СИФАТ ВА САМАРАДОРЛИКНИ ОШИРИШ АСОСИЙ МАҚСАДИМИЗ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган "Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш масалалари"га бағишланган йиғилишда Муҳтарам Президентимиз: "Бир сўз билан айтганда, биз мактабгача таълим соҳасида ҳар жиҳатдан замонавий тизим яратишимиз керак. Келгусида 3-7 ёшдаги барча болаларни мактабгача таълимга тўлиқ қамраб олишга эришмоғимиз шарт. Бу эртанги кунимизни ҳал қиладиган масала ва биз буни албатта амалга оширамиз", деб таъкидлаган эди.
Жорий йилнинг 9 ойи давомида туман мактабгача таълим бўлими томонидан қу-йидаги ишлар амалга оширилди:
2022 йил январь ҳолатига кўра мактабгача таълимни бошқаришнинг "Болалар Боғчаси" ахборот тизимига жами 191 та мактабгача таълим ташкилотлари, шундан 29 та давлат, 10 та давлат-хусусий шериклик асосидаги ва 153 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари киритилган. Ушбу мактабгача таълим ташкилотларида  жами 10902 нафар тарбияланувчилар "Болалар Боғчаси" ахборот тизимига киритилган бўлиб, қамров 80.1  фоизни ташкил этган.
Жорий йилнинг сентябрь ойига қадар 5 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти қуввати 25 нафардан 50 нафарга оширилди.
Туманда 6 та янги оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилиб, бу ташкилотларга 350 нафар бола қамраб олинди. Шунингдек, "Обод қишлоқ" давлат дастури доирасида 1 та давлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилиб, бу ташкилотга  60 нафар болалар қамраб олинди.
2022 йил сентябрь ҳолатига кўра туман бўйича 3-7 ёшли болалар  14038 нафарни ташкил этиб, шундан 11554 нафари туман мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиниб, қамров 82,3 фоизга кўтарилди.
Жорий йилнинг якунига қадар тумандаги 29 та давлат мактабгача таълим ташкилотлари қошида 26 та бошланғич таълимга бир йиллик мажбурий бепул тайёрлов гуруҳларни ташкил этиш ҳисобига 780 нафар, "Обод қишлоқ" давлат дастури доирасида 1 та қуввати 60 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилотини ишга туширилиши ҳисобига болаларни мактабгача таълимга қамрови 85,6 фоизга кўтариш режалаштирилган.
Жорий йил бошидан ҳозиргача фаолияти талабга жавоб бермаган ҳамда фаолияти қониқарсиз деб топилган 19 та оилавий мактабгача таълим ташкилотларини битими бекор қилинди.
2022 йил август ойида нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини куз-қиш мавсумига тайёргарлиги, соғлом-овқатланишни ташкил этиш ва ободонлаштириш ҳолати ўрганилиб чиқилди. Ўрганиб чиқиш натижасида аниқланган камчиликлар туфайли 5 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти вақтинча тўхтатилди.
2022 йил 2 августдаги Вазирлар Маҳкамасининг 426-сонли қарорига мувофиқ           2 сентябрдан оилавий мактабгача таълим ташкилоти шаклидаги давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга ошириш учун якка тартибдаги тадбиркор давлат шеригига электрон шаклда ариза билан мурожаат қилиши ҳамда битим имзолаш учун барча ҳужжатларни электрон тартибда тақдим этиш белгиланди.
Туман мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги Давлат мактабгача таълим ташкилотларини куз-қиш мавсумида барқарор ишлаши учун қуйидаги ишлар амалга оширилди. Тумандаги 29 та давлат мактабгача таълим ташкилотларида 71 та иситиш қозонлари мавжуд бўлиб, шундан 11 та мактабгача таълим ташкилотлари табиий газ билан ва 18 таси кўмир билан иситилади. Кўмир билан иситиладиган ташкилотларга 310 тонна кўмир етказиб берилди.
Мавжуд 71 та иситиш қозонларининг ҳозирги кундаги ишлаш ҳолати монито-рингдан ўтказилганда 65 та иситиш қозонлари мавсумга тайёр яроқли, 13,21,26 ва 28-сонли мактабгача таълим ташкилотларидаги 6 та иситиш қозонлари яроқсиз ҳолга келганлиги аниқланиб, 6 та янги истиш қозонлари олиб келиниб ўрнатилди.
2022 йил тумандаги 8-сон мактабгача таълим ташкилоти "Опен бюджет" дастури асосида, 12-сон мактабгача таълим ташкилоти "Инвестиция" дастури асосида мукаммал таъмирланиб  сентябрь ойида фойдаланишга топширилди.
Тумандаги 11 та мактабгача таълим ташкилотида тоза ичимлик сув тармоғи уланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-257-сонли қарори ижроси бўйича ичимлик сув таъминоти ва оқава сув хизматлари билан таъминланганлик даражасини ошириш бўйича манзилли рўйхат шакллантирилган бўлиб, ушбу манзилли рўйхатга тумандаги Ўзбекистон МФЙдаги 13-сон мактабгача таълим ташкилоти ҳамда Наврўз МФЙдаги 4-сон мактабгача таълим ташкилотларини тоза ичимлик сув тармоғи билан таъминлаш белгиланган. 
Давлат мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчиларни соғлом овқатлантиришни ташкил этиш ишларини янада такомиллаштириш, белгиланган санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ ҳолда овқатлантиришни ташкил этиш орқали болаларнинг соғлом ва баркамол ўсишини таъминлаш, соғлом овқатлантиришнинг замонавий усулларини жорий этган ҳолда таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини ошириш учун кенг имкониятлар яратиш мақсадида жорий йилда туманимиз Давлат мактабгача таълим ташкилотларида бир қатор   амалий ишлар ташкил қилинди. Жумладан: Давлат мактабгача таълим ташкилотларда 10 кунлик мавсумий таомнома жорий этилди.
Мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш ҳамда 10 кунлик мавсумий таомномани жорий қилиш мақсадида мактабгача таълим ташкилотлари директорлари, ҳамширалар, хўжалик мудирлари ва ошпазлар учун ҳар ойда бир марта мактабгача таълим бўлими ва туман Санитария эпидемилогия осойишталик маркази ходимлари билан биргаликда ўқув амалий семинарлар мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Туман мактабгача таълим бўлими маъмурияти ва Давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳамширалари ўртасида телеграм гуруҳ ташкил қилинди. Бу гуруҳда ҳамширалар кунлик мактабгача таълим ташкилотида тарбияланувчилар учун ёзилган дастурхонлар ва кунлик таомномаларни расмини ташлаб боради. Ташланган  расмлар бўлим маъсуллари томонидан доимий равишда таҳлил ва назорат қилиб борилмоқда.
Давлат мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчиларни соғлом овқатлантиришни ташкил этиш ва уни тартибга солиш мақсадида 2019 йил 25 июлдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 626-сонли қарори қабул қилинган. Ушбу қарорга асосан тумандаги Давлат мактабгача таълим ташкилотларини ауцорсинг усулида овқатлантиришни ташкил этиш мақсадида Мактабгача Таълим Вазирлигига таклифлар берилган. Аммо ҳозирги кунга қадар туман мактабгача таълим ташкилотларини ауцорсинг усулида овқатлантиришни ташкил этиш бўйича тадбиркорлар бўлмаганлиги сабабли бу тизимга ўта олмадик.
Ҳозирги кунда туманимиздаги Давлат мактабгача таълим ташкилотларида жами 388 нафар педагог ходимлар фаолият юритиб келмоқда. Шундан 198 нафари олий маълумотли, 41 нафари тугалланмаган олий маълумотли, 149 нафари ўрта махсус маълумотли педагоглар ҳисобланади. Бундан ташқари нодавлат мактабгача таълим ташкилотларимизда жами 201 нафар педагоглар фаолият кўрсатади. Шундан 83 нафари олий маълумотли ва 118 нафари ўрта махсус маълумотли педагоглар ҳисобланади. Педагогларнинг олий маълумотлилик даражаси 51,2 фоизни ташкил этмоқда.
Ўтган ўқув йилида мактабгача таълим ташкилотлардаги таълим-тарбия сифатини ошириш борасида ҳам бир қатор кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бунга мисол сифатида қуйидагиларни айтиш мумкин: Тарбиячилар, ота-оналар ва болажонларнинг фаоллигини ошириш мақсадида туман мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячи ва тарбияланувчилари ўртасида "Ижодкор тарбиячи", "Йил тарбиячиси", "Истеъдодли болажон" ва "Эртакчи болажон", "Беш ташаббус - зўр имконият", "Ватан - менинг нигоҳимда" мавзуларида кўрик-танловлар ташкил этилиб  келинмоқда. Бу мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари ҳамда тарбияланувчиларини ижодкорлигини намоён қилишга хизмат килиб келмоқда.
Шунингдек, жорий йилда таълим сифатини ошириш мақсадида туман мактабгача таълим бўлими ташаббуси билан туман таълим ташкилотлари ўртасида "Зукколар даврасида" кўрик танлови, Шароф Рашидов номидаги Самарқанд далат университети, Ўзбекистон-Финландия педагогика институтларининг мактабгача таълим назарияси ва методикаси кафедраси билан ҳамкорликда "Болаларни нутқини ўстиришда китобхонликнинг аҳамияти", "Ёзги соғломлаштиришни ташкил этиш" мавзуларида ўқув амалий семинар ўтказилди. Бундан ташқари Оқдарё педагогика коллежи билан ҳамкорликда ёш авлодни соғлом турмуш талаблари асосида тарбиялаш мақсадида кўплаб тадбирлар, спорт мусобақалари,  семинар ва давра суҳбатлари ҳам ўтказилиб келинмоқда. 
Вилоят мактабгача таълим бошқармаси ва туман мактабгача таълим бўлимида педагог ходимлар учун "Маҳорат мактаби" телеграм канали очилган ушбу каналга ҳар куни педагог ходимларни намунали маш-ғулотлари, улар томонидан тайёрланган методик қўлланма, тавсия ва қўл меҳнати билан тайёрланган намунали кўргазмалар ёритиб борилмоқда. Ушбу йўналиш бўйича тумандаги 1-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти жисмоний тарбия йўриқчиси Якубова Хуршида  ўзининг намунали маш-ғулотлари билан вилоятда фахрли 1-ўринни эгаллади.  
Бўлим мутахассислари томонидан жорий йилнинг ҳар ойида тасдиқланган режа асосида мактабгача таълим ташкилоти директори, психологи, методисти, ҳамшира, ошпазлар, хўжалик мудирлари ва педагог ходимлар учун иш фаолиятини тўғри ташкил қилиш ва меъёрий ҳужжатларни юритиш юзасидан режа асосида амалий семинар ўтказилиб келинмоқда.
Шунингдек, йил давомида тумандаги барча давлат мактабгача таълим ташкилоти, ДХШ ва оилавий мактабгача таълим ташкилотларига иш фаолиятини тўғри ташкил қилиш ва меъёрий ҳужжатлар билан ишлаш юзасидан методик ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 11 сентябрдаги ЎРҚ 445-сонли янги таҳрирдаги "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги қонунга мувофиқ туман мактабгача таълим бўлими томонидан барча мурожаатлар белгиланган тартибда ўз вақтида кўрилиб чиқилмоқда.
Туман мактабгача таълим бўлимига жорий йилниг 9 ойида 70 та мурожаатлар келиб тушган. Ушбу мурожаатлардан 48 таси қаноатлантирилган, 22 тасига тушунтириш берилган.
Мурожаатларни камайтириш мақсадида бўлим томонидан фуқароларни муаммолари ва таклифларни ўрганиш юзасидан 14 та ҳудуддаги маҳаллаларда бугунга қадар "Сайёр қабуллар" ўтказиб келинди. 
Ўтказилган "Сайёр қабуллар" жараёнида мурожаатчилардан тушган оғзаки мурожаатлар жойида бартараф этиб келинмоқда.
Туман мактабгача таълим бўлими ва ташкилотларида коррупцион характердаги ҳар қандай таъмагирлик, шунингдек, ишга қабул қилишда, мактабгача таълим ташкилотларига болаларни қабул қилишда ва турли ҳолатларни олдини олиш учун тизимда моддий манфаатдорлик эвазига ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида туман мактабгача таълим бўлимида телеграм@Ҳалолликботи ташкил этилди. Ушбу ботда барча фуқароларимиз томонидан ошкоралик, яъни очиқлик тариқасида мактабгача таълим тизимида мавжуд барча муаммолар ва таклифлар билан тушган мурожаатлар атрофлича ўрганиб чиқилиб, муаммолар ўз вақтида бартараф этиб келинмоқда.
2022 йил сентябрь ҳолатига кўра тумандаги  29 та Давлат мактабгача таълим ташкилотлари юқори тезликдаги интернет хизмати тармоғига уланган. "Болалар Боғчаси" ахборот тизимидан фойдаланиш учун барча мактабгача таълим ташкилоти директорларига логин пароллар берилган. Ушбу тизимдан фойдаланиш барча давлат мактабгача таълим ташкилотларида йўлга қўйилган.
2022 йил Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан тумандаги 17 та давлат мактабгача таълим ташкилотларига янги русумдаги замонавий компьютер (ноутбуклар) ва 27 та давлат мактабгача таълим ташкилоларига янги принтер қурилмалари берилди. Бугунги кунда барча давлат мактабгача таълим ташкилотлари компьютер ва принтер қурилмалари билан тўлиқ таъминланган.
Туман мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиларни соғлигини муҳофаза қилиш мақсадида жорий йилнинг март ва август ойларида мактабгача таълим ташкилотларига 20 турдаги дори-дармонлар тарқатиб берилди.
Шунингдек, инвестиция дастури асосида мукаммал таъмирланган 8 ва 12-сон мактабгача таълим ташкилотларига мебел ва бошқа жиҳозлар олиб келинди.
Жорий йилнинг 9 ойи якунига кўра туман мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларни "Nodavlat Bog'cha" мобил иловаси орқали кунлик давоматини юритиш ва бошқа барча кўрсаткичлар бўйича туманимиз мактабгача таълим бўлими вилоят миқёсида фахрли 1-ўринни эгаллаб келмоқда.
Чарос ОРТИҚОВА,
                 туман мактабгача таълим бўлими мудири.