Янги Конституция чинакам халқ Конституцияси бўлади

Конституциявий қонун лойиҳаси билан амалдаги Конституцияга

27 та янги модда киритилмоқда, моддалар сони 128 тадан 155 тага ошмоқда, Конституциямизнинг амалдаги 275 та нормаси 434 тага кўпаймоқда, яъни амалдаги Конституциямиз 65 фоизга янгиланмоқда.

Конституциявий қонун лойиҳасининг матни Президентимизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Олий суд раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувида ҳам атрофлича муҳокама этилиб, қўллаб-қувватланди.

Конституция жамиятимиз ҳаётининг барча йўналишларини комплекс тартибга солиш ҳамда мамлакатимизни демократик ривожлантириш йўлида энг муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Конституциявий қонун лойиҳасига киритилган янги нормалар барча соҳаларни тараққий эттиришга, шу жумладан, давлат ҳокимиятининг янада самарали ташкил қилинишига ёрдам беради.

Аҳолидан келиб тушган таклифларнинг қарийб 20 фоизи, яъни 18 мингтаси айнан парламентни ислоҳ қилиш билан боғлиқдир.

Шундан келиб чиқиб, халқ ҳокимиятчилигини кучайтириш, халқ вакиллик органи бўлмиш парламентнинг ролини ва ўрнини, масъулиятини ошириш, унинг ваколатларини янада кенгайтириш, умуман мамлакатимизда парламентаризм, халқ ҳокимиятчилигини янада кучайтиришга қаратилган бир қатор нормалар лойиҳага киритилган.

Парламент фаолияти билан боғлиқ конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда Олий Мажлис палаталарининг биргаликдаги ваколатлари қайта кўриб чиқилди.

Бунда, Қонунчилик палатаси билан Сенатнинг биргаликдаги ваколатлари ҳамда ҳар бир палатанинг алоҳида-алоҳида ваколатлари ва масъулият соҳалари аниқ белгилаб берилмоқда. Яъни, Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари 5 тадан 12 тага, Сенатники эса

14 тадан 18 тага кўпайтирилмоқда.

Шунингдек, илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, ҳудудий манфаатларни ифодаловчи орган сифатида Сенатнинг маҳаллий вакиллик органлари фаолиятига кўмаклашиш каби муҳим ваколат Бош қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Бундан ташқари, Олий Мажлис палаталарининг биргаликдаги ваколатлари сифатида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги ҳар йилги миллий маърузани эшитиш белгиланмоқда. Бу иккала палатанинг мазкур йўналишдаги самарали ҳамкорлигини таъминлаган ҳолда, коррупцияга қарши курашиш борасида ижобий ўзгаришлар учун мустаҳкам замин яратади.

Илёс Дониёров

   Жиноят ишлари бўйича Оқдарё туман судининг раиси