ЎҒИРЛИКНИНГ ПАЙИ ҚИРҚИЛДИ

Судланувчи Дамин Шокиров (исм-фамилияси ўзгартирилган) 2020 йил 4 июль куни соат 20:30 лар чамасида ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида “А.Темур” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли “Чайжовул” қишлоғида яшовчи фуқаро Қ.И.нинг яшаш уйига кўча томонидаги деразаси орқали ғайриқонуний равишда кириб, унинг яшаш хонасидан Қ.И.га тегишли бўлган бир дона баҳоси 2.300.000 сўмлик “Lenovo” русумли “Notebook” компьютерини яширин равишда ўғирлик йўли билан талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинади. 

Бундан ташқари, судланувчи Дамин Шокиров ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, такроран ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, 2020 йил 7 июль куни соат 13:00 лар чамасида “А.Темур” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли “Чайжовул” қишлоғида яшовчи фуқаро О.З.нинг яшаш уйига, ушбу хонадонда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, очиқ қолган эшик орқали ғайриқонуний равишда кириб, хонадаги сандиқни ичида турган О.З. га тегишли бўлган 800 АҚШ долларини яширин равишда талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Суд мажлисида судланувчи тариқасида сўроқ қилинган Дамин Шокиров ўзининг кўрсатувида айбига тўлиқ иқрорлик билдирди.

 У  2020 йил 4 июль куни соат 20:30 лар атрофида қишлоқдоши Аллаёр меҳнат таътилига келганлиги сабабли у билан суҳбатлашиш мақсадида унинг яшаш уйига бораётган эди. Аллаёрни амакиси Қ.И.ни уйини орқа томонидан ўтиб кетаётган вақтида Қ.И.ни яшаш уйининг орқа деразаси очиқ турганлигини кўриб қолади ва очиқ турган деразасини олдига бориб, хонанинг полида очиқ ҳолда турган қора рангли “Lenovo” русумли “Notebook” компьютери турганлигини кўриб қолади. Хонанинг свети ўчирилган ҳолатда бўлганлиги, лекин бошқа хонанинг свети ёниқ бўлганлиги учун ёруғлик бераётганлиги ҳамда ушбу хонада ҳеч ким йўқлиги унинг диққатини тортди. Унда бундай қулай фурсатдан фойдаланиш, уйдаги компьютерни ўғирлаш фикри пайдо бўлган эди. Ўша вақтнинг ўзидаёқ уйнинг деразасидан яширин равишда киради ва полда турган “Lenovo” русумли “Notebook” компьютерини ўғирлаб олиб деразадан тезда қайтиб чиқади. Аллаёр ўртоғини уйига ҳам бормасдан яшаш уйига қайтиб, ўзи ётадиган хонасига кириб “Lenovo” русумли “Notebook” компьютерини тахланган кўрпаларни орасига ҳеч ким кўрмасин деган мақсадда  яшириб қўяди. Шу орада компьютерни очиб, ёқиб кўрганда компьютер кодланганлигини аниқлади. Орадан икки кун ўтиб ўзини шахсий эҳтиёжлари учун пул керак бўлганлиги сабабли компьютерни сотмоқчи бўлади ва Шуҳрат бобосига қўнғироқ қилади. У Шуҳрат бобосининг “Нексия” русумли автомашинасида ҳамқишлоғи  Шодиёр билан бирга  “Суғончи” қишлоғига боришади. У ерда жойлашган “Пайнет”га бориб, “Lenovo” русумли “Notebook” компью-терини сотмоқчи эканлигини, лекин кодланганлигини ва коди эсида йўқлигини айтишади. Шунда “Пайнет” эгаси унга компьютерни кодини очиш учун қолдириб кетишини ва кечги соат 17:00 лар атрофида келишини айтади. Ўша куни соат 17:00 лар атрофида у Шуҳрат бобоси билан биргаликда унинг автомашинасида “Суғончи” қишлоғига компьютерни олган йигитни олдига яна боради. У йигит унга “Lenovo” русумли “Notebook” компьютерини кодини оча олмаганлигнини, 500.000 сўмга сотиб олишини айтади. Лекин бу нарх Даминга тўғри келмаганлиги учун ундан “Lenovo” русумли “Notebook” компьютерини қайтариб олиб кетади ва Шуҳрат бобосига Иштихон туманига боришларини айтганда бобоси унга автомашинани газ ёқилғиси қолмаганлигини, у ерга бора олмаслигини айтади. Шунда у Шуҳрат бобосига компьютерни сотса йўл кирасини беришини ва Иштихон туманида харидори борлигини айтади. Шундан сўнг бобоси “Пропан” газ қўйиш шаҳобчасидан 10 литр газни ўз ҳисобидан олиб, Иштихон тумани марказига боришади. У ерда телефон аппаратларини таъмирлайдиган устахонага киришади ва  у ердаги нотаниш йигитга “Lenovo” русумли “Notebook” компьютерни савдолашади ва унга 650.000 сўм эвазига сотади.

Меҳнат қилмасдан қинғир йўл орқали пул топиш пайига тушган Дамин 2020 йил июль ойининг бошларида яна жиноий ишга қўл уради. У  ҳамқишлоғи О.З.нинг ўғли Россияда ишлаб юрганлиги ва у ердан пул жўнатиб турганлигини эшитиб қолади. Уни уйида пули бўлиши кераклигини ўйлаб, ушбу уйда қайси вақтда одам бўлмаслигини кузатиб юради ва уларнинг яшаш уйида З.О.ва унинг турмуш ўртоғи Фаррух акадан бошқа ҳеч ким йўқлигини билиб олади. 2020 йил 7 июль куни соат 13:00 лар атрофида О.З.нинг уйига бориб, уйида одам бор ёки йўқлигини билиш мақсадида “почча” деб аста чақириб кўради. Ҳеч ким чиқмаганлигидан кейин уйда ҳеч ким йўқлигига амин бўлгач, сўнг уйига киради ва ҳар бир уйни бирма бир қидириб, охири кўрпа йиғилган сандиқни очиб кўради, у ерда қора рангли ҳамённи ичида 800 АҚШ долларини қўлга киритиб, ҳеч ким сезиб қолмаслиги учун уйдан тезда қочиб кетади.

Судланувчи Дамин Шокиров ўз айбига тўлиқ иқрорлик билдириб баён қилган кўргазмасидан ташқари, унинг айби суд мажлисида сўроқ қилинган жабрланувчилар, фуқаровий даъвогар ва гувоҳларнинг кўргазмалари билан тўлиқ исботланди. Дамин Шокировга Ўзбекистон Республикаси ЖК 169-моддаси 3-қисмининг “а” банди билан Ўзбекистон Республикаси ЖК 57-моддасини қўллаган ҳолда 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

                                      И.ДОНИЁРОВ,

 жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси.