Янги асар хабари


ОҚДАРЁ ФАРЗАНДИ


“Оқдарё овози” туман газетасининг  саҳифаларида жамиятимиз тараққиётидаги ислоҳатлар,  ижроия ҳокимияти ҳамда  туман фуқароларининг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий ҳаёт тарзини акс эттиришдек масъулиятли, захматли меҳнат орасида, бўш вақтларида бадиий адабиёт оламига кириш, насрда ижод қилиш, ҳикоя ва қиссалар ёзиш муҳаррир Йўлчи Муҳаммадиев ҳаётининг мазмунли лаҳзаларига айланган. Айниқса, вақтли матбуот саҳифаларида баён қилолмаган ички дардлари, армон ва орзуларини муаллиф ўзига хос адабий жанрларда халқига етказа олиши замонавий журналистнинг ижодий имконияти ва ютуғидир. 

Муаллифнинг эътиборингизга тақдим этаётган “Туҳмат гирдобида” номли қиссаси оммавий ахборот воситаларида, босма нашрлар, газетачиларнинг  ижодий муҳитида ҳамда  уларнинг шахсий ҳаётларида рўй берган, бераётган  воқеалар гирдобида туғилган ижод намунасидир. Айнан, шунинг учун ҳам ушбу қиссанинг  тили “газета тили”га монанд, бадиий таҳлил талабларига жавоб беришда айрим эътирозларга сабаб бўлиши мумкин. Қандай адабий жараён замирида бўлмасин, бу асар мазмунидаги бугунги кун оммавий ахборот воситалари  ходимлари – журналистларнинг мустақил давлатимиз олиб бораётган    ислоҳатларда,  жамиятимиз тарққиётининг ижтимоий-сиёсий жараёнларида тутган ўрни,  ҳақиқат ва қонун устиворлиги учун астойдил курашиши, туман раҳбарлари ҳамда суд-ҳуқуқ органлари ходимларининг ўз касбларига номуносиб ҳатти-ҳаракатларининг фош этилиши эътирофга лойиқдир.

 Биз муаллифдан келажакда янада кўпроқ ижодий туҳфалар, халқимиз дилидан жой оладиган, инсонийлик, ҳақиқатпарварлик фазилатларини, адолатни тараннум этувчи асарлар кутиб қоламиз.              


ТУҲМАТ  ГИРДОБИДА


                                          (ҚИССА)

КУРАШ ДАВОМ ЭТАДИ


Туман “Янги ҳаёт” газетасининг муҳаррири Йўлдош Маҳкамовга зудлик билан ҳоким чақираётганлигини айтишди.”Нима сабабдан чақиртирди экан? Бирор топшириқ бермоқчидир-да...” деган хаёлга борди у.  Йўлдош Расул Раҳимовични яхши танир, туманга раҳбар бўлиб келгунга қадар вилоятда катта бир ташкилотнинг рҳбари эди. Унинг ўз қўл остидаги ходимларига ўта қўполлиги, ўз айтганидан қолмайдиганлар тоифасидан эканлигини эшитганди.

Қабулхона навбатчиси Йўлдошга ҳокимнинг ҳузурида ҳеч ким йўқлигини, бемалол киравериши мумкинлигини билдирди.У ичкарига кирганда Расул Раҳимович қандайдир қоғозларни кўздан кечириш билан банд эди. 

       -Ассалому алайкум!

Йўлдошнинг саломига ҳоким бошини қимирлатиб, алик олгандек бўлди, орага хиёл жимлик чўкди.

       -Сизни нима учун чақиртирганимни биласизми?-деди ҳоким сукунатни бўлиб.

       -Йўқ, Расул Раҳимович,билмадим.

         -Билмасангиз билиб қўйинг,сиз ишни топширишингиз керак.

Ҳокимнинг томдан тараша тушгандай қўпол гапи муҳаррирнинг кайфиятини бузиб юборди.Шундай бўлса-да, сир бой бермасдан босиқлик билан деди:

       -Нима учун ишимни топширишим керак, бирор айб иш қилдимми?

         -Айбингиз шуки,- деди ҳоким сўзларига айрича урғу бериб,- Олий Мажлисга ўтган сайлов жараёнида шахсан сиз   ҳокимиятга қарши ташвиқот олиб боргансиз...Биз билан бамаслаҳат иш тутганингизда фойдадан ҳоли бўлмасди.Энди бўлса, ишни топширсангиз ўзингизга яхши бўлади.

         -Мен сайлов компаниясида қонун доирасида иш олиб борганман. Халқ кимга кўпроқ ишонч билдирса, ўша инсонни ўз вакили этиб сайлайди. Сайловда юқоридан босим бўлмаслигини президентимизнинг ўзи алоҳида таъкидлади-ку!

         -Шахсан менга сизнинг бунақа  адолатларингиз ёқмайди.Ўзингизни халқпарвар, ҳақиқий демократ қилиб кўрсатмоқчисиз-да, а? Сиз билан ишлашни асло истамайман. Ҳоким бу истагини юқоридагилар ҳам қўллагани  учун  ўзини янада ўктам тутди.- Гапни чўзмасдан аризангизни ёзиб кетаверинг!-деди у пиёладаги ҳовури чиқаётган қайноқ  чойни ҳўпларкан.

       -Кечирасиз-у, Расул Раҳимович, - деди Йўлдош ҳам бироз қизишиб, - агар ариза ёзмасамчи, нима бўлади?

       -Унда ўзингизга жабр қиласиз. Менинг “канал”ларим кўп. Фариштаман деб ўйлайсизми ўзингизни, нафақат, ишдан бўшатиб юбориш, турмага тиқтириб юбориш ҳам қўлимдан келади.  

Бу йўсиндаги қўпол муомалага ўрганмаган муҳаррирга ҳокимнинг дағ-дағаси, дўқ- пўпса қилиши малол келди, Нафсониятига қаттиқ текканидан ўзини тия олмади:

          -Билганингизни қилинг, аммо, мен ариза ёзмайман.Андишанинг отини қўрқоқ деманг!?

          -Ҳали шунақами, - деди Расул Раҳимович жаҳли чиққанидан тутақиб,- ундай бўлса, сизга жавоб. Аммо, сизга айтиб қўяй, бу қайсарлигингиз билан ўзингизга кў-ў-п ташвишлар орттирасиз ҳали...

Ҳокимнинг қабулидан Йўлдошнинг кайфияти бузилиб чиқди.”Нега, нима учун мен ишдан бўшашим керак? Ахир, мен қонунга зид иш қилганим йўқ-ку! Халқнинг ўзи одил, кимга ишонишни, кимнинг ортидан эргашса рўшнолик кўришни яхши билади”.

 Йўлдош  сайловдан кейин бошида қора булутлар пайдо бўлишини  ўша пайтлардаёқ сезган эди. Чунки, сайловолди ташвиқот тадбирлари давридаёқ, ҳокимнинг ўринбосарлари унга кутилмаган шартларни қўйди: Олий мажлис депутатлигига номзод Жасур Исмоиловга ишончли вакил бўлмаслик, башарти у номзодлигидан ўз ихтиёри билан воз кечмайдиган бўлса, сайловдан сўнг эгаллаб турган вазифасида қолиши қийин бўлишини эслатиб қўйишганди. Уларнинг Йўлдошни қўрқитиб, юрагига ғулу солишга уринганлари самара бермади. Аксингча, муҳаррир сайловолди йиғилишларида тумандаги ҳақиқий аҳволни, халқнинг муаммоларини ошкора айта олди. Журналистнинг вилоят радиосига бориб, ишончли вакил сифатида ҳақ гапларни ошкора айтиши ҳокимиятдагиларни жаҳл отига миндирди. Сайлов пайти туман халқи тўлиқ, якдиллик билан Жасур Исмоиловни Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлигига сайлади.  Бу воқеа  туман ҳокими Расул Рахимовнинг  тепадаги акахонлари олдида бутунлай нуфузини тушуриб юборди. Айниқса, унинг хоким бўлишига суянчиқ бўлган “танка”си - вилоят ҳокимининг ўринбосари  Расул Рахимовичга  ишониб  ўз номзодини шу округга қўйдирган эди, афсуски,  вилоят ҳокими вакили ҳам, Расул Раҳимовичнинг ўзи ҳам иккала округда сайловчилар овозини ололмасдан, вилоят кенгаши депутатлигидан маҳрум бўлишди. Бу ўринда ҳам Йўлдош Маҳкамов ишончли вакил бўлган Жасур Исмоиловнинг ғолиб бўлганлиги  туман ҳокими Расул Рахимовнинг баттар жазавасини қўзғатган эди.

Туман ҳокими Расул Раҳимов оқ-қорани ажрата олмайдиган, узоқ муддат шаҳарда яшаб, туман, қишлоқ шароитидан йироқлашган  раҳбар эди.

Гапнинг индаллосини айтганда,  аввалги собиқ ҳоким Носир Азимов ниҳоятда ишчан, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда ҳам ташаббускор, инсон қадрини биладиган, физкультура ва спорт ишларини жонлантириб юборган, туман футбол жамоасини вилоят биринчилигида иштирок этишини таъминлай олган жонкуяр раҳбар эди. Аммо, “Беайб парвардигор”  деганларидек, у кишида ҳам ўзининг ишончини суистеъмол қилган айрим номақбул кимсаларнинг гапига кириб, кейинги пайларда  айбсиз, ишнинг кўзини биладиган ходимларни ҳам ишдан бўшатиб юборадиган одати пайдо бўлган эди. Айниқса, ўринбосари Қаюм Ҳайдаров  Йўлдош билан келишмай қолган эди. Шундай бўлса-да, ҳокимнинг ибрат олса бўладиган фазилатлари кўп эди. Йўлдош эндигина иш бошлаган дамларда  Носир Азимов унга кўп ёрдам кўрсатди. Йўлдош собиқ ҳокимнинг яхшиликларини кўп эслайди. Редакцияни оёққа турғазиш учун ҳоким  Йўлдош яшаб турган хўжаликдан 4 гектар суғориладиган ер майдонини ажратиб берди. Маҳаллий телестудия ташкил этиб,  туман аҳолисига маданий-маиший хизмат кўрсатиш ишларига ҳам бош бўлди. Аммо,  кейинги ҳоким Расул Раҳимович  ўринбосари Шахобиддин Мансуровнинг гапига кириб, Йўлдош билан тескари бўлиб қолди. Йўлдош орадаги муносабатлардан қатъий назар, сайловлар қонуний ўтказилишини истади. Сайлов жараёнида Жасур Исмоиловнинг ишончли вакили бўлишга розилик билдирди. 

Туманнинг янги ҳокими Йўлдошдан ўч олишга киришганлигини у ич-ичидан теран ҳис қилди. Кечқурун ишдан қайтганидан сўнг ҳам кайфияти бўлмади.Хотини Барно олдига келтириб қўйган овқатни наридан-бери чўқилаб, юзига фотиҳа тортиб, хонасига ўтиб чўзилди.Кўз ўнгидан сайлов пайтидаги воқеалар худди кино тасмасидек бирин-кетин ўта бошлади. Шуларни эслар экан, Йўлдош ўзининг сайлов жараёнидаги дадиллигидан ва ўктамлигидан ўзи мамнун бўлиб, кўнгли  таскин топгандек бўлди.


ҲОКИМ ЧОРА ИЗЛАЙДИ


Газета муҳаррири хонасидан чиқиб кетгач,Расул Раҳимовнинг асаби бузилди. Бор йўғи бир газетачи бўлсанг-у, осмондан келишингга ўлайми? Чўнтагида бир мири йўқ, чирангани-чи. “Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан”. Яхшиликча кўнмадингми, энди ўзингдан кўр. Қани кўрамиз, ўша сайлаган депутатинг ҳимоя қила олармикан бу ёғига?

Ҳоким шундай хаёллар оғушида  ёрдамчиси Қаюм Ҳайдаровични чақиртириб, муҳаррир билан ўртада бўлиб ўтган можорони айтиб берди. Аввалги ҳокимнинг жамоасидан биргина шу ўринбосар қолган, буни алмаштирмасдан тўғри қилган экан, айниқса ҳозир у билан Йўлдош орасидаги эски келишмовчилик  ҳокимга асқотган эди. Ҳайдаров чизган чизиғидан чиқмайди. Саллани ол деса, каллани олиб келадиганларнинг хилидан чиқди бу одам. Бировни ноҳақдан ишдан бўшатиш дейсизми, кимнидир устидан думалоқ хат ёзишми, кимгадир туҳмат, шантаж уюштириш дейсизми, буларнинг барчасини Қаюм Ҳайдаров қойилмақом этиб бажарар эди. Ҳозир ҳам ҳоким уни бежиз чақирмаган. Буни Қаюм яхши биларди.

Хизматингизга тайёрман!” дегандек, ҳокимнинг қаршисига келиб қўлларини кўксига қўйганча ўринбосар.

        -Гап бундай, Қаюмбек, - деди Расул Рахимович овозини пастлатиб,- нима қилиб бўлса ҳам муҳаррирни вазифасидан четлатиш чорасини кўринг, бўлмаса, юқоридаги акахонлардан балога қоламиз.Хўш, иложи борми бунинг?

        -Иложи бор, Сиз айтасиз-у, гап қоладими... Ҳоким учун барча ишнинг иложи бор. Пашшадан фил ясайдиган  усталаримиз бор, хотиржам бўлаверинг. Редакциядаги аёллар ҳам муҳаррир билан келишолмай юришибди. У, бу ваъда қилсак, хуллас, пичоқнинг сопини ўзидан чиқарамиз, худо ҳоҳласа...

        -Очиқроқ айт, ўша аёлларингни бу ишга кўндира оласанми, гуллаб қўядиганлардан эмасми ишқилиб?

      -Сиз бу ёғидан хавотир олманг, ака, шундай қиламизки, сих ҳам кабоб ҳам куймайди. Аёлларни гапга олиш  осон. Уларга бир ширин сўз, озгина эътибор бўлса бас, яна...

Ҳайдаров шундай деб ҳокимнинг қулоғига пичирлади. Бу гапдан иккаласи ҳам хандон отиб кулиб юборишди. Бу сирни кимдан яшириб пичирлашди, ўзлари ҳам билмасди, балки виждонларидандир...

Ўша дақиқадан бошлаб ҳоким ўринбосари газета муҳарири устидан туман прокурори номига думалоқ хат ёзиш чорасини излай бошлади. Қаюмнинг бу режани тузишида жон бор эди. Чунки, прокурорнинг терговчиси Рустам Донаев ораларидан  қил ўтмайдиган жўраси. Улар қай бирининг ишида муаммо туғилса, баҳамжиҳатлик билан биргаликда ҳал қилишади. Бировни қўрқитиш, дўқ-пўписа, устидан ёздириб, мўмай пулни ундириш борасида бу терговчининг олдига тушадигани йўқ,  қўлига сув қуядигани топилмайди. Рустам Донаев илгари ҳам масъул лавозимларда ишлаб, айёрлиги ва қаттиққўллиги билан ном чиқарганди. Мана энди ҳоким ўринбосари   Донаевдан одамларнинг юрагига ғул-ғула солиш, ўч олиш қуроли сифатида фойдаланмоқчи. 

Муҳаррирнинг устидан ёзилажак шикоят хатини, айнан, шу одам текширса, ўқ нишонга тегади. Бунинг устига бу ҳақда терговчига “Бу ҳоким бобонинг топшириғи” деб шип-шитиб қўйилса бас, у ёғи ўз-ўзидан ривожини топиб кетаверади.

Ўша куниёқ, Қаюм Ҳайдаров ҳузурига редакция ходимаси Зарифа Хўжаевани  чақиртирди. Зарифа журналистика соҳасига адашиб кириб қолган, ҳатто, оддий хабарниям эплаб ёза олмайдиган, бироқ кўпдан бери Йўлдош Маҳкамовнинг йўлига тўғаноқ бўлишга уриниб, уддасидан чиқолмай юрганларнинг бири эди.

         -Мен сизни анчадан буён яхши биламан деди,- ўринбосар гапни узоқдан олиб келиб, - ёзганларингиз назаримдан четда қолмайди. Халқнинг дилидагини топиб ёзасиз.Лекин, шунча йилдан буён хизмат пиллапоясидан юқорига кўтарилиш ҳақида ўйламайсиз ҳам. Янги ҳокимимиз, аёлларимизнинг жамиятдаги мавқеи ва ролини ошириш керак деяпти. У киши сизни газетамиз муҳаррирлигига кўтармоқчилар. Бу гапдан Зарифа Хўжаеванинг чиройи очилиб кетди. Курсига бемалол жойлашиб олгач, мулойимликлик билан:

         -Муҳаррир ишлаяпти-ку!- деди.

           -Опа, сизга ростини айта қолай. Йўлдош Маҳкамовнинг иш йўсини ҳокимимизга ёқмайроқ турибди.Аммо, кеча Расул Рахимович муҳаррирни чақириб, ўз ҳоҳиши билан ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзишни сўради. “Ёзмайман, мени ҳеч ким ишдан бўшата олмайди” деган эмиш. Ҳоким бобо роса жаҳл устида ҳозир. Сиз билан бир гапни маслаҳатлашгани чақиргандим. Истиқболингизни ўйласангиз, елкангизга офтоб тегишини истасангиз ўртамиздаги гаплар шу ерда қолиши керак. Уқдингизми?! Йўлдошни ишдан бўшатишнинг бирдан-бир йўли – устидан боплаб шикоят ёзиб тегишли жойга жўнатиш. Сиз ижодкор одамсиз. Ижодкор бўлганда ҳам аёл ижодкор. Кишининг қалбига йўл топиш, руҳий кечинмаларни чиройли ўхшатишлар орқали тасвирлаб бериш, айниқса ўқувчини ишонтира олиш иқтидори сизда бўлмаса, кимда бўлсин. Зиммангизга тушаётган бу ишнинг сиз учун яна бир ўнғай жиҳати борки, у ҳам бўлса сизнинг муҳаррирнинг заиф томонларини билишингиз ва у хизмат жараёнида йўл қўйган хато ва камчиликлардан бохабарлигингиздир. Мен сизга тазйиқ ўтказмоқчи эмасман. Йўқ, бу иш қўлимдан келмайди десангиз, ана ҳозирданоқ ким қанчаси  ўртага киши қўйиб, муҳаррир бўламан деб, у ёқдан-бу ёққа зир югуриб юришибди. Қаюм Ҳайдаров бир зум тўхтаб, Хўжаевага синовчан назар ташлади.

Агар, ҳоким бобо мени муҳаррир этиб тайинласа, Маҳкамовнинг устидан ёзганим бўлсин. Ўзим ҳам қандай аламимни олишни билмай юргандим.Қўшиб-чатиб айбларини уйиб ташлайман. Бирга ишлайдиган икки ҳамкасбим бор, бирор нарса ваъда қилсам, улар ҳам қўл қовуштириб ўтиришмайди. Ана, редакцияга ажратиб берган 4 гектар ердан ўзи фойдаланиб ётибди-ку. Камчиликларни истаганча топаман, фақат, сиз гапингизда турсангиз бўлди. Шу бугуноқ ёзишга киришаман. Эртага шикоят хати қўлингизда бўлади.

И-и-и, нима деяпсиз, опа, шикоятномангизни менга олиб кела кўрманг, асло. Эшитдингизми, уни ўзингиз тўғри бориб прокурорга топширинг. Бошқа жойда бу ҳақда зинҳор оғиз оча кўрманг. Гап орамиза қолсин-а, келишдикми? Мен сизга ишондим, бу ёғига бўш келмасангиз, муҳаррирлик сизникида, опажон. Йигитнинг гапи битта бўлади, қани, қўлни ташланг,-деб Қаюм Зарифахоннинг нозик қўлларини кафтларининг орасига олди.

Хўжаева чиқиб кетгач, Ҳайдаров елкасидан тоғ ағларилгандек енгил тортди. Бу аёл айтганидан қайтмайди. Мансаб деса ўзини томдан эмас,  тоғдан ташлайди. Буни фақат бошқариб туриш керак. Қаюм хуш кайфиятда бу янгиликдан ҳокимни бохабар қилгани унинг хонасига кирди.


ТУХМАТ

Нормурод Халиловнинг туманга проокурор бўлиб келганига эндигина бир йил бўлди. Лекин бу ердаги аризабозлик, бир-бирининг устидан ёзиш шу қадар кўпайиб кетибдики, баъзан у одамларнинг бойлик, мартаба, ёғлик жой деб бир-бирларининг устидан мазҳава тўкишга, ҳатто бири иккинчисига туҳмат, фитна уюштиришга ҳам тайёр эканлигини кўриб ёқа ушлади. У столи устидаги навбатдаги шикоят ҳатига ҳам малолланиб  кўз югуртирди. Шикоятнома редакцияда ишловчи аёллар номидан бўлиб, унда муҳаррир Йўлдош Маҳкамовнинг ноқонуний ҳатти-ҳракатлари, мансабини суистеъмол қилаётганлиги, редакцияга ажратиб берилган 4 гектар ерни ўзиники қилиб фойдалаётганлиги, ишхонадаги жиҳозларнинг сотиб юборилишига йўл қўйганлиги ва бошқа муаммолар батафсил ёритилган эди.

Прокурор муҳаррирни яхши танир, сайлов пайтида ҳокимият билан Маҳкамовнинг ўртасида низо чиққанлигидан ҳам хабардор эди. Шу боис шикоят хатининг холис эмаслигини англагандек бўлди. Лекин, наилож, шикоят тушдими, текшириш лозим. Бунинг устига хатнинг ниҳоясига “Агар шикоятимиз тез ва ҳаққоний текширилмаса, вилоят ва Республика прократурасига арз қиламиз” деб қўшимча жойи ҳам борки, шунинг ўзиёқ хатнинг ортида кимлардир турганлигини англатиб турарди. Прокурор қўлидаги ручкасини столга бир-икки уриб, шикоят хатини кимга йўллашни бир зум ўйлаб қолди, сўнгра, юқори чап бурчагига “ижро учун Донаевга” деб ёзиб, имзо ва сана қўйди. Қўнгироқни босиб, котибани чақирди. Қўлида ручка ва блокнот билан котиба киргач :

            -Сонияхон, менинг олдимга терговчи Донаевни чақиринг, деди проокурор столи устида турган хатга яна бир кўз ташлаб.

Орадан бир дақиқа ўтмасдан, худди прокурорнинг чақиришини кутиб тургандай бир зумда хонага Донаев кириб келди. У ёши элликларга кирган бўлса ҳам ўзини бамисоли ёшлардек чоғловчи,  доим женси шим, калта чарм куртка кийиб юрарди.

            -Ассалому алайкум, Нормурод Жалилович!

          -Редакциядан шикоят тушибди. Муҳаррирнинг устидан газета ходимлари ёзишибди. Шуни холисона, адолатли тарзда текшириш лозим. Тафтишчиларни ҳам жалб қилишга тўғри келади, зарур бўлса солиқчилардан тафтишчи қўшинг.

Терговчи Рустам Донаев шикоят хатини қўлига оларкан, хурсандлигини ичидан ташига чиқармасликка ҳаракат қилди. Бошлиқ сезиб қолмасин деди шекилли, хатни ола солиб, тезда хонадан чиқиб кетди. Ўз хонасига бориб, шикоятномани синчковлик билан ўқий бошлади. Бу хатдан бирор нарса чиқариш қийин, аммо тирноқ остидан албатта кир топилади. Фақат, йўқдан бор қилиш керак. Терговчиларнинг тили билан айтадиган бўлсак,” маъмурий ишни жиноят ишига айлантириш – пашшадан фил ясаш керак” холос. Бунақанги ишлар тадбиркор ва устамон  Рустам Донаевич учун ҳеч гап  эмас. Фақат, таъминоти бўлса бас эди.

У бу ишни пайсалга солиб ўтирмай, бир зумда телефон гўшагини кўтариб, солиқ идорасининг рақамларини терди.

            -Алло, бу Фурқатми? Ишлар жойидами? Менинг ҳузуримга назоратчиларингдан Бобораҳим Ризаев ва Суннат Фозиловларни юборсанг, илтимос, тезда келишсин.

Гўшакни қўяркан, терговчи ишни нимадан бошлаш, солиқчиларга қандай топшириқ ва кўрсатмалар беришни режалашга киришди. Муҳаррирнинг ишидан ишкал топиш, қилдан қийиқ ахтаргандаек, бу ишни жиноят ишига айлантириш осон бўлмайди. Ахир, Қаюм Ҳайдаров айнан мана шу иш юзасидан маслаҳатлашган эди-да у билан. Бу вазифани қойиллатиб бажарса, албатта қўли қуруқ қолмаслигини, бу ишнинг бошида ҳоким бобонинг ўзи турганлигини Донаевга бот-бот тайинланган.

Орадан кўп ўтмай терговчининг хонасига айтилган солиқчилар кириб келишди. Донаев ҳамиша атрофлича текширилиши шарт бўлган соҳаларга айнан мана шу икки солиқчини танлар эди. У айниқса, Бобораҳим Ризаевга кўпроқ ишонар эди. Ёши элликлардан ошган бу одам ер ўлчаш бўйича мутахасис бўлиб ишлаган, йўқ ердан ишкал топишга устаси фаранглардан эди. Ердан қанча ҳосил олиниши, кирим-чиқим масалаларида ҳам олий тушунчага эга ходимлардан. Иккинчи солиқчи Суннат Фозилов ҳам раҳбарлар қорани оқ деса, оқ, оқни қора деса, қора дейдиган, тасдиқлай оладиган, керак бўлса исбот қилиб беришга ҳам қодир кадрлардан эди. Уларнинг иккаласи ҳам терговчининг айтганларини сўзсиз бажаришар, итоатгўй ва садоқатли ҳамда  манфаатдор хизматкорлардан эдилар.

            -Гап бундай, оғайнилар, -деди терговчи уларни ўзига яқин олиб, - бизга редакциядан шикоят тушди. Унда айтилишича, муҳаррир Йўлдош Маҳкамов ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, кўп микдорда таҳририят мулкидан шахсий манфаатлари йўлида ишлатган, 4 гектар экин майдондан олинган маҳсулот даромадини редакция ходимларига тақсимлаб бермасдан, ўзининг рўзғорига ишлатиб юборган. Эртадан бошлаб шикоятномани текширишни бошлайсизлар. Лекин бу ҳақда, натижасини билмай туриб, бирор жойда оғизларингдан гуллаб қўймангалар. Қилдан қийиқ ахтариб дегандай, а ? Муҳаррирнинг ишини обдон текшириб, унинг жиноятларини очишимизга тўғри келади, тепадаги раҳбарларимизнинг мақсади ҳам шундай.    Бобораҳим ака, ишонаманки, сиз буни эплайсиз. Ҳозир сизларга текшириш ваколатини берувчи рухсатнома бераман.

Орадан бир соат вақт ўтар-ўтмас, солиқчилар Рустам Донаевдан фатво олиб айбсиз айбдорларни текшириш учун чиқиб кетишди. 


Х  Х  Х


Бугун ҳам Йўлдош одатдагидек, таҳририятга ҳаммадан олдин келди. Ишга барчадан олдин келиб, ҳаммадан кейин кетиш, унга одат тусига кириб қолган. Эрталабки юмуш файзи барокатли бўлади,- дерди раҳматли отаси. Телевизорнинг овозини пастлатиб қўйиб, бир муддат “Асалом Ўзбекистон!” кўрсатувини томоша қилди. Сўнг, газета ва журналларнинг янги сонларини кўздан кечира бошлади.Хонага Бобораҳим ака кириб келганида у қизиқ бир мақолани берилиб ўқиётганди.

          -Мумкинми?-деди тафтишчи салом беришни ҳам унутиб.

          -Келинг, ака, қандай шамол учирди биз томонларга? -деди Йўлдош у кишининг истиқболига пешвоз чиқиб.

          -Келдик, топшириқ билан, - бирдан мақсадга ўтди у жиддий оҳангда, қўлидаги рухсатномани муҳаррирга  узатаркан,- устингиздан прократурага шикоят хати тушган. Ўша материаллар  бўйича фаолиятингизни тафтиш қилишга топшириқ олганмиз.

Йўлдош рухсатнома билан танишаркан, асабларини аранг жиловлади. Ҳда редакциянинг бир гуруҳ ходимлари унинг устидан шикоят хати ёзганлиги, шунга кўра таҳририятнинг 1996-2000 йиллардаги фаолияти тафтиш қилиниши лозимлиги,ёрдамчи хўжалик еридан беш йил давомида олинган даромадлар кўриб чиқлиши кераклиги ва шунга ўхшаш топшириқлар қайд этилганди.

Демакки, текширишга Бобораҳим Ризаевнинг ўзи келибдими, бу ерда кўп гап бор. Ахир, ҳокимнинг хонасида бошланувди-ку, бу маш-машалар, ҳозир ҳам албатта бутафтишнинг ортида ҳокимнинг ўзи тургани аниқ. Чунки, бу солиқчилар катталар нима деса, улар ҳар қандай топшириқни  мутеларча бажариб кетаверишини  Йўлдош яхши биларди.

          -Ўша шикоят хатини кўрсак бўладими?- деди Йўлдош ўзини босиқ тутиб.

          -Йўқ. Тафтиш тугагандан сўнг танишиб чиқишингиз мумкин.

          -Агар мен бу текширувга рози бўлмасам-чи?

          -У ҳолда ўзингизга қийин бўлади.Прокуратура билан ҳазиллашиб бўлмайди,- деди солиқчи “прокуратура!” сўзига алоҳида урғу бериб.

            -Ёзилган фактларнинг ҳаммаси туҳмат-ку. Бундан ташқари, ўтган беш йил мобайнида ҳар йили пайдар-пай тафтиш ўтказилиб келинган. Хатоларимиз бўлмаган.

          -Ме-е-е-н топшириқни бажарувчи бир одамман, бу гапларингизни прокурорга бориб айтинг.

          -Бўпти айтаман, прокурорнинг ўзига ,- шундай деб у телефон гўшагини олиб, прокурорнинг рақамини тера бошлади.

          -Алло, прократурами? Нормурод, ўзингизми? Ассалому алайкум... яхшимисиз...раҳмат, ҳозир бораман.

Йўлдош Бобораҳим ака билан хонасидан чиқиб, прократура томонга илдамлаб кетди. Прократуранинг биноси туман марказига кираверишда йўлнинг чап томонидаги икки қаватли ихчам ва чиройли бинода жойлашган. У қабулхонага кириб борган чоқ, Нормурод котибаси билан нималарнидир муҳокама қилаётган экан.

          -Нима гап, Йўлдош ака?-деди прокурор у билан қўл бериб саломлашар экан.Ўрталарида ўн ёшларча фарқ бўлгани учун муҳаррирга “ака” деб мурожаат қиларди у.

            -Гап шундаки, ҳозир ҳузуримга солиқ инспектори борди. Менинг устимдан шикоят хати тушибди. Хат юзасидан текшириш олиб бормоқчи. Ташкилотимизнинг беш йиллик фаолияти йилма-йил текширилиб келинаётган бўлса. Ахир, беш йилликни текшириш учун Тошкент мувофиқлаштириш кенгашидан тегишли рухсатнома бўлиши керак-ку?- деди Маҳкамов қатъийлик билан.

            -Текширганда редакцияда нима ҳам бор, қоғоздан бошқа. Ҳар йили тафтиш ўтказиб келинган бўлса, нимадан ҳижолат бўляпсиз, шикоят тушгандан кейин биз ҳам текширмасак бўлмайди-да, ака. Расмиятчилик шуни тақазо этади. Ҳозир шунақа вазиятдамиз, бизнинг устимиздан ҳам ёзишмоқда.

Прокурорнинг гапидан англадики, бу сафар жиддий, чуқур ва атрофлича тафтиш бўлади. Йўлдош прокурорнинг хонасидан беҳуд алпозда чиқди. Қабулхонада кутиб турган Бобораҳим Ризаевга ҳам индамасдан ташқарига чиқди. Бобораҳим яна ортидан эргашди. 

Йўл-йўлакай  Йўлдошнинг кўнглидан  не гаплар ўтди. Қарийб ўттиз йилдан бери таҳририятда ишлаб келиб, бири икки бўлган эмас. У тенги жўралари қўша-қўша данғиллама уйлар солиб, “Волга”, “Нексия”, “Тико”ларни гижинглатиб миниб юрибди. Йўлдошчи?! Ҳатто, боласига вилосипед олиб беролгани йўқ.Тўғри, ҳалол ишлаганга нима етсин. Нима бўлса ҳам ташкилотнинг обрўсига, фаолиятига путур етмасин деб куну- тун меҳнат қилди, елиб-югурди. Оқибати-чи? Устидан ёзишди. Яна ким денг, ўша мен шароитини яхшилаб, ишда ҳам, оиласида ҳам ижод қилишларига, яшашларига шарт-шароит яратиб берганим, ўз ходимларим ёзишса-я?! Бор гапни ёзганида ҳам майлийди, алам қилмасди. Аммо, ғирт туҳмат, бўҳтондан иборат бўлгач, қандай чидаш мумкин, ахир.

Йўлдош мана шу воқеага қадар баъзи маъмурий орган ходимлари игнадек нарсани туядек қилиб, ғаразли мақсадлари йўлида ҳар қандай пасткашликлардан қайтмасликларини, улар учун инсон ҳаёти чумчуқнинг ҳаётидан-да беқадр бўлиб кетганлигини биларди, аммо, ўзи ҳам қачондир худди шу аҳволга тушишини хаёлига ҳам келтирмаган, ҳозир ҳам ишонгиси келмасди. 

Шу тариқа, ўша кундан бошлаб икки нафар солиқчи таҳририятнинг ипидан игнасигача текширишга киришиб кетишди. Ёрдамчи хўжаликдаги пудратчи ҳам чақиртирилди. Бобораҳим Ризаев улар билан қўпол муомалада бўлар, “агар ёлғон гапирсанг, қўлингга кишан солиб, қаматтириб юбораман” деб қўрқитар эди. Вақт ўтиб борар, бироқ, тафтишчилар ғаразли ниятларига эриша олмай хуноб бўлишарди.Орадан ўн кунча ўтиб, Бобораҳим ака Йўлдошнинг хонасига бир оз сарҳуш ҳолда кириб келди. 

          -Хатойим йўқ деб “жар-жар” этасиз, бор экан-ку, мана бугун ўзим топдим, - деди у курсиларнинг бирига жуссасини ташлаб. -Ўтган йили қўшни туман босмахонаси билан ғирром ишга қўл урган экансиз, ишингизнинг чуви чиқди. Бунга нима дея оласиз?

          -Қўшнилар билан иш қилган бўлсам, унинг шартномаси, ҳужжатлари бор, ака. Бунга ўша босмахонада чоп этилган газеталар ҳам исбот. Ҳаммаси қонуний бўлган,-деди Йўлдош хотиржамлик ва ишонч билан.

          -Сиз айтгандай эмас экан-да, ўртоқ муҳаррир. Босмахона директори ҳам, ишчиси ҳам “Буғдой олмаганмиз, лекин, ҳужжатларга қўл қўйиб берганмиз” дейишди. Ризаев тушуниксиз ҳаракатлар қилиб, чўнтагидан кафтига бир отим носни солиб  чекди. 

          -Ў-ў-в, инсон, биздан буғдой олиб кетишганлигини тасдиқловчи гувоҳлар, ҳужжатлар бор. Сизлар оғзаки гапга ишонасизларми, ёки, расмий ҳужжатларгами?

            -Билмадим, олганимиз йўқ дейишмоқда. Уларнинг айтишларича, сохта ҳужжат қилинган экан.Ўша олти тонна буғдойни, лоақал, қўлларига ушлаб кўришмаган экан.Газетангизни чоп этиб берганлари учун уларга нақд пул берган экансиз.

          -Йўғ-е, ахир бу ғирт туҳмат-ку. Башарти ишонмас экансиз, шу ғаллани юк машинасига ортиб берган одамлар билан юзлаштиришим мумкин сизни. Олган, олмаганликлари яна ҳам ойдинлашади. 

Йўлдошнинг ноҳақ айбловдан асабийлашаётгани  Бобораҳим Ризаевга янада қўл келаётган эди. Чунки, у бугун ўша босмахонага бориб, директорнинг юрагини ёриб қўлига берди. “Муҳаррир Йўлдош Маҳкамовнинг устидан шикоят хати тушди. У сизларга буғдой бермаганлигини тан олди. Агар сиз “олдим” деб ёзиб берсангиз, қамоққа тушишингиз нақд. Ҳозир Маҳкамов “решотка” ортида ўтирибди” -деганидан сўнг босмахона директори типирчилаб қолган ва олган буғдойни “олмаганман”  деб ёзиб берган эди. Маккор Ризаев “оғзаки факт билан ҳар қандай одамни эсанкиратиб қўйиш, айбини бўйнига олдириш мумкин” деган услубининг натижасидан мамнун эди.

