"ТОҲИР-ЗУҲРА" ВА ТУРИЗМ ОҚДАРЁНИ ДУНЁГА МАШҲУР ЭТАДИ
(Давоми. Бошланиши ўтган сонда.)
- 2000 йилда биз бу ерга келиб, дарахт кўчатлари экканимизда қабристон атрофида, дарёнинг соҳилида бирорта дарахт, боғлар йўқ эди, - деб суҳбатимизга қўшилди фермер хўжалиги раиси Э.Холиқулов. Ҳаммаёқ чангалзор, бутазор эди. Кундуз-ку, бир нави, кечаси жуда даҳшатли, сирли бўларди. Қишлоқ биздан ўн чақирим нарида, атрофда милт этган чироқ, уй кўринмасди… "Қоработир" қишлоғида фақатгина битта Саман бобонинг уйи қолган эди, у ҳам бўлса даланинг нариги бошида, қўрққанингизда қадамингиз тугул, овозингиз ҳам етмайди, ярим кечагача дайровотда шоқолларнинг увлаши тинмасди. Мен ўшанда 15 ёшли ўспирин эдим, дарё ёқасидаги, биздан олдинги қабристон қоровулидан қолган кичкинагина томчада акам билан тунаб қолардик. Кундуз дарёдан кўчатларга челаклаб сув ташиганмиз, чунки боғ баланд, дарё эса жарликдан пастда. Юқоридан келадиган оқар сув бизгача етиб келмасди. Кечаси ётиб қўриқламасак, кўчатларни ўғирлаб кетишарди, кўпинча онам ҳам биз билан қоларди, аммо, бирор марта қўрққанларини сезмадим. "Хотиржам бўлинглар, биз бу ерга яхши ният билан келганмиз, қабристондаги одамларнинг, Тоҳир ва Зуҳра момоларимиз, боболаримизнинг руҳлари қўллайди бизни", - дер эдилар онам.
Дарҳақиқат, орадан кўп ўтмай қабристон йўлларига сим ёғочлар ўрнатиб, электр нури олиб келдик. Еримизга етарли сув чиқариб берадиган насос ўрнатдик. Хурофот даврида "ҳутор" системаси баҳонасида тугатилган "Қоработир" қишлоғига аста-секин одамлар чайла-томлар қуриб, кўчиб кела бошладилар, ҳар қалай мавсумий бўлса-да қўшнилар келишди. Атрофимизда боғлар кўпайди. Дарёнинг нариги томонидаги Пайариқ туманининг "Сартой" қишлоғи ва қўшни "Қазохўжа" қишлоғимизнинг аҳолиси кўпайиб, уй-жой, иморатлар солиниб, бизга яқин келиб қолдилар. Дайровотнинг заҳира жойларида балиқчилик хўжаликлари ташкил этилмоқда, хуллас, "Тоҳир ва Зуҳра"нинг атрофи одамлар билан гавжумлашмоқда. Кечаси дарёнинг нариги соҳилида ҳам бериги соҳилида ҳам электр чироқлари ёниб туради, 20 йил олдинги ваҳима, қўрқувлар йўқ энди", - деб кулиб гапини тугатди фермер.
- Худога шукур, "оққан дарё яна оқади", деганлари рост-да. Элёрнинг гапини давом эттира кетди саксон ёшли Саман бобо. - Қачондир "Қоработир"га одамлар қайтиб кўчиб келишига ишонардим. Неча йиллар бир ўзим оилам билан шу ерда қолдим, мана шу қабристонни қора қилиб яшадим. Бу ерга ўғри келмайди, каззоб келмайди, номаҳрам келмайди, ёмон ниятда келганлар бир сир кўради. Бу қишлоқни, қабристонни Худонинг ўзи асрайди. Ҳавоси тоза, суви шифоли, илгари қабристон ёнида булоқ, ҳовуз бор эди, балиқлари сузиб юрарди. Хутор" деб ҳамма марказга кўчиб кетди-ю, қишлоқ ҳам, қабристон ҳам харобага айланди. 2000 йилда Ойгул қизим-келиним бу ерни боғ қилиб, кўчиб келганида мендан ортиқ қувонган одам бўлмади. Саман бобонинг севинчдан кўзлари намланди, бир ютиниб яна фикрини тасдиқлади: Бу қабристонга Хизр назар солган, бўлмаса, қанча йиллардан буён ёмғир, қор, дўл, жала, хурофотлар ювиб кетмасмиди? Худо хоҳласа, обод жой бўлади, обод! Ўлмасак кўрамиз…
Элёрнинг ўспиринлик йиллари шу боғларда, меҳнат қўйнида ўтди, бу орада Тоҳир-Зуҳралардек севишиб турмуш қурди. Келин дарёнинг нариги соҳилидан, ҳозир уч нафар фарзанди бор. Ҳисобчи ва компьютер оператори мутахассисликларини эгаллади. У ўтган йиллар давомида онаси билан биргаликда "Тоҳир ва Зуҳра" қабристонини ободонлаштириш мақсадида икки марта лойиҳа тузди, аммо турли сабаблар билан уларни амалга ошира олмади. Бу сафар учинчи лойиҳаси қўлида. "Менимча бу сафар лойиҳа ҳам, вазият, имкониятлар ҳам пишиб етилди", - деб ҳисобламоқда муаллиф. Сабаби, республикамизда бўлаётган қурилишлар, ободончилик ишлари, айниқса, маънавий-маърифий тадбирлар, миллий меъморчилик обидалари, зиёратгоҳларимизнинг тикланиши унинг қалбига фахр ва ишонч туйғуларини солган. "Муҳаббат" қасри дунёга келади, - дейди у, - чунки бу жуда катта ҳажмдаги, халкаро аҳамиятга эга бўлган лойиҳа бўлади.
Мақсадимиз "Тоҳир ва Зуҳра" қабристонини обод қилиш, яъни Зарафшон соҳилида "Муҳаббат" қасрининг қурилиши лойиҳасини амалга ошириш, достоннинг 1500 йиллик юбилейини халқаро анжуман сифатида нишонлаш Самарқанднинг кўркига яна кўрк қўшади.
"Тоҳир ва Зуҳра" зиёратгоҳини ободонлаштириш лойиҳаси билан таниш бўлганлигим сабабли суҳбатга мутлақо берилиб кетдим:
- Демак, чет эл адабиётидаги асарлар, муҳаббат достонларининг қаҳрамонлари тўғрисида ҳам "Муҳаббат" қасридан жой ажратилар экан-да?
- Албатта, бу онамнинг таклифи, чунки, "Тоҳир ва Зуҳра" воқеалари V аср бошида содир бўлган, дунё халқлари орасида афсонага, севги ва муҳаббат достонига айланган. Шундай экан, V асрдан бошлаб, токи ҳозирги бизнинг асримизгача бўлган даврлар орасида пайдо бўлган муҳаббат қаҳрамонлари, айтилган афсона-ю, ёзилган достонларнинг барчаси "Тоҳир ва Зуҳра"нинг таъсиридадир. У - муҳаббат достонларининг бешиги, севги соҳибларининг устозидир. Алқисса, "Тоҳир ва Зуҳра" дан сўнгги "Алпомиш", "Гўрўғли", "Юсуф ва Зулайҳо", "Фарҳод ва Ширин", "Лайли ва Мажнун", "Баҳром ва Дилором", ҳамда "Маҳобҳорат", "Отелло", "Ромео ва Жульетта", "Клеопатра", "Мидея", "Шоҳ Эдип", "Ўткан кунлар" (ва ҳоказо). Ушбу асарлар ва уларнинг қаҳрамонлари ҳаётидаги кульминацион нуқталарнинг тасвири, иллюстрациялар, ҳайкал, монументлар "Муҳаббат" қасридан жой олади. Қасрнинг умумий кўриниши юрак шаклини ифодалайди. Юракни яъни қасрнинг дарвозасини очиб, ичкарига кирган киши ўз қалбида асар қаҳрамонларининг жасорати, муҳаббати, она Ватанга садоқат, тинчлик ва бахт учун курашиш, энг муҳими мустаҳкам оила ва фарзанднинг қадрига етиш каби инсоний туйғуларга ошно бўлади, миллатлараро тинчлик, дўстлик ришталари, дунё адабиёти ва жаҳон халқлари орасидаги ҳамжиҳатлик фазилатларининг остонаси бўлади. Лойиҳамизнинг баҳоси қиммат, ҳажми катта деганимиз боиси ҳам шунда, бунда мавзу кўп, мақсад ва аҳамият катта. Қасрга кирган ҳар бир давлат, халқ ва миллат вакили жаҳон адабиёти асарлари қаҳрамонларининг даврасидан, ассамблеясидан ўзларининг миллий маданияти, халқ қаҳрамонларини топишлари ва бу билан фахрланишлари лозим. Бу ўринда албатта, чет эл адабиёти вакилларини ҳам лойиҳа ишига жалб қилиш мақсадга мувофиқдир. Чунки, ҳар бир адиб ўз халқи ва адабиётининг тарихини, бугунини яхши билади ва жаҳон адабиётининг бу каби жонли кўргазмасидан муносиб жой олиш учун ҳаракат қилади, муҳими, чет эл адабиёти ва асарлари қаҳрамонларининг биз билмаган қирралари очилади. "Муҳаббат" қасрининг мазмунини янада бойитади. "Тоҳир ва Зуҳра" достони учун алоҳида музей очилади. Унутилиб бораётган ўзбек достончилигини, бахшилар, оқинлар ҳаёти ва ижодини мужассам этадиган катта кутубҳона ташкил этилади. Кутубхонада ўзбек адабиёти тарихидаги барча достонлар жойланади ва ўқув зали хизмат кўрсатади. "Муҳаббат" қасри нафақат, ўзбек халқ достонларининг, қолаверса, жаҳон адабиёти муҳаббат достонларининг тарғибот маркази бўлиб дунё аҳлига хизмат қилади.
"Тоҳир ва Зуҳра" Оқдарёни оламга машҳур этади. Азиз газетхонлар, 2014 йил ушбу зиёратгоҳнинг очилиш тақдимоти ўтказилган кунлар арафасида худди шу сарлавҳа остида "Олтин мерос" халқаро хайрия жамоат фонди Оқдарё туман муассасаси раиси Ойгул Маматова билан суҳбатимиз эълон қилинган эди. Ўтган йиллар давомида "Тоҳир ва Зуҳра" зиёратгоҳини ободонлаштириш, тарғибот ва ташвиқот ишлари борасида жуда кўплаб саъй- ҳаракатлар қилинди. Республика, вилоят ва туман газеталарида, "Маҳалла", "Миллий Тикланиш", "Ҳуррият", "Даракчи", "Зарафшон" ҳамда "Оқдарё овози" туман газетамиз саҳифаларида бир қатор мақолалар чоп этилди. "Ўзбекистон", "Ёшлар", "Дунё бўйлаб" ҳамда СТР, СТВ вилоят телеканалларида, радиоларида кўрсатувлар, эшиттиришлар эълон қилинди. Зиёратгоҳ йўлига тош тўшалиб, кўплаб тадбирлар ўтказилди. Зиёратгоҳга келувчи меҳмонларнинг сони кўпаймоқда. Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Археология институти директори, профессор А.Бердимуродов, археологлар М.Пардаев, С.Раимқуловлар,бокс бўйича жаҳон чемпиони Р.Рисқиев, географ олим, профессор М.Ҳошимов, Ўзбекистон Халқ артисти Г.Зокирова, Республика Олий мажлиси депутатларидан А.Пардаев, маданият вазирлиги ходимлари ва бошқа юзлаб шоир, ёзувчилар, республикамизнинг барча вилоят,туманларидан зиёратчилар келмоқдалар.
Рамазон ҳайити арафасида Ўрта Осиёда археология фанининг етакчи олимларидан бири, академик Аҳмадали Асқаров Самарқанд Давлат Университетининг Тарих факультети археология кафедрасининг устозлари билан ҳамкорликда туманимизнинг "Қоработир" қишлоғидаги "Тоҳир ва Зуҳра" зиёратгоҳига ташриф буюрди. "Тоҳир ва Зуҳра" қабристонининг тарихи, XV асрга доир қабр тошининг топилганлиги тўғрисидаги маълумотларни шарҳлаб, ушбу қадамжонинг ободонлаштирилиши халқимизнинг, айниқса, ёшлар, ёш оилалар тарбиясида, жамиятимизда оила институтининг мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этиши тўғрисида таклиф ва мулоҳазалар билдирдилар. Дунё мамлакатларининг тарихи ва маданиятини бир-бирига боғлаб турган "Буюк ипак" йўлининг ушбу зиёратгоҳга яқин ўтиши, дарё соҳилидаги мусаффо ҳаво, ер ости булоғидан олинаётган ичимлик сувининг аъло сифатини олим юқори баҳолади ва ушбу қадамжо қошида "Муҳаббат қасри" номли ўзбек халқ достонлари очиқ музей хиёбони тарихий-ижтимоий, маданий-маърифий мажмуасининг очилиши тўғрисидаги лойиҳаларимизни маъқуллади.
2018 йил 8 май куни қабристон ёнидан, Оқдарё ўзанидан, уч метр чуқурликда, тошлоқ тагидан "Самсунг" чангалига илиниб қабр тоши чиқди. Қабр тошини келиб, кўриб ўқишга ёрдамлашган Самарқанд Давлат Университети тарих факультети манбашунослик кафедрасининг устозлари, электрон суратини ўқиб, телефон орқали қисман маълумот берган тарихчи устозимиз Комилхон Каттаевга, шогирдларига чин қалбимиздан миннатдорчилик билдирдик.
Биз қабр тошини Самарқандга, Регистон майдонидаги хаттотлар, ҳунармандлар мадрасасига олиб бордик. Самарқанд обидалари ёзувларининг моҳир хаттоти, устоз Абдужалил Эргашев қабр тошидаги ёзувларни синчиклаб ўқидилар ва бизни хурсанд этгувчи тарихий фактларни таъкидладилар.
Қабр тоши ҳижрий 1001 (мелодий 1536) йилда битилган. Устки қисми ва олд томонига ўттиз уч Аллоҳнинг номлари ҳамда муқаддас Қуръон оятлари ёзилган. Қабр тоши 16-17 ёшдаги ўспирин йигитнинг жасадига тааллуқли бўлиб, оёқ томонига дафн вақти, бош томонига "Бу қабр Ал-Ҳусейнга тегишли" деб ёзилган. Дарҳақиқат, достонда ёзилиши бўйича 17 ёшли Тоҳир сандиққа солиниб, Зарафшонга ташланади, олти ойдан сўнг юртига қайтиб келгач, қатл этилади. Худди ўша мелодий 1536 йилларда бизнинг Миёнколимиз Бухоро хонлигига, хон Бобохон ҳудудига тегишли бўлган. Демак, достон воқеалари замони ҳамда маконининг 2-вариантига мутаносиблиги яна бир тарихий асос эмасми?
Орзуга айб йўқ, - деди Ойгул Маматова ўғлининг қўлидаги лойиҳа нусхасини олар экан, суҳбатимиз ниҳоялашаётганини сезиб. - Биз ишладик, ўргандик, орзу қилдик, натижада мана шу лойиҳа дунёга келди, энди буёғи Аллоҳга ҳавола. Балким, мутахассислар, мутасаддилар томонидан янги қўшимчалар, таклиф-мулоҳазалар булар, бажонидил, қандай, ким томонидан бўлмасин, ушбу лойиҳа амалга оширилса, биз хурсандмиз.
Бир гуруҳ зиёратчилар "Қоработир" қишлоғидан қайтар эканмиз, ортимизда қолаётган азиз қабристон, қўлларида бир парча қоғоз, аммо қалбларида дунёларга тенг орзулар билан яшаётган она-болалар кўз ўнгимиздан кетмасди.
"Албатта, - деди ҳайдовчимиз машинага кираётган чангларни қувиб, ойнани ёпар экан, юксак ишонч билан. - Бу мўътабар жой, албатта, обод бўлади, Худо хоҳласа, Тоҳир ва Зуҳраларнинг 1500 йиллик тўйини шу қишлоқда, мана шу боғларда нишонлаймиз!
Мен-чи? Ҳозирча ишни ушбу мақолани ёзишдан бошладим. Нега? Нима учун "Тоҳир ва Зуҳра" зиёратгоҳини ободонлаштириш ишларига эътибор берилмаяпти? Бу саволга жавоб топиш биз оқдарёликларнинг юртимиз тарихи олдидаги бурчимиз ҳамда хайрли ишимиздир.
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий Уюшмаси аъзоси, «Йилнинг энг фаол журналисти» республика ғолиби.
Тарихга бир назар
- 21 янв, 14:22