ОДАМ САВДОСИ - ЖАМИЯТ МУАММОСИ!

Кейинги йилларда дунёнинг қатор мамлакатларида одам савдоси туфайли юзага келаётган глобал хавф қанчалик ортиб бораётган бўлса, бу жиноятга қарши курашишга қаратилган чора-тадбирлар кўлами ҳам шунчалик кенгаймоқда. Айни пайтда, трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг бу тури дунё миқёсида кенг тарқалган. 
Одам савдоси инсоннинг нафақат жисмоний кучи, балки уларнинг тана аъзолари, ҳаттоки маънавий қадриятларини ҳам бозорда пуллаш ҳолатлари кузатилмоқда. Бойлик ортириш мақсадида ўз яқинлари, қариндош-уруғлари, маҳалла-куйда яшаб турган маҳалладошларини турли хил алдов йўллари билан Россия, Туркия, Қозоғистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа чет давлатларда яхши ҳақ тўланадиган ишларга жойлаб қўйишни ваъда қилиб, ноқонуний йўллар билан олиб кетиб сотиб юбормоқдалар. 
Бундай ҳолатларнинг, бизнинг мамлакатимизда ҳам мавжудлиги миллатимизнинг фожиасидир. Айниқса, бу ишларда бевосита жабрланувчи бўлиб қолаётганларнинг аксарияти аёллар эканлиги ачинарли ҳолатдир. Фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур қилинган аёллар, бу орқали эса улар аср вабосига айланган одам иммуннитети танқислиги вирусини (ОИВ) юқтириб олишмоқда.
Чет давлатларга пул топиш илинжида кетган эркакларнинг сотиб юборилиши оқибатида уларнинг ишлаш шароитлари ночор ҳолатда бўлган нам, совуқ шароитларда ишлаши, ертўлаларда яшаши, тўйиб овқатланмасликлари оқибатида турли хил юқумли ва сурункали касалликлар ортиб бормоқда. Айниқса жинсий йўл билан юқадиган ОИВ инфекцияси, заҳм касалликлари ҳамда зах жойларда яшовчилар орасида сил, сурункали простата безининг яллиғланиши туфайли бепушт бўлиб қолаётган йигитларнинг аҳволи ачинарлидир. 
Баъзиларнинг  ҳуқуқий маданияти етарли даражада эмаслиги ҳам уларнинг одам  савдоси қурбонига айланишига сабаб бўлмоқда. Айрим нопок ҳамюртларимизнинг ғайриинсоний ва ғайриқонуний ҳаракатлари туфайли енгил иш топиш орзусида бўлган, тез вақт ичида моддий муаммолаларни ҳал этиш илинжида юрган  одамларни ҳар хил алдов йўллари билан ушбу жиноят қурбонларига айлантиришмоқда.  Айниқса,  фуқороларимизнинг  соддалиги ва ишонувчанлиги, аксарият аёлларимиз дунёқарашининг торлиги ва саёзлиги одамфурушлар "тўр"ига тушиб қолишларига замин яратмоқда. 
Юртимизда замонавий қулликка қарши изчил кураш олиб борилмоқда. Бунда аҳолининг ушбу жиноятлар ҳақида хабардорлигини ошириш, уларни ноқонуний миграция оқибатлари хусусида огоҳлантириш ҳамда ҳукумат томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар билан таништириш муҳим аҳамият касб этмоқда. 
ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари институтининг жорий қилиниши ва Халқ қабул хоналарининг очилганлиги меҳнат қилиш истаги бўлганларга улкан  имкониятлар эшигини очди. 
Тошкент шаҳрида Меҳнат ва аҳолини  ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги қошида Одам савдоси жабирдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация маркази ташкил қилинган. Одам савдоси жабрдийдалари хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг қариндошлари билан мулоқот ўрнатишида кўмаклашиш йўлга қўйилган.Чет элда қонуний йўллар билан бориб ишлашни ҳоҳлаганлар Тошкент шаҳри ва ҳар бир вилоятларда жойлашган ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий  муҳофаза  қилиш вазирлигининг "Ташқи  меҳнат  миграцияси  масалалари  агентлиги"га  мурожаат қилишлари лозим.   
Ноқонуний  йўллар  билан  пул  топаман  деб, соғлиғингингизни йўқотманг, ҳаётингиз ва оилангиз шаънига  доғ тушурманг!  Миллий ғурур ва қадриятларимизни унутманг!
С. Қосимова,
  туман тиббиёт бирлашмасининг Аҳоли соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўлинмаси шифокори.  
Мавзуга оид: