Йўлларни таъмирлашга жиддий эътибор берилаяпти

Жорий йилда туманимизда аҳолининг талаб ва истакларига кўра ички йўлларни таъмирлашга алоҳида эътибор берилаётганлиги таҳсинга сазо-          вордир. Айни пайтда туманимизнинг қарийб барча маҳаллаларида йўлларимизнинг равон бўлиши учун мутасаддилар томонидан жиддий аҳамият берилаётганлигини таъкидлаш керак. Газетамизнинг саҳифаларида йўлларнинг таъмирланишига боғлиқ бўлган танқидий чиқишлардан сўнг ҳам маълум даражада бу соҳага эътибор қаратилаётганлигини айтиб ўтиш лозим.
Газетамизнинг 2021 йил 25 февраль сонида "Йўлга ким эътибор беради?" сарлавҳаси остида танқидий мақола эълон қилинган бўлиб, унда З.М.Бобур маҳалласининг Муллақўрғон қишлоғи ҳудудидаги ички йўлларнинг таъмирталаб эканлиги, бундан аҳоли норози бўлаётганлиги фактлар асосида ёритилган эди. Албатта мақола чоп этилгандан сўнг мутасадди ташкилотлар томонидан бу масалага катта эътибор қаратилди. Шу кунларда эса қишлоқ кўчалари шу куннинг талаблари даражасида таъмирланаяпти. Қишлоқнинг ички йўлларида "Amirbek gold" МЧЖ йўлсозлари томонидан таъмирлаш, асфальт ётқизиш ишлари ниҳоясига етказилди. Қишлоқ аҳолисининг эса кайфияти аъло, ислоҳотларга ижобий қараш ҳисси янада ортмоқда.
- Қишлоқ кўчаларининг таъмирталаб эканлиги ҳақида шахсан ўзим бир неча бор мутасаддиларга мурожаат қилган эдим, - дейди шу қишлоқда яшовчи Шерали Қаюмов. - Хайриятки, халқимизнинг юқори ташкилотларга қилган мурожаатлари ижобий ҳал этилиб, кўчаларимиз обод бўлди. Бунинг учун йўлсозларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Бир сўз билан айтганда, айни пайтда туманимизнинг бошқа маҳаллаларида ҳам ички йўлларни таъмирлашга ҳокимлик томонидан алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлаш ўринлидир. Амалга оширилаётган бундай ижобий ўзгаришлардан халқимиз ҳам беҳад мамнун бўлмоқда.
С.ИБРАГИМОВ.
Суратларда: Муллақўрғон қишлоғининг бир йил олдинги таъмирталаб кўчаси ва ҳозирги 
таъмирланган ҳолати акс эттирилган.
Мавзуга оид: