Шахсий мулоҳаза ТАЖРИБАЛИ КАДРЛАР ДОИМО КЕРАК

Қўлимга қалам олишга "Даракчи" ҳафтаномасининг 29.02.2024 йилда чиққан 9-сонидаги иккита мақола (хабар) ундади. Ўзимча ушбу ҳафтаномани унча хушламасамда, мамлакатимизда рўй бераётгн шов-шувли янгиликларга унча чуқур, теран жавоб бўлмаса-да, жиндаккина аниқлик киритилади.
Биринчиси, шу сонда Ўзбекистон Республикаси транспорт прокуратураси томонидан ҳамюртларимизни Умра зиёратига жўнатувчи 39 та хусусий фирманинг фаолиятини тўхтатиб туриш ҳақида судга даъво аризаси киритилган. Уларнинг айби билан 3931 нафар фуқароларимиз Умра сафарида Саудия Арабистонида сарсон-саргардончиликда юришибди. Агар ҳар бир фуқаро ўртача 15 млн.дан тўлаган бўлса, 3931 х 15 млн.= 59 млрд. бўлади.
Иккинчиси, хусусий олий таълим бўйича маълумот бўлиб, унда 67 та хусусий олий таълим муассасалари бўйича гумонларга баҳоли қудрат ойдинлик киритилган. Шунингдек, 5 та хусусий ОТМнинг лицензияси бекор қилинганлиги, яна биттаси бўйича эса суд жараёнлари давом этаётганлиги ҳақида маълумот берилган.
Ажабланарли жойи шуки, лицензияси бекор қилинган хусусий олий таълим муассасасининг ўқувчи талабалари ўрганилганда, кундузги бўлимда 100 та талаба, сиртқи бўлимда 5000 талаба ўқир экан. Энди ҳисобланг, кундузги майли, сиртқи бўлимдаги талабаларнинг контракт пули 5000 х 15млн.(ўртача бўлса)= 75 млрд. бўлади. Бу бир курс учун тўлов. Менимча, контракт пули тўланмаса, талабалик гувоҳномаси берилмайди. Биз бу билан келажагимизга болта урмаяпмизми? Қаерга кетаяпмиз?
Ўзимча ўйлаб қоламан, қишлоқ хўжалиги олийгоҳларини битирган олим-агрономлар, зоотехниклар, ветеринария врачлари, ҳисобчилар қаерга ишга жойлашаяпти эканлар?
Эсимдан чиқмайди, 1991 йилда мени, ёшгина мутахассисни "Гулистон" жамоа хўжалиги раҳбарлилига тавсия қилдилар. 7 та катта қишлоқ, 16 та бригада, беш юздан зиёд қорамоли бўлган чорва бўлими, икки ярим минг гектарга яқин ҳайдаладиган ери бўлган катта хўжалик. 1200 гектар атрофида пахта, 300-400 гектар майдон атрофида ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалик экаинлари экиларди. Ҳар бир бригадада биттадан ҳайдов трактори, биттадан транспорт трактори бўлар эди. Уч йил ишлаган бўлсам, фақат пахта тайёрлаш режасини бажара олмаганман. Кўп йиллар ўйлаб, шундай хулосага келдим. Маъмурий буйруқбозлик, яъни декабргача ғўзани йиғиштирмаслик, шудгорнинг январь-февраль ойларига ўтиб кетиши, шунинг оқибатида ҳосилдорликнинг пасайиши, пировард натижада пахта тайёрлаш режасининг барбод бўлиши экан.
Ўша вақтлари шартнома тўғридан тўғри пахта заводи ва дон комбинати билан тузилар эди. Аванс пуллари ва якуний пуллар бевосита хўжаликнинг ҳисоб рақамига тушар эди.
Раҳматли устозларим Шодиқул Назаров, Мамарасул Жўраев, ҳозирда ҳаёт Баҳриддин Санақуловлар ҳақиқий ер билан тиллашадиган, буюк деҳқон ва раҳбарлар бўлишган. Бир куни Шодиқул бобо "болам, ҳар ишни оби-тобида бажариш керак", деганларида, "оби-тоби" нима экан, деб ажаблангандим. Энди билсам, оби - намлиги, тоби - иссиқлиги экан. Мамарасул раис бобо "болам, бир қарич ерни бўш қолдирма, куяси уради", дер эдилар. Санақулов раис бобо, бир куни "болам, нега кесакни майдаламай "олма кесак" қилиб ерни тайёрладинг, пахта чиқмай қолади-ку", деб танбеҳ бергандилар. Санақулов раис бобога "раис бобо, фалончининг иши юришмаяпти экан", десангиз ўзига хос қўлларини силтаб, э, қўйинг, у бети ювуқсиз, отасидан овмин олмаган", дер эдилар. Мана шу ўгитларнинг қанчалик ҳаётийлигини ёшим етмишни қоралаганда англаб етаяпман.
Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Энг етакчи давлатлар шифокорларининг қатъий фикрига кўра, яшаш шароити яхшиланганлиги боис одамнинг (инсоннинг)ёши 15-20 ёшгача яшарган, умри узайган, яъни 70-75 ёшли отахон ёки онахонни 50-55 ёшда деб тушуниб, англаб, уларни дарров нафақага қувмай, билим, тажрибасидан оқилона фойдаланиш зарур. Яна тажрибалар шуни кўрсатадики, инсон миясининг энг сермаҳсул даври 60 ёшдан кейин бошланар экан. Инсон бекорчиликдан, ҳеч кимга керакмаслигидан тез қарий бошлар экан.
Мавзуга қайтсак. Интернет тармоқларини кузатиб бориб, эътибор қилдимки, Сурхондарё, Қорақалпоғистон республикаси, Қашқадарё, шунингдек, Жиззах, Сирдарё вилоятларининг ва ўзимиздан Пайариқ тумани аксарият фермерлари кластерлар раҳбарларидан норози. Сабаби битта, топширилган хомашё (пахта, дон) учун аванс ва якуний тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилмаслиги. Олиб келинаётган ёқилғи мойлаш материаллари, ўғит, уруғликларнинг таннархи ва кластерлар томонидан қўйилган устамаларнинг мавҳумлиги. Ҳаққоний савол туғилади, фермерлар ва давлат ўртасига шу воситачи керакми? Баъзилардан сўрасангиз, кластер нималигини маъносини билмайди. Кези келганда айтиш керак, энг юқори шаффофликни банк тизимида ташкил қилиш лозим. Чунки молия - пул оқимида катта ўпирилишлар бўлади. Оноре-де-Бальзак айт-ганидек, "қаерда катта бойлик айланса, ўшанга мувофиқ равишда жиноят айланади".
Бу фикрлар менинг, ожизона ўй-фикрларим, ҳар ҳолда халқимизнинг турмуш даражаси яхшиланса, моддий-маънавий бойликларимиз кўпайса, дейман. А, лаббай?
Собир АМИРОВ, 
меҳнат фахрийси.
Мавзуга оид:
Суд ва ҳаёт

Суд ва ҳаёт

  • 31 мар, 15:18
Суд ва ҳаёт

Суд ва ҳаёт

  • 31 мар, 15:10