ФАРЗАНД ТАРБИЯСИДА ОТА-ОНАНИНГ ЎРНИ ВА ВАЗИФАСИ

Бола дунёга келган кундан бошлаб ота-онанинг бола тарбияси учун жавобгарлиги ва масъулияти орта бошлайди. Азал-азалдан бола тарбияси билан асосан она шуғулланиб келган. Бола ўз оиласида теварак-атрофи қариндош ва яқинларига тўла бўлган муҳитда тарбияланади. Шу сабаб бу каби оилалар унинг дунёқараши ва хулқига доим ўз таъсирини ўтказиб туради, ундаги тарбиянинг шаклланишига ўзига хос фундаментни яратади.
Ота-она авваламбор, ўз фарзандига тўғри тарбия бериб боришда бу йўлда ҳамиша изланишда бўлиб, ўқиш ва тажриба орттириши лозим. Шуниси аҳа-миятлики, бу йўлда ота-оналар ўзларининг одоб-ахлоқи билан ибратли бўлишлари лозим. Чунки ота-оналар боланинг, илк бора кўзини очишдан то ёши катта бўлиб ақлини танигунга қадар бўлган вақтда бўлиб келган ҳаётларидаги биринчи тарбиячилари ҳисобланади. Шуни ҳам алоҳида айтиш лозимки, бола тарбиясига ҳеч бир нарса намуна каби кучли таъсир ўтказа олмайди. Оиладаги тарбия, ижтимоий, руҳий, жисмоний, хулқий, ахлоқий ва бошқа сифатларга асос солади, теран шакллантиради ва негизидан камол топтиради.
Ўқув тарбиявий муассасаларнинг тарбия борасидаги ишлари қанчалик яхши йўлга қўйилишидан қатъий назар, тарбия масалаларини оила ҳал қилади. Боғча ва мактаблар таълим бериб тарбияласа, ота-оналар фақат тарбиялабгина қолмай, улар билан бирга яшайдилар ҳам. Ота-она ўз фарзандларида мақсадга интилувчанлик, ботирлик, ишга масъулият билан ёндашиш хислатларини шакллантириб бориши ҳам катта аҳамиятга эгадир.
Оилада яхши меҳнат қиладиган болалар мактабда ҳам аълочи, тиришқоқ ва жамоатчи бўлишади. Катта оилаларда ота-она бериш керак бўлган тарбиянинг анчагина фоизини болалар ака-укаларидан қариндош-уруғларидан ўзлаштириб олишади. Шу сабабли бундай оилаларда жанжал-тўполон эмас, балки ўзаро ҳурмат, дўстлик, сокинлик ва осо-йишталик ҳукм суради. Улар уйидаги меҳнати орқали жамоатчиликнинг даст-лабки сабоғини олишади. 
Минг афсуски, жамиятимизда баъзи носоғлом муҳитдаги оилалар ҳам учраб туради. Бу оилаларда эса баъзи бир кўнгилсиз воқеалар бўлиб туриши ҳам сир эмас. Бундай оилалар ўз фарзандларининг таълим-тарбияси билан жиддий шуғулланишмайди. Аксинча, уларнинг болаларини тўғри йўлга солишга ҳаракат қилаётган таълим муассасасига, устозларга нисбатан қўпол муомалада бўлишади. Ўқитувчиларни ҳақорат қилиш ҳолатлари ҳам ҳамон учраб турганлиги аянчлидир. Ахир, ўқитувчи ўз ўқувчисига таълим берар экан, унинг тарбиясига ҳам масъул эканлигини асло унутмаслик лозим. Айниқса, бошланғич таълим ўқитувчиси   мактабга илк қадам ранжида қилган мурғак болани қўлига қалам тутқазиб, ҳарф ёзишни ўргатар экан, унга нисбатан энг аввало ўз боласидек меҳр беради. Келажакда унинг ҳар томонлама етук шахс бўлиши, камолга етишида ўзини масъул деб билади. Бошланғич синф ўқитувчисининг машаққатли меҳнати ҳам шундаки, у игна билан қудуқ қазийди. Шогирдларининг устоз деб атаган биргина сўзи эса унинг эзгу мақсад йўлидаги машаққатларини шарафларга буркайди. 
Бугунги кунда мамлакатимизда ўқитувчи ва унинг обрў-эътиборини оширишга алоҳида эътибор берилиб, бу соҳада катта ислоҳотлар олиб борилмоқда. Шунинг билан бир қаторда Президентимиз томонидан ўқитувчиларнинг ойлик маошини ошириш, турли хил имтиёзлар яратиш борасида ҳам бир қатор ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Бу каби ҳурмат ва эътиборга жавобан биз ўқитувчилар ўз келажагимиз эгалари бўлган ёш авлодга таълим-тарбия бериш борасидаги масъулиятимизни янада оширишимиз, мактаб, маҳалла ва оила ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашимиз лозим.  
Дилнора ЗИЯЕВА,
 19-мактабнинг бошланғич таълим ўқитувчиси.
Мавзуга оид: