ФАРЗАНД ТАРБИЯСИДА ОТА-ОНАНИНГ МАСЪУЛИЯТИ

Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги қонуни ҳамда бошқа қатор қонунларда вояга етмаган болаларнинг ота-оналари ёки қонуний вакиллари боланинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишлари шарт ҳамда уларнинг тарбияси, мактабгача, умумий ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишлари учун жавобгарлиги белгиланган.
Шунингдек, ота-оналик ҳуқуқи, мамлакат қонун ҳужжатларига мувофиқ, болалар манфаатларига зид равишда амалга оширилиши мумкин эмас. Оилада болаларни тарбия қилиш усуллари, амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, менсимаслик, шафқатсиз, қўполликдан, инсоний қадр-қимматни камситувчи муомалада, болаларни ҳақоратлаш ёки эксплуатация қилишдан ҳоли бўлиши керак.
Оила кодексида бола манфаатларини энг яхши тарзда таъминлаш принципи ҳам ҳисобга олинган. Бунинг учун ота-оналарга тегишли ҳуқуқлар, шу жумладан, ўз фарзандини шахсан тарбиялаш ҳуқуқи берилган.
Бу ҳуқуқ Ўзбекистон Республикаси Конс-титуциясининг 64-моддаси билан ҳам кафолатланади. Лекин барча ота-оналар ҳам болалар тарбиясига масъулият билан қараяпти, деб бўлмайди. Сир эмаски, кўпчилик ота-оналар оилавий тарбия ишининг ўзига хос усулларидан самарали фойдаланишга эътибор бермайди ёки билмайди.
Кўпчилик оилаларнинг бола тарбиясидаги тажрибаларини кузатиш ва ўрганиш материалларига таяниб оила тарбиясида йўл қўйилаётган хатоларнинг сабаби ҳақида қуйидагиларни айтиш мумкин.
Баъзи ота-оналар болалар тарбиясида жамиятимизнинг талабларини ҳисобга ола билмайдилар, шунингдек кўпчилик ота-оналар болаларга яхши тарбия бериш ниятида бўлсалар ҳам лекин бу ишнинг ўзига хос қонуниятларини билмайдилар. Айрим ота-оналар бола тарбиясидаги ўз бурч ва масъулиятларини тўла англамайдилар.
Албатта ота-оналар томонидан йўл қўйилаётган бундай хатолар эртага жамиятга носоғлом оилаларнинг вужудга келишига сабаб бўлиши мумкин.
Ҳақиқатдан ҳам айрим оилаларда фарзандларга бефарқ, лоқайд қарашлар натижасида илм-маърифат, эзгулик ва яхшиликни тараннум этувчи фарзандлар жоҳиллик, қабиҳлик, ўз она юртининг осойишта ҳаётига раҳна солувчи турли оқимларга эргашувчи ақидапараст бўлиб қоладилар.
Фарзандларнинг дарс машғулотларидан кейин нима ишлар билан машғуллигини, қандай машғулот билан бандлиги ҳақида ҳатто ўйлаб ҳам ўтирмайдиган ота-оналар борлиги ҳаммамизни ажаблантиради. Фарзандингиз қаерда, деган саволга кўпчилик уйда ёки ўртоғиникида деб жавоб беришади, лекин аслида уларнинг ҳақиқий ҳолатидан бохабар бўлмаслик ёмон. Ҳолбуки, қонунчилигимизда вояга етмаганларнинг тунги вақтда ота-онасидан бири ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг кузатувисиз интернет-кафеларда, кўнгил очар ёки дам олиш жойларида бўлишига йўл қўймасликка оид меъёр белгиланган. Бундан кўзланган мақсад болаларни миллий қадриятлар ва анъаналарга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги тадбирлар самарадорлигини оширишдир.
Вояга етмаган болаларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш, тарбиясига эътиборсизлик хунук оқибатларга олиб келиши мумкин. Ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда миллий ўзлигимиз, азалий қадриятларимизга ёт, ёшларимизнинг онги ва қалбини эгаллашга қаратилган ғаразли хуружлар тобора кучайиб бормоқда.
Амалга оширилаётган бундай чора-тадбирлар, тарғибот-тушунтириш ишлари натижасида ота-оналарнинг вояга етмаган фарзандларини назоратсиз қолдириш ҳолатлари тобора камаймоқда. Лекин озгина эътиборсизлик, тарбиядаги заррача бўшлиқ ҳам эртага қандай оғир оқибатларга олиб келишини чуқур англаш, доимо огоҳ бўлиб яшаш хотиржамлик гарови эканини асло унутмайлик.
Ёшларимизни шундай нохуш ҳолатлардан асраш учун авваламбор, ҳар бир ота-она тарбиянинг ўзига хос назарий ҳамда амалий қонун-қоидаларини ўзлаштириш, уларга амал қилиши лозим. Негаки, оилада бола тарбияси ғоят нозик мурраккаб масала бўлиб, ота-онадан етарлича билим, катта тарбиячилик маҳоратини талаб қилади.
Шу билан бирга болаларда ижобий хулқ-атвор кўникма ва малакаларни шакллантиришнинг ўзига хос кўпгина метод ва усуллари борки, ҳар бир ота-она уларни билиши ва ҳар қайсисидан ўз ўрнида, меъёрида фойдалана билиши ғоят муҳим аҳамиятга эгадир. Булар жумласига ибрат намуна усули, яхши хулқ-атворга ўргатиш, одатлантириш, ўрни келганда насиҳат қилиш, жиддий танбеҳ бериш, унга муносабатни ўзгартириш, ишонтириш, жамоатчиликнинг таъсири, рағбатлантириш ва қоралаш каби воситалар шундай методлардан ҳисобланади.
Шу қаторда оиланинг асосий вазифаларидан бири ёшларимизда ватанпарварлик ҳис-туйғуларини шакллантириш ва Ватанимизга муносиб бўлган, ҳар томонлама етук ва баркамол, илмли, ақлли, комил инсонларни тарбиялаб вояга етказишдан иборат бўлиши шарт.
Муҳайё Жўраева,
19-умумтаълим мактаби
ўқитувчиси.
Мавзуга оид:

МИЁНКОЛНИНГ СЎЛИМ МАСКАНИ
- 02 дек, 12:24

Суд ва ҳаёт
- 31 мар, 15:18

Суд ва ҳаёт
- 31 мар, 15:10

Инсон ва қонун
- 25 мар, 15:21