Инсон ва қонун ФИРИБГАРЛИК КЎПАЙМОҚДА. БУНИНГ САБАБИ НИМА?

Ижтимоий турмушда инсонлар ўзаро бир-бирлари билан муомала қилар экан, улар орасида турли хил муносабатлар ўрнатилади. Айримлар соф, ҳалол йўл билан, ўзгалар ҳақидан қўрққан ҳолда бу муносабатни ўрнатса, айримлар инсонларнинг соддалиги, ишонувчанлигини суиистеъмол қилади. Бундайларнинг ҳам жамиятда ўз номи мавжуд фирибгарлар ва товламачилар.
Сўнгги вақтларда фирибгарлик, товламачилик, молиявий пирамида билан боғлиқ жиноятлар ортгани сир эмас. Охирги 5 йилда ушбу жиноятлар билан боғлиқ бир нечта шов-шувли ишлар ОАВ орқали ёритилди. "Аҳмадбой иши", "Амила-Баҳора" ва бошқа бир қатор хусусий бандлик агентликлари, "Straus House" МЧЖ, "LAND ROVER", "Diyora Orzu Trans" каби бир қатор фирма ва тадбиркорлик субъектлари билан боғлиқ ишларга ҳам кўп бўлгани йўқ. 
Бу турдаги жиноятлар юзасидан тергов органи ходимлари томонидан маҳалла идоралари, олий ва ўрта-махсус таълим ҳамда халқ таълим муассасаларига ҳар ҳафтада жиноятчиликнинг муҳокамаси, жиноятларни олдини олиш, уларни бартараф қилиш чоралари, шунингдек фуқароларни ушбу турдаги жиноятларни қурбони бўлиб қолмаслик борасида йиғилиш, давра суҳбатлари ўтказилиб келинмоқда.
Энг ачинарли ҳолати шундан иборатки, шунча воқеалардан сўнг ҳам фирибгарлик жинояти ёхуд фирибгарлик ва товламачи қармоғига илинаётган ватандошлар сони камайиб қолаётганлиги йўқ. 
Сўнги йилларда ушбу фирибгарлик ва ўғирлик жиноятининг янги турлари содир бўлмоқда, хусусан интернет тармоқлари орқали оғир хаста ватандошларимизга ёрдам бериш мақсадида турли сайтлар очилиб фирибгарлар ўзларининг банк карталарини жойлаб, сахий инсонларнинг пулларини ўзлаштириш ҳолатлари, шунингдек ўзларини турли банк, "клик" ёки "пайме" компания ходими эканлигини айтиб таништириб, телефон рақамига келган махсус кодни айтишини маълум қилиб, фуқаролардан махсус кодларни қўлга киритиб уларнинг банк картасида мавжуд бўлган пулларни ўзлаштириб юбориш ҳолатлари жуда ҳам кўпайиб кетганлиги сабабли, инсонларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларга ушбу жиноятлар ҳақида тушунтириш берилишига қарамасдан юқоридаги жиноятларнинг қурбонига айланиб қолиш ҳолатлари ортиб бормоқда.
Дин жиҳатидан ҳам фирибнинг ҳар қандай тури ҳам ҳаром бўлиб, ман этилган бўлиб, чунки фирибгарликда бир томон фойда топса-да, иккинчи томон зарар кўрмоқда. Динимизда зарар бериш ҳам йўқ, зарар кўриш ҳам йўқ.
Жиноят кодексининг 168-моддасида кўрсатилган фирибгарлик 5 та қисмга бўлинган. Уларнинг 4 та қисмида жиноятни қайси ҳолатларда оғирлаштирувчи малакалаш кўрсатилган. Бешинчи қисмида енгиллаштирувчи ҳолатлар баён этилган. Яъни жиноят содир қилгандан кейин етказилган моддий зарар тўлиқ қопланса, айбланувчи гумон қилинувчи ёки судланувчига озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши   мумкин.
Охирги нутқда суднинг ҳукми билан қўйилади. Жиноят кодексида фирибгарлик жинояти учун максимал жазо тариқасида 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.
Сўнгги вақтларда ушбу фирибгарлик ва коррупцион жиноятларига нисбатан кескин курашиш мақсадида, бир қанча қонун лойиҳалари тайёрланмоқда, ушбу жиноятни қонунан охир чоралар орқали жазо бериш йўли билан ҳал этмасак келгусида ушбу жиноятнинг қурбонлари янада ошиб бораверади.
Сўнгги сўзимиз эса алданманг, ўзингизни ва яқинларингизни асранг! 
Ж.АБДУҲАКИМОВ,
Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ
 ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси, капитан. 
Мавзуга оид: