83 ЁШЛИ БОБО НЕГА СУДЛАНДИ?

Судланувчи Эшқул Толлиев  (исми шарифи ўзгартирилган) 1940 йил  Оқдарё туманида туғилган, муқаддам судланмаган, нафақахўр. Оқдарё тумани "Примкент" маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли "Пониқи" қишлоғида яшайди. Хўш, 82 ёшдан ошган, 8 нафар фарзанднинг отаси, невара ва чеварларнинг севимли бобоси бўлган табаррук ёшдаги бу отахон бугунги кунда нега суднинг қора курсисида ўтирибди? Умрининг энг лаззатли онларини фарзандлари, набиралари даврасида ўтказиш ўрнига қандай қилиб жиноят кўчасига кириб қолди. 
2022 йил баҳор ойлари эди. Э.Толлиев ўзи яшаб турган "Примкент" МФЙга қарашли "Пониқи" қишлоғида жойлашган яшаш уйининг ҳовлисидаги томорқа ерига қонун билан тақиқланган, таркибида гиёҳванд модда опий гуруҳи алкалоидлари морфин, кодиен ва тебаин мавжуд бўлган 404 туп "кўкнори" гиёҳвандлик ўсимлигини экиб етиштириб, парваришлаб келаётганлиги аниқланди. 2022 йил 11 май куни Самарқанд вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари, ДХХ Оқдарё туман бўлими ва Оқдарё туман ИИБ ходимлари томонидан ушбу ҳолат аниқланиб, ушбу "кўкнори" гиёҳвандлик ўсимликлари ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олинган.
Суд мажлисида судланувчи тариқасида сўроқ қилинган Э.Толлиев ўзининг кўрсатувида, айбига қисман иқрорлик билдириб, қуйидача баёнот берди. У 2021 йилнинг май ойларида Пастдар-ғом туманига ўзига узоқроқ танишининг тўйига боради ва у ерда ўзига олдиндан нотаниш шахслар билан ўзаро суҳбатда унинг ичи кетиб қолиш касаллиги борлигини, бир қанча дори воситаларини ичса ҳам фойдаси бўлмаганлигини айтади. Ўша шахслардан бири унга "кўкнори" уруғини берганлигини, ўша уруғни у чойга дамлаб ичганда, шу билан унинг касаллиги қолиб кетганлигини айтади. Шу билан бирга "нотаниш шахс" унга "кўкнори" уруғидан экиш учун яна озроқ беради. 2022 йил баҳор ойлари бошларида у ушбу уруғларни бедапоя ичига ва молхона ёнидаги хом ғишт билан ўралган жойга сепиб, уни тагига сув ва гўнг солган ҳолда парваришлаб, қараб ўстиради. У ушбу "кўкнори" ўсимликларини касаллиги туфайли ўзининг истеъмоли учун етиштирганлигини, ушбу "кўкнори" ўсимликлари ҳақида ундан бошқа ҳеч бир оила аъзоларини хабари бўлмаганлигини, у бундан олдин ушбу фаолият билан шуғулланмаганлигини, бу биринчи марта эканлигини, у ҳеч кимга ушбу "кўкнори" ва тақиқланган ашёларни бермаганлигини, ҳозирги кунда қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, 83 ёшда бўлиб, нафақахўр эканлигини инобатга олиб, суддан унга нисбатан қонуний енгиллик беришликни билдириб баёнот берди.
Судланувчи Эшқул Толлиев, Ўзбекистон Республикаси ЖК 270-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 270-моддасининг 1-қисми билан 1йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
А.ВАҲАБОВ,
туман прокурори, адлия 
маслаҳатчиси.