Миллий либос – миллат ғурури

  Миллий либосларимиз – бу нафақат кийим-кечак, балки аждодларимиз мероси, маданиятимиз тимсоли ва ифтихоримиздир. Ҳар бир чакмони, дўппи ёки атласу адрасдан тикилган кўйлакда бобокалонларимизнинг маънавияти, анъаналари ва нафис зеҳни мужассам.

  Бугунги кунда миллий либосларимиз нафақат байрамларда, балки кундалик ҳаётимизда ҳам ўз ўрнини топиб бормоқда. Уларни кийиш – нафақат анъаналарга садоқат, балки замонавийлик ва ўзига хослик белгисидир. Миллий кийимлар инсонга нафосат бағишлайди, уни янада кўркам ва диққатга сазовор этади.

  Биз ўз маданиятимизни қадрласак, уни келажак авлодга етказсак, миллат сифатида янада кучли ва баркамол бўламиз. Ана шундай ғоя ва эзгу фикрлар асосида бугунги кунда республикамизнинг барча жойларида бўлгани сингари туманимизнинг барча маҳаллаларида, мактабгача ва мактаб таълими муассасаларида “Миллий либос – миллат ғурури” шиори остида тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

  7 февраль куни Оқдарё педагогика коллежида туман бош отинойиси Шаҳло  Ҳакимова, туман ички ишлар бўлимининг инспектори Дилдора Эшонқуловалар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

    Тумандаги маҳаллаларда фаолият кўрсатаётган отинойилар ва маҳалла фаоллари иштирок этган ушбу йиғилишда   жойларда миллий қадриятларимизни мустаҳкамлаш, оилавий низоларнинг олдини олиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

 Шунингдек, миллий либосларимизни фахр билан кийиб, улуғ аждодларимизнинг анъаналарини давом эттириш тарғиботини кучайтириш, ўзбек миллий либосларига меҳр уйғотиш ва оммалаштириш, замонавий кийинишда ўзбекона миллийликни тарғиб қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

                               Сайёра ПАРДАЕВА,

               Кумушкент маҳалласи отинойиси.