Қўтир касаллиги ва унинг олдини олиш

Қўтир - бу жуда юқумли касаллик бўлиб, уни қўтир кана паразитлари қўзғатади.
Қўтир касаллигининг юқиш йўллари: каналарнинг айрим турлари мол, қўй, эчки, от, мушук ва ит каби уй ҳайвонларида паразитлик қилиб, соғлом одамларга уларни парваришлаганда бевосита контакт йўли орқали юқиши мумкин. Бемор одамдан соғлом кишига контакт ва жинсий алоқа йўллари орқали юқиши мумкин.
Болаларда шахсий гигиенага амал қилмаганда, кўпроқ уй ҳайвонлари билан ўйнаганда қўтир канаси тез юқади. Ҳаво исиганда эса аксарият кафт ичи, сонлар оралиғи ва думба зарарланади.  
Қўтир касаллигининг яширин даври  7-10 кундан 20-30 кунгача ҳисобланади. Одам терисига тушган қўтир канаси зудлик билан тери остини ковлаб кириб олиб, эпидермис қавати бўйлаб терини тешишда давом этади ва ковак йўллар тизимини ҳосил қилади. Шу жойларда терида майда пуфакчалар тошади. Тошмалар бармоқлар орасидаги бурмаларда, кафтнинг ён томонларида, эркакларда асосан таносил аъзоларида тошади. Агар касаллик жинсий алоқа орқали юқадиган бўлса, тошмалар асосан қов, киндик атрофи, қорин соҳаси ва жинсий аъзолар соҳасида бўлади.  
Касалликнинг асосий белгиси бу терининг тинимсиз қичишишидир. Қичишиш баъзан аллергик ҳолатни келтириб беморни анча безовта қилади. Тошмалар қаттиқ қичишади, айниқса, кечаси ва иссиқ ҳавода кучаяди. 
Қўтир касаллигининг олдини олишда ва атрофдагиларга хавф туғдирмаслик учун беморлар алоҳида хонага  ажратилиб изоляция қилинади. Бемор билан мулоқотда бўлган оила аъзолари шифокор кўригидан ўтказилади. 
Беморнинг ички ва устки кийимлари, ўрин-кўрпалари, ишлатган шахсий асбоб-анжомлари, болалар ўйинчоқлари барчаси дезинфекция қилинади. Кийим-кечаклар эса яхшилаб қайнатиб, сўнг ювилиб дазмолланади. 
Бу касалликнинг олдини олишда аҳолининг санитария ва тиббий маданиятини оширишга қаратилган чора-тадбирларни ҳаётга тадбиқ этиш муҳим   аҳамиятга эгадир. Айниқса, шахсий гигиенага амал қилиш, ички кийимлар ва чойшабларни ўз вақтида алмаштириб туриш лозим. Ювилганларини эса албатта дазмоллаб ишлатиш, бировларнинг ўрин-кўрпасида ётмаслик, тасодифан жинсий яқинликдан сақланиш қўтир касаллигининг олдини олиш ва саломатлик гаровидир.
Д.ИСТАТОВА,
кўп тармоқли марказий 
поликлиника тери-таносил касалликлари шифокори.