          -Энди сизга қийин бўлади.-деди тафтишчи ўрнидан қўзғалар экан, Ҳамма фактлар сизга қарши. Қўлингизни баланд кўтариб, курсирнгизни яхшиликча бўшатиб берсангиз маъқул бўларди.

Унинг гаплари Йўлдошнинг ғазабини баттар оширди. Кўнглига келган ёмон гапларни айтиб юборишдан ўзини тийиб, шайтонга ҳайф берди-да, ўта босиқлик билан деди.

          -Агар айбим бўлса, жавоб беришга тайёрман. Еб-ичиб қўйган жойим йўқ. Фақат, тафтишни холисона олиб боришингиз керак. Ким айбдор бўлса, жазосини олсин, шу жумладан туҳмат қилганлар ҳам.

            -Мен кичкина одамман, у ёғини прократура ҳал қилади. Биз фақат топшириқни бажарамиз холос. Ҳар ҳолда энди сизга қийин бўлади-ёв.Ҳай майли, мен кетдим,- деди Ризаев жойидан қўзғалар экан. Эртагача омон бўлинг.

У чиқиб  кетгач, Йўлдош бир зум ўйга толди. Нима учун Ризаев “энди сизга қийин бўлади” деди астойдил. Нималарни назарда тутяпти бу одам.

Тафтишчининг нега бундай деганлигининг сабабини Йўлдош орадан икки ҳафта ўтгач билди. Янги йил кираётган кеча у ўз уйида меҳмонлар билан дастурхон атрофида ўтирган эди. Тўсатдан телефон жиринглаб, Ризаев чақираётганлигини айтишди. Йўлдошнинг кайфи бўлса-да, чақириб, безовта қилавергач, Ризаевнинг хонасига кириб борди. Ризаев Йўлдошнинг кайфи борлигини кўриб, янада кайфияти чоғ бўлди. Қўлидаги қоғозларни столга қўя туриб гап бошлади:

            -Келинг, муҳаррир, байрам кутаётган экансиз-да, узр, сизни андак безовта қилдик. Прокурор далолатномани ҳозир сўраяпти. Олиб бормасам бўлмайди. Мана шунга имзо чекиб юборсангиз бас. 

          -Ҳозир қўл қўйиш шартмикан, ака, бир оз кайфим бор, тун ярим бўляпти, уйда байрам қилаётгандик. Буни ўқиб чиқишим керак-ку? Бу ерда ким билади нима балолар деб ёзгансиз. Эртага ўқиб чиқиб, кейин имзо чекаман.

          -Йўғ-е, ука, бугун йилнинг охири. Далолатномани ҳозир олиб бормасам бўлмайди. Бу ерда бирон жиддий гап йўқ.Ўша босмахона директорининг гапини ёздим, сизнинг рад жавобингиз ҳам киритилди. Бу далолатнома холос, терговда эҳтиёт бўлинг сиз.  Менга ишонаверинг, - деди тафтишчи одатдаги мулойим супургилиги билан. Унинг ишонч билан айтган майин сўзлари кайф таъсирида сарҳуш бўлиб турган Йўлдошнинг кўнглини эритиб юборди ва у ручкасини олиб Ризаев кўрсатган жойга имзосини қўйди. 

 Йўлдош ҳозиргина ўзининг устидан жиноий қўзғатилишига яна бир  замин тайёрлаб берганлигини, Ризаев эса, доғулилик билан зиммасидаги вазифани хамирдан қил суғиргандек бажарганлигини билмасди, чунки бундай судловга оид  масалага  ҳаётда биринчи бор дуч келиши эди унинг, соддалиги, тажрибасизлиги  шу дамда панд бериб қўйганди. 

Шу тариқа  Йўлдош уйига қайтиб, оиласи даврасига киргач, чиройи очилди. Фарзандларига, хотинига ким ва нима учун чақирганини билдирмади. Фақат хотининг сўроғига “Қорбобо чақирибди” деб қисқа жавоб берди холос. Афсуски, янги йилнинг биринчи иш кунидаёқ, қорбобонинг “аччиқ совғаси” Йўлдошнинг ишхонасига кириб келди. 

Туман газетасининг муҳаррири Йўлдош Маҳкамовга нисбатан туман прократураси Узбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми, 184, 205 ва 209 моддалари асосида жиноий иш қўзғатиб,тергов ишлари бошлаб юборилди. Тергов жараёнида Ризаев редакция билан олди-берди қилишган  қўшни туманнинг тегишли раҳбарлари  билан учрашиб, Маҳкамов билан ҳеч қандай алоқа қилмаганмиз, ҳеч нарса олмаганмиз ва ҳеч нарса бермаганмиз деб айтишларини яна бир бор тушунтирди. Аммо, улар истаганларида ҳам бундай қила олмас эдилар. Чунки, олди-берди ишларининг барчаси қонуний равишда амалга оширилган эди. Ҳужжатлаштиришда жузъий камчиликларга ҳам йўл қўйилмаганди.

Тергов давом этаётган кунларнинг бирида муҳаррир хонасига қўшни тумандандаги хусусий корхона бошлиғи Искандар Рустамов ташриф буюрди. Йўлдош у кишини яхши танир, маҳаллий телестудия очиладиган бўлганда видеомагнитафон, телевизор ва бошқа техник жиҳозларни у кишидан сотиб олган эди. У Йўлдошни кўриб, ҳайратини яшира олмади:

-Э, дўстим, бормисиз ўзи? Омон-эсон юрибсизми? 

      
                                                                                    Йўлчи Муҳаммадиев (давоми бор)