Фермер хўжалигидаги фирибгарлик

Тўрақул Жўраев тумандаги "Р.Ҳамроев" массивида жойлашган "Darkhan Seeding" фермер хўжалигида ишлаб келиб, туман ҳокимлиги инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бош мутахассиси Э.Б. билан ўзаро жиноий тил бириктириб, фуқаролар А.А. ва А.Ш.лар туман ҳудудида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш мақсадида ер майдонлари излаётганлигидан фойдаланиб, уларнинг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишни режалаштирган. 
Судланувчилар Тўрақул Жўраев ва Э.Б. тузган жиноий келишувига асосан "Р.Ҳамроев" массивида жойлашган "Darkhan Seeding" фермер хўжалигининг бир гектар ер майдонларини кўрсатишиб, фермер хўжалиги бошқарув шаклини масъулияти чекланган жамият шаклига айлантириб, мазкур жамиятга фуқаролар А.А. ёки А.Ш.ларнинг бири раҳбар бўлишларини айтиб, 50.000 АҚШ доллари ва бир дона "Нексия-3" русумли транспорт воситаси эвазига туман ҳокими орқали уларнинг номига қарор чиқариб беришларини айтиб, уларни ишонтириб, пора беришга далолат қилишган.
Фуқаролар А.А. ва А.Ш.лар уларнинг ноқонуний ҳаракатларидан норози бўлиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ёзган аризаси асосида тезкор тадбир ўтказилди. Ўтказилган тадбирда махсус кимёвий ишлов берилган 50.000 АҚШ долларини 2021 йил 18 май куни соат 16:48 лар чамасида  туман ҳокимлиги автотураргоҳида судланувчи Э.Б.нинг иштирокида фуқаро А.А.дан олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланиб, холислар иштирокида расмийлаштирилди ва жиноятчилар ўзларининг жиноий ҳаракатларини ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра охирига етказа олмасдан, жиноят содир этишга суиқасд қилганлар.
Суд ҳукмига кўра, судланувчи Тўрақул Жўраевга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59,61-моддаларига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари миқдорида 36.750.000 сўм жарима жазоси ва 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Судланувчи Э.Б. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59,61-моддаларига асосан 2 йил муддатга ҳокимият тизимларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари миқдорида, яъни 36.750.000 сўм жарима жазоси ва 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Ш.НУРИДДИНОВ,
  туман прокурорининг ёрдамчиси, адлия кичик маслаҳатчиси.