"Келин гули" инсон ҳаёти учун хавфлими?

Гулларни яхши кўрмаган, чиройига мафтун бўлмаган инсон камдан-кам топилади. Кўпчилик инсонлар уйда турли декоратив ва ноёб гулларни ўстиришга қизиқади. Уйимизни безаб турган гўзалликдан баҳри дилимиз яйрайди, албатта... Аммо, инсонни ўлдириш даражасигача олиб келадиган гуллар ҳақида эшитганмисиз? Шундай гуллар борки, чиройи ортида турли хавфларни яшириб туради.
 

Бугунги кунда дунёда 35 дан ортиқ ўсимлик ва гул турлари карантин организми сифатида рўйхатга олинган. Шундан, 3 таси мамлакатимизда қайд этилган. Бу зарарли карантин организмлари бир қарашда фусункор гуллар сингари беозор кўринади. Аммо, улар инсон саломатлиги учун жиддий хавф туғдиради. Энг ачинарлиси, ана шундай гуллар ён-атрофимизда ўсаётганини кўпчилигимиз билмаймиз ҳам. Мисол учун, юртимизда учрайдиган, сувмурчи, какрава, амброзия каби гул кўринишидаги бегона ўтлар инсонни ўлимига сабаб бўлиши аниқланган.

Какра асосан буғдой экиладиган далаларда ўсади ҳамда одам ва ҳайвонлар ҳаёти, соғлиги учун хавфли бегона ўт саналади.

Амброзия эса гуллаганда ўзидан тарқатадиган ҳид инсонлар соғлиги учун хавфли аллергия касалликларини келтириб чиқаради.

Тошкент шаҳар Ўсимликлар карантини давлат инспекциясидан маълум қилишларича, шу кунларда пойтахтимиздаги хонадонларда инсон саломатлиги учун хавфли бўлган ана шундай гул турларини аниқланган.

– Маҳаллий тилда "келин гули" номи билан аталувчи, "Euphorbia Marginata” номли карантин организми аҳоли хонадонларида, кўчаларда кўплаб учрамоқда,– дейди Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини давлат инспекцияси инспектори Нодира Мамажонова.– Кўпчилик уй бекаларимиз унинг зарарли эканлигини билмай, чиройига учиб экишади. Мазкур ёввойи ўт инсон танасига тегиши оқибатида кучли аллергия келтириб, инсон ўлимига сабаб бўлиши мумкин. Кузатувларимиз натижасида Миробод туманидаги аҳоли ҳовли ва кўчаларида бу гулни экишгани ва ўстиришгани аниқланиб, гулларни йўқ қилиш чоралари кўрилмоқда. Унинг инсон саломатлигига зарарлари уй эгаларига тушунтирилгач, ўзи ва фарзандларининг саломатлигини муҳим деб билганлар тезда юлиб ташламоқда.

 Бугун инсонлар ҳаётига турли касалликлар хавф солаётган бир пайтда бундай нозик ўсимликларнинг зарарлари ҳақида кўп ҳам ўйламаймиз. Кўр-кўрона турли ўсимликларни ўстириш, соғлигимизга бўлган беэътиборлик эмасми? Хулоса ўзингиздан.