адо этган бўласиз, балки олийжаноб ва шарафли бурчни адо этган бўласиз. Ахир сизнинг қонингизга муҳтож бўлган беморлар  ҳам ким бўлишидан қатъий назар инсонлардир.
сиз қон топшириб кўп инсонларни ҳаётини сақлаб қолган ҳолда ўз организмингизда содир бўлаётган   баъзи нохуш ҳолатлар ёки касалликларни ҳам олдини олган бўласиз. Ўтмишдан маълумки, кўпчилик табиблар организмдаги турли хил бузилишларни қон чиқариш йўли билан даволаб келишган. Масалан, ҳар хил асбоблар ёрдамида организмдан қон чиқариб ташланган ёки зулук қурти қўйиш орқали организмдаги қондан зарарли моддалар чиқариб ташланганлиги маълум.  Донор организмидаги суяк кўмикларидан қоннинг ёш шаклли элементларига бой қон ишлаб чиқилиб, йўқотилган қон ўрнини тезда янги соғлом қон тўлдиради.  
     Инсонийлик, комил инсон  вазифасини чин дилдан адо этиш учун биз мусулмон халқининг муқаддас китоби Қуръони Каримда ҳам бу қайд этиб ўтилган. Мусулмон халқининг энг олийжаноб ишларидан бири бу инсонийликдир. Қон топшириб бемор инсонларни ҳаётини сақлаб қолиш ҳам энг хайрли эҳсон ҳисобланади. Зеро, хайр-эҳсон – бу  мусулмонларнинг энг шарафли ишларидан биридир.
     Хулоса қилиб айтадиган  бўлсак, сиз қон топшириб бир бемор ҳаётини сақлаб қолиш орқали ўз инсонийлик бурчингизни бажарибгина қолмасдан, Қуръони Каримнинг 5 – устувор йўналиши -  Хайр-эҳсон қилиш фарзингизни ҳам адо этган бўласиз. Ҳар қандай ривожланган давлат фуқаролари ўз ҳоҳишлари билан саломатликларини ўйлаган ҳолда беғараз бадалсиз қон топшириб туришади. Сиз ҳам бадалсиз беғараз  ёрдам сифатида қон топшириб туринг. Сиз қон топшириш билан биргаликда  ўз соғлиғингиз тўғрисидаги барча маълумотларга эга бўласиз: ОИТС, захм, бруцеллёз, малярия касалликлари, гепатит “В”, “С”  ва бошқа инфекцияларнинг бор-йўқлиги  ҳамда гемоглобин, АЛТ, АСТ таҳлиллари аниқланади, керак бўлганда ушбу натижаларни   маълумотнома сифатида бадалсиз текин ёздириб олиб тиббиёт муассасасига тақдим этиш имкониятига эга бўласиз. Ушбу барча таҳлиллар Самарқанд вилоят 1-сон қон қуйиш марказида бадалсиз амалга оширилади. 
     Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига кўра, қон топширган  ҳар қандай муассаса ишчиси ходимлар ойлик иш маоши сақланган ҳолда 2 кун дам олиш ҳуқуқига эга бўлишади.
Ҳурматли тумандошлар!
Сизнинг ҳам ўзингиз ва ўзгалар соғлиғини муҳофаза қилишдек олийжаноб, шарафли ва хайрли 
вазифани адо этишда   иштирок этишингизга ишонамиз. 
               Туман тиббиёт бирлашмаси қон тайёрлаш бўлими бошлиғи:                                        Т.Эшназаров
Мавзуга оид: