НОТАРИАЛ ҲАРАКАТЛАР МАХФИЙЛИГИ (ХОРИЖИЙ ТАЖРИБА ВА МИЛЛИЙ ҚОНУНЧИЛИК)

Ўзбекистон Республикасида нотариат институти нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш йўли билан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган.
Нотариус унга мурожаат этган фуқароларнинг шахсий ҳаётига доир кўплаб фактлардан хабардор бўлади, агар бу маълумотлар бўлмаса у ўз вазифаларини бажара олмайди. Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун фуқаролар бировга ошкор қилишни истамайдиган маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатларни нотариусга тақдим этишга мажбурдирлар. Шу сабабли, нотариал ҳаракатларнинг махфийлигини сақлаш, айнан нотариал идорага мурожаат этган фуқароларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини таъминлашга қаратилган. Шунингдек, махфийликни сақлаш нафақат фуқароларнинг балки нотариат институтини ахборот   хавфсизлигини ҳам таъминлайди. 
Ўзбекистон Республикаси "Нотариат тўғрисида"ги қонуннинг  6-моддасида нотариуснинг, нотариал ҳаракатларни амалга оширувчи бош-қа мансабдор шахсларнинг, шунингдек амалга оширилаётган нотариал ҳаракатлар тўғрисида ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан хабардор бўлиб қолган шахсларнинг ўзларига маълум бўлган маълумотларни ошкор қилиши, шу жумладан меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ҳам ошкор қилиши тақиқланганлиги белгиланган.
Демак, мазкур норманинг субъектлари бўлиб, нотариал идоранинг барча ходимлари, хусусан нотариус, унинг ёрдамчиси, котиби ва стажёр бўлиши мумкин. Меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ҳам, нотариал идорада ишлаган ходимлар, нотариал ҳаракатларнинг махфийлигини сақлайдиган субъектлар бўлиб қолаверадилар. Шунга кўра, нотариал идора ходимлари билан меҳнат шартномалари тузилганида нотариал ҳаракатлар маҳфийлигини сақлашга оид мажбуриятларни аниқ белгилаш лозим бўлади.
Шуни таъкидлаш лозимки, нотариал ҳаракатларни тасдиқлаш ваколати юклатилган мансабдор шахслар (консуллар, касалхоналар, госпиталлар ва бошқа даволаш муассасалари, кема капитанлари, экспедициялар бошлиқлари, ҳарбий қисмлар командирлари, озодликдан маҳрум этиш муассасалари бошлиқлари) ҳам ўзлари тасдиқлаган нотариал ҳаракатларни махфийлигини сақлашга мажбурлар. 
"Нотариат тўғрисида"ги қонуннинг 10-моддасига биноан нотариал иш юритиш ҳужжатлари ва материаллари уч йил ўтгач Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари ҳузуридаги идоравий нотариал архивларга топширилиши керак. Шундай экан, нотариал ҳаракатларга тегишли ҳужжатлар билан танишиш ҳуқуқига эга бўлган идоравий нотариал архивлар ходимлари ҳам нотариал ҳаракатларни махфийлигини сақлайдиган субъектлар қаторига кириши керак.  
Нотариал ҳаракатларни махфийлиги хорижий давлатлар қонунчилигида ўз аксини топган. Жумладан, Россия қонунчилигида нотариус лавозимига ўтган шахслар "касбга доир маълумотларни сир сақлаши ҳақида" ўз қасамёдларида келтиришлари белгиланган. 
Германиянинг "Нотариат тўғрисида"ги қонуни билан нотариусга нотариал ҳаракатни махфийлигини таъминлаш мажбурияти юклатилган. Нотариус вазифасидан озод этилганидан кейин ҳам ушбу мажбуриятга амал қилиши лозим. Ҳудди шундай нормалар Франция қонунчилигида ҳам мавжуд. Лекин судда гувоҳ сифатида нотариал ҳаракатга оид маълумотларни ошкор қилиш масаласи Францияда мунозара мавзуси бўлиб қолмоқда. Шу сабабли судлар томонидан нотариуслар махфийликни сақлаш мажбуриятларини важ қилиб, судда гувоҳлик бермасликка ҳақлари йўқлиги ҳақида қарорлар қабул қилинган.
Эстония, Молдова, Беларуссия давлатларининг "Нотариат тўғрисида"ги қонунларида эса, нотариал ҳаракатлар махфийлигини сақлаш юзасидан айрим истиснолар белгиланган, уларга кўра, нотариусга мурожаат қилган шахснинг рухсати билангина суднинг талабига биноан нотариал ҳаракатга доир сирларни ошкор қилиш мумкин. 
Ўзбекистон қонунчилигида ҳам амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотлар бу ҳаракатлар кимнинг номидан ёки кимнинг топшириғига кўра амалга оширилган бўлса, ўша шахсларнинг ўзигагина, суд, прокуратура, суриштирув ва тергов органлари юритувида бўлган ишлар муносабати билан уларнинг талабига биноан берилиши назарда тутилган. 
Бундан ташқари, нотариуслар томонидан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотларни тақдим қилишлари кўрсатилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, солиқ ва ички ишлар органларига, кадастр хизмати, кредит бюролари, риэлторлик ташкилотларининг ҳам сўровларига асосан тегишли маълумотларни тақдим этадилар. 
Нотариат тўғрисидаги Қонуннинг 19-моддасида давлат нотариал идорасининг нотариуси томонидан ўз мажбуриятларини бузганлиги оқибатида етказилган зарарнинг ўрни белгиланган тартибда давлат томонидан қопланади. Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус нотариал ҳаракатлар орқали қонунни бузганлиги натижасида жисмоний ва юридик шахс-ларнинг мол-мулкига етказилган зарар учун мулкий жавобгар бўлиши белгиланган.
Агар нотариус ёки нотариал идора ходимлари нотариал ҳаракатларга оид маълумотларни ошкора қилганлиги сабабли фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказган бўлса Ўзбекистон Республикаси "Маъмурий жавобгарлик тўғрисида"ги Кодекснинг 46-моддасига биноан жавобгарликка тортилади.
А.Бекмухаммедов,
Даҳбед шаҳарчасидаги
 хусусий амалиёт
билан шуғулланувчи нотариус.    
                              
Мавзуга оид:
Суд ва ҳаёт

Суд ва ҳаёт

  • 31 мар, 15:18
Суд ва ҳаёт

Суд ва ҳаёт

  • 31 мар, 15:10