ИСТИРОҲАТ БОҒИНИНГ ЭГАСИ БОРМИ?

Айни ёзнинг жазирама иссиқ кунларида соя-салқин гўшаларда мириқиб дам олишнинг гашти ўзгача. Айниқса, тумандаги "Истироҳат боғи" бугунги кунда нафақат болажонлар, балки катталар учун ҳам севимли масканга айланганлиги айни ҳақиқат. Шу боисдан ҳам бу сўлим гўша куну тун тумандошларимиз билан гавжум.
Дам олиш куни одатдагидек, оиламиз билан кечки вақтимизни мароқли ўтказиш мақсадида Истироҳат боғига ташриф этдик. Болажонларимизнинг қувончи ичига сиғмай, ҳали у ўйингоҳга, ҳали бу ўйингоҳга қараб югуриб кетишар, улар учун паркдаги ҳар бир аттракцион қизиқарли ва мароқли эди. Тўғрисини айтганда, аслида ҳам шундай. 
Лекин, бу ердаги санитария ва гигиена ҳолатларининг талабга жавоб бермаслиги кўпдан буён биз катталарни ташвишга солмоқда. Негаки, ҳар гал паркка ташриф этар эканмиз, дарвозадан киришда жойлашган болалар ўйингоҳи диққатимизни жалб қилади. Тўғрироғи, болаларимиз шу ўйингоҳни кўпроқ яхши кўришади, биз эса ушбу ўйингоҳнинг қайта-қайта таъмирланиб, кунга-кунга эскириб, ночор аҳволга келиб қолаётганлигини кўриб хавотирга тушамиз. Ахир ҳаво орқали тўлдирилган ушбу ўйингоҳни баландлигидан пастга қараб тушаётган болалар ҳаёти учун хавф солмаслигига ҳеч ким кафолат беролмаслиги аниқ. Қолаверса, бу ердаги чанг ва ифлосликни вақти-вақти билан тозалаб туриш лозимлигини ўқтирар эканмиз, ўйингоҳни бошқариб турган ёш болалар бу ҳақда етарли маълумотга ҳам эга эмаслиги кўриниб турар эди. Ён атрофидаги электр симлари ҳам очиқ ҳолатда ташлаб қўйилганлиги, атроф-муҳитнинг ифлослиги, тўсиқларнинг ҳар томонга қараб синиб ётганганлигига қараб баттар таажжубланасан киши. Паркдаги бошқа аттракционларни ҳам вақти-вақти билан таъмирлаб, уларнинг санитария ҳолатини мунтазам равишда назорат қилиб туриш ҳақида ким қайғуради? Бу ердаги бепарволик, ўзибўларчиликни қандай баҳолаш мумкин? Шунингдек, дам олиш масканидаги аттракционларнинг нарх-навоси, вақти  ҳам турли хиллиги, аниқ бир қўлланманинг мавжуд эмаслиги тумандошларимизнинг эътирозларига сабаб бўлмоқда. 
Хўш, "Истироҳат боғи"нинг эгаси ким? Тумандошларимизнинг эътирозларига сабаб бўлаётган бу маскандаги муаммоларни бартараф этишда мутасадди ташкилотларнинг жавобини кутиб қоламиз.
Н.САФИНА,
                                  Лойиш шаҳарчаси.
Мавзуга оид: