УЙ БОҒЧАЛАРИНИ КИМ НАЗОРАТ ҚИЛАДИ?

Болалар - бизнинг келажагимиз, бошлаган эзгу ишларимизнинг давомчилари, кўзимизнинг нури, қалбимиз сурури. Мамлакатимизда болалар келажагимиз ворислари, миллатимиз давомчилари сифатида эъзозланади. Болаларни жисмонан ва маънан баркамол авлод этиб тарбиялаш борасидаги ислоҳотлар ҳаётимизнинг бошқа соҳалари билан ўзаро чамбарчас боғланган ҳолда, тизимли ва босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Хусусан, болаларни боғчага қабул қилиш билан боғлиқ ҳужжатбозликлар, сансалорликларга барҳам бериш бўйича қатор ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда туманимизда ҳам бу борада ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Туманда мактабгача таълим ташкилотлари сони қарийб 200 нафарга етиб қолди. Болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш 70-80 фоиздан ошиб кетди. Замонавий талабларга мос, янги боғчаларни қуришга, мавжудларини таъмирлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Тизимдаги мавжуд муаммолар ўрганилиб, изчил ҳал этиляпти. 2023 йил 1 январдан давлат мактабгача таълим ташкилотларида бола таъминоти учун тўлов миқдори камайтирилганлиги ҳам кўпчилик ота-оналаримизни қувонтирди:

- 2 нафар фарзандимни қишлоғимизда фаолият кўрсатаётган уй боғчага бераман,- дейди ёш ўқитувчи. - Қишлоқ боғчамизда болалар учун яратилган барча шарт-шароит ва фарзандларимизнинг озиқ-овқат билан таъминланишидан кўнглимиз тўқ. Янги йилдан бошлаб ҳар бир фарзандим учун ойлик тўлов миқдори 100 мингдан 80 минг сўмга камайтирилди. Биз бундан жуда ҳам хурсанд бўлдик. 

- Болалар боғчаларига тўлов миқдори камайтирилганлигини эшитиб биз ҳам   қувонган эдик,- дейди Лойиш шаҳарчаси Мустақиллик маҳалласида яшовчи Наима опа. - Набираларимнинг 2 нафарини хусусий боғчага бераман. Уларнинг ҳар бири учун 400 минг сўмдан тўлов тўлаймиз. Лекин, хусусий боғчаларда тўлов миқдори камаймаганлигига ҳайрон қолдик. Набираларимнинг оналари бола парвариши таътилида уйда ўтирган бўлса, ахир, бу тўлов ҳар бир оила учун ҳам қимматлик қилади-ку...

Дарҳақиқат, қишлоқ билан шаҳар ўртасидаги, давлат ташкилоти билан нодавлат ташкилотлар ўртасидаги ойлик тўловнинг бир-бирига мос келмаслигини бугунги кунда ҳар биримиз яхши англаймиз. Лекин, фарзандлари 3 ёшга тўлмаган оналаримиз оилавий шароити туфайли ўз иш фаолиятини давом эттириш учун боласини оилавий нодавлат таълим ташкилотларига беришга мажбур бўлишиб, олган маошларининг кўпгина қисмини боғча тўловига сарф қилишаётганлиги ҳам ҳеч биримизга сир эмас.

Шуниси таажжубки, айрим оилавий нодавлат ташкилотларида болалар сони белгиланган нормадан анча зиёд бўлиб, болалар ёшига қараб гуруҳларга ҳам ажратилмаган. Таълим-тарбия жараёнлари ҳам талаблар даражасида эмас. Болалар турли хил транспорт воситаларида уйларига олиб борилмоқда. Ахир, йўл ва техника хавфсизлигига риоя қилиш болалар ҳаёти билан боғлиқ жуда муҳим масала ҳисобланади.

Мамлакатимизда бугунги кунда мактабгача таълим узлуксиз таълим тизимининг ажралмас бўлагига, таъбир жоиз бўлса, унинг дебочасига айланган.  Ҳозирги кунда замон талабидан келиб чиққан ҳолда уй шароитида хусусий боғчалар очишга кенг имкониятлар яратилмоқда. Хулоса қилиб айтганда, биз туманимиздаги айрим нодавлат мактабгача таълим муассасаларида айни пайтда учраб турган баъзи бир камчиликлар ҳақида жамоатчилик фикри асосида ўз мулоҳазаларимизни билдирдик холос. Бу каби салбий ҳолатларга албатта, барҳам берилади, деган умиддамиз.  

Ўз мухбиримиз.