МИЁНКОЛНИНГ СЎЛИМ МАСКАНИ Оқдарёнинг тарихий қадамжолари


Қўтир булоқ
Қўтир  булоқ Оқдарё туманининг жанубий шарқида жойлашган бўлиб, бу булоқнинг пайдо бўлганига 1000 йилдан ҳам кўпроқ вақт бўлган. Булоқнинг ёнида баҳайбат иккита чинор дарахти бор. У дарахтлар ростдан ҳам 1000 ёшга кирганлигига ишонмасдан бўлмайди. Бу булоқ пайғамбарнинг ҳассаларини ерга суққанларидан сўнг пайдо бўлган экан. Бу булоқнинг - диққатга сазоворлиги шундаки, инсоннинг яра ва қўтир бўлган жойи шу сув билан ювилса, шу заҳоти тузалиб кетаркан. Булоқнинг ҳайрон қолдирадиган хислатлари талайгина. Тўрт фасл давомида сув ер сатҳидан тўхтамасдан чиқиб туради. Унинг ичида эса балиқлар сузиб юришибди, айтишларича Нурота зиёратгоҳидаги балиқлар билан ҳар йилда алишиб тураркан. Яна бу булоқнинг олдида қад рослаб турган икки чинорнинг шохларига одамлар ўз орзу ниятларини амалга ошиши учун кийимларининг бир парчасини ёки қўл рўмолчаларини боғлаб кетишаркан. Буни эса қанчалик ҳақиқатга яқин эканлигини билиш учун бизга вақт керак бўлади.
Ялангтўшбий Баҳодир
Машҳур Шердор ва Тиллакори мадрасаларини қурдирган Ялангтўш Баҳодир асли даҳбедликлар сулоласига мансублиги манбаларда қайд этилган. У ёшлигидан Бухоро хони Имомқулихон хизматида бўлиб, Самарқанд ҳокимлиги даражасигача кўтарилган. Ялангтўшбий ўзбекларнинг Олчин уруғидан бўлиб, Махдуми Аъзамнинг набираси Шайх Ҳошимнинг муриди бўлган. 1656 йилда Даҳбедда ўз устози Ҳошим мозори ёнида дафн қилинган. 1618 йилда ўз пири устози Махдуми Аъзам шарафига 14 гумбазли ва 14 устунли  улкан  хонақоҳ қурдиради. 
Махдуми Аъзам ва унинг илмий фаолияти  Оқдарё замирида яшаган асл исми Саййид Аҳмад Хожаги ибн Сайид Жалолиддин Косоний Даҳбедийнинг дин, сиёсат ва илм соҳасидаги хизматлари ҳақида тўхталадиган бўлсак. Фарғонанинг Косон шаҳрида 1464 йилда таваллуд топган Махдуми Аъзам номи билан машҳур бўлган ушбу аллома ҳақида Абулбақо ибн Баҳовуддин томонидан 1617 йилда ёзилган. "Жомеъ ул-мақомат" асарида батафсил маълумотлар берилган. 1525 йилларда Миёнкол  ҳокими Жонибек султоннинг таклифига биноан бу ҳудудга келади.  Унинг 30 дан ортиқ рисоласи  фанда маълум... Тасаввуф ва фиқҳ илми билимдони бўлганлиги, пиру устозлиги, маърифатпарвар хислатлари учун Абдулқодир Жилоний Говсули Аъзам, Нўъмон ибн Собит имом Аъзамлар қаторида у кишига ҳам Махдуми Аъзам унвони берилган. Тарихий адабиётларда келтирилишича, ҳазрати Махдуми Аъзамни "олтмишта авлиёни етиштирган муршид" ("пири шасти") деб аташади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бухоро хонлари Искандархон, Абдуллахон, Ёркент хони Абдурашидхон, шайбонийлардан Убайдуллохон, Абдулазизхон, Жонибек Султон, ўзбекларнинг олчин уруғидан келиб чиққан Ялангтўшбий Баҳодир шулар жумласидандир. Махдуми Аъзамийлар шажарасига мансуб, Оқдарё тупроғида камол топганлардан турли даврларда ҳокимиятда бўлган Фарғона ҳокими Султон Бурхониддин Қилич, Шарқий Туркистон ҳукмдори Офоқхожа, Самарқанд ҳокимларидан Шарофуддин Абу Иброҳим ва Саййид Муҳаммад Амин, Масжох ҳокими Пошшахожа сингариларни алоҳида тилга олиш мумкин.
Намоз Пиримқулов 
(Намоз ботир)
Намоз Пиримқулов шахси нафақат Оқдарё тумани балки бутун Ўзбекистон халқлари тарихида ўчмас из қолдирган ёрқин сиймодир. ХХ аср бошларида миллий ва мустамлака зулмига қарши ҳақиқий озодлик курашини олиб борган Намоз ботир ўз даврининг чинакам халқ қасоскори сифатида майдонга чиқди. Намоз Пиримқулов ўша давр тергов ҳужжатларида келтирилган маълумотларга кўра, 1877 йилда Каттақўрғон уездининг Ўтарчи қишлоғида камбағал деҳқон оиласида туғилган. Ота-онасидан эрта етим қолган Намоз озгина ер мулкидан ҳам ажралгандан сўнг Самарқанд уездининг Даҳбед волости яқинидаги Жар қишлоғига келади. Чунки бу ерда унинг опаси Улуғой яшар эди. Мустабид тузум таъқиби ва ноҳақликларини кўп кўрган Намоз мазлум халқ  хақ-хуқуқи   учун курашга қатъий бел боғлади. Намоз ботир ҳаракатига тўхталадиган бўлсак, ҳаракат асосан ер-мулксиз мустабид тузум таъқибидан безор бўлган кишиларнинг Намоз атрофида тўпланишидан бошланди. Намоз ўз тарафдорларини бир неча кичик гуруҳларга бўлиб, ҳар бир гуруҳ 10-17 тагача йигитлардан ташкил топган. Улар золим ва бой амалдорларни ерларини тортиб олиб, бева бечораларга тарқатиб бера бошлаганлар  Дастлаб, Самарқанд вилояти ҳудудида бошланган бу ҳаракат академик А.В.Пясковский маълумотларига кўра, Бухоро амирлигига қарашли Чироқчи, Зиёвуддин, Хатирчи, Китоб, ҳатто Ғузор бекликларидан Афғонистон чегараларигача бориб етган. Маҳаллий ҳоким, волост, уезд бошлиқларининг тез-тез жазоланиши Чор маъмурларини ташвишга сола бошлади. Туркистон генерал-губернаторлиги Намозни тутиш ва унинг ҳаракатини тугатиш бўйича жазо отрядларини ажратиш, Намознинг боши учун катта миқдорда мукофот ажратилганлигини маълум қилди. Шундай вазиятда ҳам Намоз ҳаракати авжига чиқаверди. Мана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида 1905 йил 29 октябрда Намоз ботир биринчи марта қўлга олинади. Қўлга тушган Намоз ва унинг йигитлари Самарқанддаги "Маховхона" турмасига ташланади ва Сибирга сургун қилиниши назарда тутилади. Бироқ, турмада ҳам тинчимаган номозчилар турма остидан лаҳм ковлаб, 1906 йил 2 февраль куни кечаси ўзлари билан бирга яна  60 нафар маҳбусни ҳам қутқариб чиқиб кетадилар. Намоз ҳаракати яна давом этаверди, чунки уни бутун халқ қўриқлаётган эди. Маҳаллий аҳоли уни чор ҳукумати жазо отрядининг ҳар қандай ҳаракатидан огоҳлантириб турар эди. Намоз ҳаракатининг ўзига хос характерли хусусияти шу эдики, у ҳар қандай бой ва амалдорларни талаган эмас балки, бева бечораларни ишлатиб пулларини бермаган камбағалларни азоб-уқубатга гирифтор қилган амалдорларни жазолаган. Акс ҳолда Намоз ҳаракати халқ орасида бунчалик катта шуҳрат қозонмаган бўлар эди.
Академик А.В.Пясковскийнинг маълумотларига кўра, Бухоро амирлигининг Намоз отрядини тор-мор келтириш учун юборилган бутун бир эскадрион суворийларини Бухоро чўлида Намоз ўз йигитлари билан қуршаб олади ва қуролсизлантиргани келтирилади. Намознинг ушбу ҳарбий маҳорати ва жасоратини Нурмон шоир қуйидагича мадҳ этган: 
Бедов миниб сағрисини силайди.
Муродини бир худодан тилайди.
Яқин деди Қарши чўли талатди.
Амир шоҳни тахт устида жилатди.
Ҳеч кўрмадим Намоздайин азаматни.
1907 йилга келиб, Россиянинг марказий шаҳарлари сингари  Туркистон шаҳарларида ҳам оммавий ҳаракатлар аста-секин пасайиш даври бошланди. Энди чор ҳукумати Намоз ҳаракатига қарши курашадиган жазо отрядлари сонини  янада ошириш имкониятига эга бўлдилар. 1907 йилнинг 27 май кунида  Самарқанд ҳарбий губернатори буйруғи билан Намоз ҳаракатини тугатишга қаратилган махсус операция бошланди. Бу вазиятда чор маъмурлари Намоздан ёрдам олган бева бечораларни топиб жазолаш орқали унга таъсир кўрсатишга уриниб кўрдилар. Барча таъқиблардан омон чиқиб кетадиган Намозга қарши курашни бошқа усулларини ишга соладилар. Энди улар пул ва олтинларни ишга соладилар. 1907 йил 1 июнь куни уйқуда ётган пайтида, юзлаб жангу жадалларда елкаси ерга тегмаган Намоз ботир катта миқдорда пулга сотилган ўз дўсти қўлида хоинона ҳалок бўлди. Намознинг ўлими минглаб меҳнаткаш халқ оммасини чуқур қайғуга ботирди. Намознинг яқин сафдошлари Абдулқодирхўжа ва Даврчалар  1909 йилгача унинг курашини давом эттирдилар. 
Заҳматкаш халқ манфаатларини ҳимоя қилган Намоз ботир шахси оқдарёликлар қалбида ва хотирасида абадий яшайди. Унинг қаҳрамонликлари асрлар давомида миллий озодлик курашининг ёрқин намунаси сифатида тилларда достон бўлаверади.
Мавзуга оид: