«ЁЗУВЧИ» Ҳикоя

(Давоми. Бошланиши ўтган сонда)


Самар оломон томонга югурди. Одамларни огоҳлантириб, чеккага ўтишларини сўради. Йиғилганларнинг ярми оқсоқол томон, ярми аёл томонда, “ҳай-ҳай”лаб  жанжални тўхтатмоқчи бўлишяпти. Ўртада бензин тўла идишнинг  балдоғидан раис, жўмрагидан аёл киши ушлаб олган, иккаласи ҳам ўзи томонга тортқилаб, бир-бирига куч бермасдан вағиллашяпти. Милиционерни кўриб одамлар ўзларини четга олишди. Самар эпчиллик билан бензин солинган идишнинг ўрта балдоғидан ушлади. Орада куч синаш бошланди. Анов шунчалар кучли эдики, бир аёлга икки эркак бас келолмасди. Атрофда қий-чув, ҳеч ким ёрдамлашай демайди. Ҳамма телефонда расмга тушириш, тасвирга олиш билан овора. Самар ҳозир сал нотўғри ҳаракат қилса, дунёга шарманда бўлиши аниқ. Сўнг у ёғига блогерлар “канистр талашиб” кетишади. Вазиятни кўриб, нима бўлса ҳам “уйга ўт тушмаса бўлди” деган  хаёл Самарнинг миясидан симиллаб ўтди.

- Опа, илтимос, бундай қилманг, - деди Самар босиқлик билан ва бор кучи билан идишни ерга босди. Оқсоқол идишни қўйиб юборди ва дарвоза зинасига ўтириб қолди. Ановнинг эса, баттар жазаваси тутди.

- Ҳой,  кўрнамак, мелисани ким чақирди?

Оқсоқол жавоб бермади. Анов одамларга қаради, ҳеч ким жавоб бермади. Сўнг  Самарга бақирди, идишни жон-жаҳди билан тортди:

- Қўйвор, сени ким чақирди, кимсан ўзинг, нимага аралашасан бу ишга?

- Янги участковойман, қўйворинг, бу далилий ашё.

- Нима дединг, далилий ашё?! 

Анов Самарнинг кўзига шунчалар қадалиб тикилдики, бунақа совуқ нигоҳ, заҳарханда башара, қоши қопқоқ, ияги тўмтоқ, бурни чўқмоқ... Ё, алҳазар, Самарнинг биринчи бор бундай аёл башарани кўриши эди. Ёлмоғизнинг ўзи-ку бу! Кайфи борми бунинг, ёлмоғиз супургисини талашаётгандай важоҳатда эди у. Самар идишни бор кучи билан бир тортди ва  бир силташнинг ўзида бензин тўла идишни  аёлнинг қўлидан юлиб олди.  

-  Ҳой, сен!.. Сен бизнинг шахсий ишимизга аралашма, - деди Анов қўлини белига қўйиб. Уйни ўзимиз бўлиб оламиз, ҳоҳласам ҳаммасини оламан, ҳоҳламасам барига ўт қўяман. Мен қонуний  ҳаққимни сўраяпман. Қоч йўлимдан!

Анов жон жаҳди билан яна идишга ёпишди. Кучли “арқон тортишиш”дан сўнг Анов атайлаб ўлжани қўйиб юборди. Самар мувозанатини йўқотиб, оёғи остидаги тошга суриниб кетди-да, маҳаллакомнинг ёнига ўтириб қолди. Идишнинг очиқ оғзидан бир сачроқ бензин отилиб, миршабнинг шимига, бутига тушди. Гўё кураш томоша қилаётгандай, атрофдаги томошабинлар қийқириб юборди. Самарнинг тоқати тоқ бўлди, ўрнидан туриб шимини қоқди-да, жаҳл билан бориб Ановнинг қўлини орқасига қайириб, жойига қотириб қўйди. Одамлар яна жўр бўлди.

- Қўйвор!, -  дея дўқ урди Анов вазминлик ва  ўзига ўта ишонч билан. – Сен ҳали мени билмабсан, совунимга кир ювмабсан, мана шу ишинг учун, “именно” мана шу ишинг учун сени қаматаман!

Самарнинг қулоғига аёлнинг гапи кирмади, ҳозир у бошлиқнинг топшириғини бажариши керак холос. Анов эса яна бақирди: -Кўряпсизми, одамлар, ғар билан ўғрининг даври келди, бунақа судланган маҳаллакомнинг кимга кераги бор, олдин хотинини  қайтариб олсин,  қани ҳақиқат, қани қонун? Қаранг қонуннинг эгаси нима қиляпти?! Самар бор кучи билан Ановни машина томонга итарди ва тилининг учида бир ҳуштак чалди ҳамки, махсус хизмат машинаси ёнида ҳозир бўлди. Шофёр тезлик билан машинани Ановнинг ёнига тўхтатиб, эшикни очувди ҳамки, кутилмаган фожиа рўй берди. Анов машина эшигига калла ташлади:

- Вой дод, мени машинага бостирди, ёрдам беринглар, мени ўлдирмоқчи булар...

- Қўйворманг, - деди шофёр Самарга,- маҳкам ушланг, тиқинг машинага! 

Шофёр шундай деди-ю, тепасида телефон ушлаб, съёмка қилаётган қизнинг қўлига жаҳд билан бир тепди, телефон отилиб, асфалть кўчага тушди ва шарақлаб, нури ўчди. Қиз шанғиллаб, эркакчасига бўралаб сўкинди. Самар бор кучи билан Ановнинг қўлидан тортиб, судраб машинага чиқарди. Эшиклар ёпилди ва қулфланди. Самарнинг икки қўли ҳамон Ановнинг билакларини маҳкам қисиб турар, ориқлигидан суяклари кафтлари орасида эзилиб кетаётгандек, лекин чайир мускуллари  мағлуб бўлишни истамас, тили тўхтовсиз сайрарди. 

-  Кетдик..., - деди шофёр хурсанд бўлиб.

Машина жойидан қўзғалди. Аммо, бир қадам юрмасидан Самар “Тўхтанг!” деб додлаб юборди. 

- Тўхтатинг, ака, тўхтанг, манов ўлиб қолди, қаранг. Ё, ҳушидан кетдими, бошидан қон оқяпти...

Шофёр Самарнинг гапига эътибор ҳам бермади,  Ановга бир қараб қўйди-ю, сигнални бобиллатиб, газни баттар босди.

- Қўрқманг, - деди шофёр машинанинг гувиллаган овози аралаш. Сўнг, тилининг учини тишлади-да “ўлмайди” деган сўзни бармоқлари билан ишора қилиб тушунтирди.

- Ўлиб қолса-чи?!

Самар шошилганча аёлни ўриндиққа жойлади, юзига сув урди, фойдаси бўлмади. Қани энди кўзи бир чирим этса, қўл-оёқларини буткул ташлаб юборди. Бошдаги жароҳатдан қон оқяпти, ранги оқариб, оғзи очила бошлади. Самарнинг қўрқуви  оша бошлади. Охири шофёрга ўгрилиб  бақирди:

- Қаёққа кетяпсиз, машинани балнисага ҳайданг! Балнисага!

- Уйига оборамиз, топшириқ шундай!

- Бу ерда топшириқни мен бераман. Тўғри балнисага! Бу одам ўлиб қолса мен жавоб бераман, сиз эмас...

Машина қайтавермагач, Самар қуролини ғилофдан олди-да, шофёрга ўқталди. Машина таққа тўхтади.

- Начальникдан сўраш керак. 

- Қанақа началник? Одам ўляпти, одам! Шофёр ортга ўгирилди ва Ановнинг афтини кўриб ростдан ҳам  сесканиб кетди. 

- Бўпти, ўзингиз жавоб берас. Дўхтирга оборсак рўйхатга тушас. Хатга тушдинг, ўтга тушдинг. Ўзингиздан кўринг...

Машина шифохона томонга ўқдек учди. Самар Ановнинг юзига  тикилар экан, ич-ичидан ёнди. Ўзини-ўзи койиди. Шўринг қуриб, шу туманга, шу маҳаллагаям келасанми? Биринчи кундаёқ эсим оғяптими? Нега ҳамма бу аёлдан безган, безор,  чалкашлик, мужмаллик. Ростдан бу аёл шунчалар кучлими, э-э-эй..., ортингда валломатинг бўлсаям... Ё, ноҳақликдан эзилиб жинни бўлган, ё, палакатнинг ўзи бу аёл. Нима бўлса ҳам ўлмаса бўлгани, бошқасининг иложи бор.

Машинанинг ичи шифохона чироқлари нуридан ёришиб кетди. Шифохонага ички ишларнинг махсус хизмат машинасида касал келтирилиши жуда ваҳимали. Айниқса, бу хабар ўзидан олдин шифохонага етиб келганлигидан Самар ҳайрон. “Анов яраланибди, мошин уриб кетибди. Аҳволи оғир экан, қайси шофёр бўлса ҳам шўри қурибди. Ёнида участковой ҳам бор экан”, каби шивир-шивирлар аллақачон атрофда изғимоқда эди...

“Тез ёрдам” шай, “насилка” тайёр, ҳаш-паш дугунча, машина тўхтар-тўхтамас, Ановни иккита “медбрат”, иккита ҳамшира, врачлар “тахтировон”га  ётқизиб, жонлантириш бўлимига олиб кириб кетишди. Самарни тўхтатишди ва унинг афтода ҳолини кўриб, ўтиришга стул беришди. У эшик ёнида ўтириб қолди ва қўлларидаги қалтироқни,  ички қўрқувини бошқаларга билдирмасликка ҳаракат қилиб, ўзини вазминликка сола бошлади. Бир пасда Ановнинг бошида туман ички ишлар бўлимининг  тезкор тергов гуруҳи пайдо бўлди ва яна бир неча  салобатли одамлар. Самар уларни танимади, лекин формаларидан, телефондаги гаплашувларидан катта-катта лавозимдаги ходимлар эканлигини англаб турди.

Негадир, Самар билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Бирор кас бирор сўз сўрамайди. Бу ҳолдан уни баттар ваҳима босди. Стулга неча марта ўтириб турганини ўзи ҳам билмайди. Ҳар эшик очилганда бир туради, чиққан киши ким бўлса ҳам, нуқул унинг елкасига бир уриб, “сабр...” дейди. Улардаги тушуниксиз аломат янги миршабни баттар тамом қилди. Нима бўляпти, наҳот ўлиб қолса, биринчи иш кунимдаёқ, қотилга айлансам. Ёки тузоққа тушдимми, туширишдими?...

Самар, айниқса, Ановнинг оғайниларидан қўрқди. Ҳаммаси шифохонага бостириб келиб мени роса дўппослайди, абгор қилади деб ўйлаганди. Аммо, ўша “Коптива”ли қиздан бошқа уни истаб ҳеч ким келмади. Қиз ҳам Самарга  ҳеч нима демасдан, ерга қараганча палатага кириб кетди, бир пасда яна чиқиб кетди.

Ярим тун. Келганлар ҳаммаси ишларини битириб индамай тарқаб кетишди. Самар  ўрнидан турди-да яна жонлантириш хонаси томонга қаради: “Ишқилиб, жонинг тош бўлсин, ўлиб қолма. Қилтириқдай жонинг бор экан, онангнинг гўрига бошингни эшикка урасанми? Наҳот, ўша уй- жой  жонингдан ҳам ортиқ бўлса? Ўзингниям уйинг бор экан, кўчада қолмабсан-ку. “Эҳ, онажон, гумонингиз тўғри экан, аҳволимни қаранг, эрталаб қандай бахтли ўғлингиз эдим, энди-чи?...”

- Ҳали бери ҳушига келмайди-ёв, бориб дамингизни олсангиз бўларди, - деди ҳамшира қиз хонадан чиқиб

- Аҳволи қандай, яхшими?

- Тергов пайти ҳушига келди-ю, яна кетди, “состояний”си яхши, негадир кўзини очмаяпти, яна бошқа ташхислар қўйишяпти. Бу ерда ўтирганингиз бефойда, - жилмайди қиз.

- Нега куляпсиз, ҳолимга ачиняпсизми? 

- Йўғ-а, янги экансиз... шунга...

- Янги эканимни бир кундаёқ ҳаммангиз билдингиз, эскилар нима қиларди бу ҳолда?  

- Бу ишнинг янгиси,  эскиси бўлмайди, ўртоқ командир.

- Бир кўрсам бўладими опани?

- Бўлади...

Самар секин хонага кириб, Анов ётган тўшакка қаради. “Эй худо, ёмон, ростдан ҳам аҳволи ёмон!”.  У аёлга бошдан-оёқ   синчиклаб қаради. Бинт билан боғланган боши янада ваҳимали, ёстиқ юзида  юмалоқ тошдек турибди, тўшакда одам борми, йўқми билинмайди. Ана, чойшабнинг остида бир учи чиқиб турган телефон кўринди. Самар ҳамширага қараб, олсам бўладими, деган маънода имлади. Ҳамшира бош ирғаб розилик берди ва кўрмаган киши бўлиб, эшик томонга юрди. Самар секин телефонни ушлаб тортди ва “тегма!” деган овоздан сесканиб, ток  ургандай қўлини олди.

- Бир нима дедингизми, - деди ҳамшира қиз ортига қайрилиб.

Самар бу сўзни ҳамшира айтдими, ё, Анов айтдими, англолмай қолди.

- Йўқ, ҳеч нарса... демадим... керакмас дедим...

- Тезроқ чиқинг, қизи билан яна бир хотин келяпти, орқа тарафдан ўтинг, сизни кўришмагани маъқул. Мен ҳам  балога қолмай тағин...

Самар тез юриб, орқа эшикдан шифохона ҳовлисига чиқди. Яхшиямки, шофёр ҳамон  ҳовлида кутиб турган экан. Самарнинг  оёғи ўша томонга тортди. Ўриндиққа ўтирар экан, “ҳалиям шу ердамисиз, ака?” - деди ва кафтлари билан юзини бекитиб, уйқудан қолган кўзларини уқалади.

- Хизматчилик, ука, тонггача сиз билан бўламиз. Бошқасига бормасак ҳам, шу чақирувни тинчитмасак бўлмайди. Капитан менга телефонда ўшқириб гаранг қилди,  “нега уйига обормасдан духтирхонага оборди-ларинг?”, деб. О-о-ла, ўзингку, қўрққанингдан шу болакайни жўнатдинг ўрнингга, бо, яна пешкирликни қара.

Шофёрнинг гапларига Самар эътибор бермади. Унинг миясида боягина йўлда  шофёрнинг “Бу аёл ўлмайди, қўрқма” деган луқмаси билан Ановнинг ҳозиргина бошини қотириб, юрагини  шувуллатиб айтган  “тегма!” деган сўзи уйғунлашиб кетди. Бирдан шофёрга юзланди:

- Ака, сиз боя бу аёлни ўлмайди дедингиз-а? Айтинг, нимага шаъма қилдингиз?

- Ҳа, дегандим. Бу муттаҳам ўлмайди, бунақа найранглардан мингталари бўлган-ов.

- Найранги шунчами бунинг, ҳали? 

Тавба, аста-секин Самарда ҳам “бу аёл ўлмайди, ҳеч ким бас келолмайди” деган хулоса туғила бошлади. Вақтни йўқотмасдан ишга киришишни истади. Шофёр:

- Бемазанинг қизиям ўзига ўхшаган, энаси қаерга борса, ўша ерда тайёр, боя телефонини тепиб юбордим-ку, ўша-да. Қарасам мениям оляпти.

- Маҳаллакомнинг уйига ҳайданг ака, тонг отгунча ҳали вақт бор, кўп гапларни сўраб билишим керак. Анов менга даъво қилса, оқсоқол асосий гувоҳим бўлади.

- Агар менинг фикрим керак бўлса, айтай, оқсоқол ҳеч қачон гувоҳлик бермайди сизга. Ундан кўра бу ишни ёпти-ёпти қиладиган, Ановнинг куёвига бас келадиган таниш-билиш топинг. Начальник ҳам Ановхоним билан вижиллашиб, обрўсини туширгандан кўра, сизни ишдан бўшатиб юборишни осон билади. Мана мисол учун мен... оддий шофёр бўла туриб, ҳар йили бўлмаганда устимдан икки марта ёзади, бу сафар-ку, аниқ, ноқонуний арала-шишнинг устига  қасддан қилинган автоҳалокат ҳам  қўшилди.

- Нега? Сизни нега ёзади?

- Сиз билан келганим учун, кўрдингизку, ҳар сафар шундай, чақирув бўлади, машина билан бораман, ғилдиракнинг айланганиданам айб топади бу хотин! Тўғриси, менам ҳар сафар  “Илтимос, мени хатга туширманг, хизматчилик, боришга мажбурман”, - дейман-у, чакагини ёпиш учун тўрт-беш сўм бериб тураман.  

- И-е, пора ҳам оладими бу?

- Бу билан келишишнинг бошқа йўли йўқ!  Ҳали кўрасиз, сизни анчага туширади-ёв, иш чуқурлашиб кетди. Сизники Тошкентда ҳал бўлади. Таниш борми, бўлмаса “кишт!”

- Қўрқитяпсизми? Мендан ҳам сўрайди-ку, сиз борсиз, оқсоқол бор, қўшнилар кўриб турувди калласини ўзи эшикка урганини.

- Мени-и-и тинч қўйинг ука, ҳеч қачон аралашмайман. Анов билан ўзим келишиб оламан. Сиз ким бўпсиз, ука, начальникдан бошлаб, ИИБ, ИИВ, РБП, РПҚ, ХТБ, МТБ,... алфавитдан ҳоҳлаган  уч ҳарфни жуфтланг, ўша  ташкилотам билади буни. Ҳатто, Президент танийди ҳуснихатини, - деди шофёр муболаға қилибми...                         Давоми бор.

Ойгул МАМАТОВА.