ТИББИЁТ БИРЛАШМАСИДАГИ БЕПАРВОЛИККА КИМ ЧЕК ҚЎЯДИ?
Коронавирус пандемияси бутун дунё халқлари аётига хавф солаётган бир пайтда мамлакатимизда ҳам касалликка қарши кескин кураш чоратадбирлари кўрилаётганлиги, халқимиз соғлиги, ҳаётини муҳофаза қилиш ҳукуматимизнинг асосий диққат марказида эканлигига ҳар биримиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Хўш, бу борада туманимизда қандай ишлар олиб борилмоқда. Туман тиббиёт бирлашмасида айни долзарб дамларда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган ишлар, яратилган шарт-шароитлар бугунги кун талабига жавоб берадими? Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида жорий йилнинг 19 август куни туман ҳокимлигининг ишчи гуруҳи томонидан туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли тиббиёт бўлимларининг аҳолига хизмат кўрсатиш борасида олиб бораётган ишлари ўрганилганда, қуйидаги камчиликлар аниқланди.
Дастлаб кўп тармоқли марказий Поликлиника биносидаги шарт-шароитлар ўрганилди. Поликлиниканинг ҳар бир қаватидаги коридорларини кузатар экансиз, бу ердаги тартибсизликларни кўриб ҳайрон қоласан киши. Коридорларда одамларнинг ниҳоятда гавжумлиги, улар ўртасида масофа сақланмаганлиги, карантин қоидаларига мутлақо амал қилинмаётганлиги кишини ташвишга солади. Лекин бу масканда фаолият кўрсатаётган медицина ходимлари, масъул раҳбарларнинг бу ҳолатга бепарволиги, бирор бир ходим томонидан назоратга олинмаётганлигини қандай баҳолаш мумкин?
Лаборатория хоналаридаги аҳвол бундан ҳам баттар. Таҳлил топшириш учун келган беморларнинг бир нечтаси бегоналар кириши таъқиқланган хоналарга бемалол кириб-чиқиб юри-шибди. Бирорта тиббиёт ходими фуқароларнинг кириб-чиқиши ва хизматдан фойдаланиш тартибини назоратга олгани йўқ.
УАШ хоналарида антисептик воситалари умуман йўқ. Медицина ходимларининг қўл ювиши учун шарт-шароит яратилмаган, совун, қўл артиш учун бир марталик салфеткалар мавжуд эмас. Норколог шифокорларнинг ўзлари ҳам медицина кийимисиз фаолият кўрсатишмоқда.
Бир сўз билан айтганда, поликлиника бўлимида карантин қоидаларига риоя этиш қониқарсиз аҳволда. Коридорлардаги тартибсизликлар, медицина ходимларининг ўз ишларига бўлган масъулиятларини назорат қилиш ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Бу ерга соғлигини тиклаш учун келган беморларнинг навбат кутишларини очиқ осмон остида ташкил қилиш, уларни рўйхатга олиб, кириб-чиқишларини карантин қоидалари асосида ташкил қилиш назоратга олинмаган.
“Шошилинч тез ёрдам” бўлими биносининг ҳовлисида ободонлаштириш ишлари талабга жавоб бермайди. Гулзорлар сувсизликдан қуриб қолган. Бинонинг шундоққина ён қисмида қурилиш чиқиндилари тўпланиб турибди. Айниқса, турли хил латта-путталарнинг бинони дераза ромларига илиб ташланганлиги, улардан тарқалаётган бадбўй ҳидлар, инфекциялар коридорлар бўйлаб хоналарга кириб келаётганлигини кўриб, бу нохуш манзара ҳеч кимнинг эътиборини тортмаётганлигига ҳайрон қоласан киши. Бўлимга киришдаги қабулхонада эса антисептик воситалар мавжуд эмас.
Жарроҳлик бўлими бошлиғининг ўзи иш формасида эмас, хонасида антисептик воситалар мавжуд эмас, қўл ювиш жойи талабга жавоб бермайди. Шифокорлар хонасидаги аҳвол эса бундан-да баттар, шкафларнинг ичини очиб, тартибсизликдан ҳайратга тушасиз, қўл ювиш учун шарт-шароит яратилмаган, антисептик воситалар билан таъминланмаган.
Бўлимнинг ювиниш хонаси санитария қоидаларига мутлақо жавоб бермайди. Болалар шифокори хонасининг ҳам аҳволи яхши эмас, хона деярли бўм-бўш, бу ерда шифокорлар учун шарт-шароитлар яратиб берилмаган. Бўлимнинг бошқа хоналари-даги аҳвол ва шарт-шароитлар ҳам етарли даражада эмас, деярли барча хоналарнинг санитария аҳволи қониқарсиз, электр чироқларининг ҳолати хавфсизлик талабларига жавоб бермайди. Бу аҳволда улар халқимизга қандай қилиб сифатли тиббий ёрдам кўрсатиши мумкин?
Терапия бўлимида ободонлаштириш ишлари умуман амалга оширилмаган, гулзор учун ажратилган ер майдонлари ачинарли аҳволда қаровсиз ётибди. Шифохонанинг коридорлари етарли даражада ёритилмаган. Ҳамшираларнинг кийим алмаштириш хонасида умуман шароит яратилмаган, ҳовлига қараган деразаларига ҳаттоки парда тутилмаган. Бинога киришдаги том қисми таъмирталаб.
Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли бўлган бўлимларда бу каби камчилик ва хатоларни кўплаб келтириш мумкин. Умумий ҳолатдаги камчиликларни келтирадиган бўлсак, бирорта бўлимда ҳам мурожаатлар учун телефон рақамлари илинмаган, борлари ҳам талабга жавоб бермайди. Масалан, айрим бўлимларда ҳамон тиббиёт бирлашмасининг бош врачи деб Аъзам Мустафоевнинг телефон рақами илиб қўйилган. Ваҳоланки, А.Мустафоевнинг вазифасини анча вақтдан бўён бошқа раҳбар бажариб келаётганлиги барчага аёнку. Наҳотки, бу ерда фаолият кўрсатаётган медицина ходимлари, мутасадди раҳбарлар ўз ишларига шунчалик даражада совуққонлик билан муносабатда бўлишса? Шунингдек, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг ҳам телефон рақамлари бирорта бўлимда илиб қўйилмаган. Шифокорлар хоналарининг барчасида бир хил ҳолат: қўл ювишлари учун етарли даражада шарт-шароит яратилмаган, Стол устига антисептик воситалар, совун, салфеткалар қўйилмаган.
Бугунги кунда коронавирус пандемиясига қарши кураш кетаётган айни долзарб даврда мамлакатимиз бўйлаб барча бўғиндаги тиббиёт ходимлари инсоният соғлигини, ҳаётини сақлаб қолиш йўлида беминнат хизмат кўрсатаётганлигини барчамиз кўриб турибмиз. Ана шундай масъулиятли дамларда туман тиббиёт бирлашмаси бўлимларида бу сингари камчиликларга йўл қўйилаётганлиги, медицина ходимларининг ўз ишларига бўлган масъулиятсизлигини қандай баҳолаш мумкин? Биз бу ҳақда тиббиёт бирлашмасининг масъул ходимларидан жавоб кутиб қоламиз.
Бунёд АШУРОВ,
Иномжон ЛАПАСОВ,
ишчи гуруҳ аъзолари.