БОЛАЛАР ТАРБИЯСИ

Турли мамлакатларда у қандай амалга оширилади?
"Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамотё нажот - ё ҳалокатё саодат - ё фалокат масаласидир"
Абдулла Авлоний.
- Эшак, ҳайвон! жонимга тегдинг! Неча маротаба айтдим кўчада минғирлама, деб. Пулим йўқ. Бўлди, ўчир овозингни!
3-4 яшар атрофидаги ўғил болани қўлидан етаклаб кетаётган ёшгина келинчак уни бир силтади-да, судраганича йўлида давом этди. Бозор расталари орасидан ўйинчоқларга термулганича болакай орқасига қарай-қарай, онасининг орқасидан кетди. Силкилашлар ва ҳақоратларга ҳатто кўзидан ёш ҳам чиқмаганини кўриб, у бундан-да баттарига ўрганганини тушуниб етдим. Аслида ҳозирги замонда бўлажак оналарни тарбиялаш зарурми? - деб ўйлаб қоласан киши.
Тарбия масалаларига эътиборсиз қаралган вазиятда юзага келадиган кўнгилсизликлар ҳам, у келтириб чиқарадиган зарарли оқибатлар ҳам барчамизга аён.
Хўш, мунтазам равишда ҳақоратларни эшитган бола келажакда ким бўлиб етишади? Эртага том маънода эшакдек таёқ еса ҳам, индамай турадиган, ўз фикрини айта олмайдиган, ҳаёти учун курашмайдиган бўлиб қолмайдими, шахс сифатида ўзини кўрсата олмай, бор аламини ичига ютиб, озгина бўлса-да, атрофдагилар тазйиқи, ҳақоратларини унутиш учун спиртли ичимликлар ичиб, чўчқадек лойга ағанамайдими, ўзини инсон сифатида эмас, ҳайвондек ҳис қилмайдими? "Бахтингни кўрай", дейиш ўрнига "ўлганинг яхшийди", дея қарғаш эндигина ҳаётга қадам қўяётган жажжи инсоннинг ҳаёт чизиғи давомийлигини чегараламайдими? Бежиз доно боболаримиз: "Яхши гапга ҳам, ёмон гапга ҳам фаришталар "омин" дейди", демаган. Ҳар бир айтган гапимиз, ҳаттоки ўйлаган ўйимиз ҳам амалга ошмай қўймаслигини ҳаётнинг ўзи исботламоқда.
Афсус, асрлар давомида илдиз отган, бола тарбияси борасида шаклланган қадриятлар аста-секинлик билан йўқолиб бормоқда. Бола мисоли бир оқ қоғоз атрофидаги инсонлар унга нимани ёзса келажакда шуни ўқийдилар. Боланинг тарбияси жуда ҳам нозик ва жиддий масала бўлиб, келажакда уларнинг қандай одам бўлиб етишиши мамлакатнинг бевосита иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, маданий ва маънавий ривожини белгилаб беради. Шундай экан, ҳар бир халқ ўз келажагини ўйлаб фарзандлари тарбиясида ўзига хос тарбия усулларини ишлаб чиққан.
Шу ўринда бола тарбияси борасидаги бошқа мамлакатдаги қизиқарли фактлар:
*Австрияда бола учун бошқа мамлакатларга нисбатан энг кўп ўйинчоқ сотиб олинади.
*Англияда агарда бола шамолласа, унинг тана ҳарорати ошиб йўталса, у касал ҳисобланмайди ва мактабдаги дарсларни қолдиришга рухсат берилмайди.
*Бельгияда кичкинтойлар уч ёшдан бошлаб мактабга боришади.
*Европада энг тарбиясиз болалар италияликлар ҳисобланади. Улар жамоат жойларида ўзларини тутишни билишмайди.
*Гонконгда бола учун энага ёлланилмайди. Болалар чақалоқлигиданоқ боғчага берилади.
*Бразилияда бола учун энг олий жазо - уни футбол ўйнашдан маҳрум қилишдир.
*Кубада ҳаттоки 7-8 ёшдаги болалар ҳам дарсдан сўнг ишлашга мажбурдир.
*Германияда 90 фоиз оилаларда 8 ёшгача болага телевизор кўриш таъқиқланади, 8 ёшга кирганида эса унга фақатгина болалар учун мўлжалланган кўрсатувларни томоша қилишга рухсат берилади.
Ҳар бир давлатда бола тарбиясига ёндашув турли хил бўлса-да, уларнинг барчасини бир нарса - фарзандга бўлган меҳр-муҳаббат бирлаштириб туради.
Зуҳра Хуррамова тайёрлади.
Мавзуга оид: