ШЕЪРИЯТ САҲНИДА ШОИРЛАР БАҲСИ



“Оқдарё овози” газетасининг 90 йиллиги олдидан
        ШЕЪРИЯТ САҲНИДА ШОИРЛАР БАҲСИ
    (“Оқдарё овози” газетаси қошидаги “Навниҳол” ижодий клуби аъзолари иштирокида “Шеър юраклар дуэли” бўлиб ўтди).
  Она юртимиз Оқдарё замини азал-азалдан олиму фозиллар, донгдор пахтакорлару чорвадорлар, марду майдон паҳлавонлар, танти деҳқонлару меҳнаткаш ва бағри бутун меҳрли инсонлар юрти бўлган. Икки дарё оралиғида жойлашган Миёнкол деб аталмиш бу ажиб ва кўҳна гўшада яшовчи элимизнинг Алпомишдек ўғлонлари, Барчинойдек сулув қизлари, Тоҳир-Зуҳралари, меҳр-муҳаббатга, севги-садоқатга ошно бўлган қалби пок, юраги Ватан ишқи, юрт ободлиги, она замин тинчлиги-ю мусаффо осмон осойишталиги деб куну тун  тиним билмай меҳнат қиладиган қадоқ қўлли, содда дилли, лекин айтган сўзининг устидан чиқадиган танти халқи бор. Ана шундай жаннатмакон юртда яшаб, ана шундай заминда нафас олиб, меҳнаткаш ва танти халқини,  она Ватанини мадҳ этувчи, тилларда достон қилувчи яна бир тоифа вакиллари ҳам борки, улар доимо халқимиз билан ҳамнафас, тўю томошаларига бош-қош бўлган қалам аҳли – шоиру ёзувчилар, журналистлардир. Ижод аҳли ҳақида гап кетар экан, бу соҳа ҳам ўзига хос тарихига, ўзига хос мактабига эга эканлигини, Оқдарё ижод мактабида қанчадан қанча жонкуяр журналистларимиз, ёзувчи ва шоирларимиз етишиб чиққанлигини ва айни пайтда ҳам республикамизнинг турли гўшаларида фаолият юритаётганликларини фахр билан тилга оламиз. Бу ижод мактабининг тарихи, бугуни ва эртасини эса туманимиз кўзгуси ҳисобланган “Оқдарё овози” газетаси билан чамбарчас боғлик эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
   “Оқдарё овози” газетаси жорий йилда ўзининг 90 йиллик юбилейини нишонлар экан, рўзномамизнинг тарихи ва у босиб ўтган шонли йўли мобайнида илк маротаба 1931 йилда “Пахта зарбдори”, 1954 йилдан “Коммунизм учун”, 1962 йилдан “Шарқ тонги”, “Колхоз ҳаёти” номлари билан чоп этилган. 1968 йилда Оқдарё тумани қайта ташкил этилгач, 1969 йилдан “Ленинизм йўлидан” номи билан чоп этилган. Газета ташкил бўлибдики,  уни таҳрият аъзоларисиз, ижодкорларимиз ҳисобланган шоиру шоиралар, ёзувчилар ва жамоатчи мухбирларсиз ва айниқса, ана шу қалам аҳлини етиштиришда яқин кўмакчимиз бўлган “Навниҳол” ижодий клубининг фаолиятисиз тасаввур қилиш қийин. “Навниҳол” ижодий клуби айни пайтда ҳам туманимиз шоираси, Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси аъзоси Ойгул Маматова раҳбарлигида ижодий чўққиларга парвоз этмоқда, десак муболаға қилмаган бўламиз. Негаки, оқдарёлик ижодкорларимиз бугунги кунда ҳар қачонгидан кўра фаол, жўшқин эканлигини тан олиш керак. Ҳар ойнинг охирги жума кунларида бўлиб ўтаётган қизғин мушоиралар баҳс-мунозараларга, истеъдод дарсларига боғланиб, эндиликда ўзаро беллашувларга ҳам уланиб кетмоқдаки, буни ижодкорларимиз “Шеър юраклар дуэли” деб атадилар.
   “Оқдарё овози” газетасининг шонли 90 йиллик юбилейи олдидан таҳририятимиз ташаббуси билан жорий йилнинг 7 май куни тумандаги 14-сонли болалар мусиқа мактабида “Навниҳол” ижодий клуби аъзоларининг ва айни пайтда умумтаълим мактабларида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи вазифасида фаолият юритаётган ижодкорларимиз иштирокида “Шеър юраклар дуэли” бўлиб ўтди. Дуэлга бугунги кунда туманимизда ўзининг шеърлари, ижоди билан танилган 16 нафар ижодкорлар танлаб олинган бўлса, уларнинг ижодларини Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Тошпўлат Тугалов, самарқандлик таниқли шоира, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Хосият Бобомуродова,  Халқ таълими аълочиси, шоира Раъно Одилова ҳамда “Оқдарё овози”газетаси муҳаррири, Ўзбекистон Журналистлар Уюшмаси аъзоси Йўлчи Муҳаммадиевлардан иборат нуфузли ҳакамлар ҳайъати аъзолари баҳолаб бордилар.
    Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Тошпўлат Тугалов кириш сўзи билан очар экан, республикамиз миқёсида бошланган ушбу шеърият беллашувини туманлар ўртасида оқдарёликлар пешқадамлар сафида бошлаб беришаётганлигини, бу эса жуда катта ютуқ эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоира Хосият Бобомуродова эса “Оқдарё овози” туман газетасининг нафақат вилоят, балки республикада ҳам ўз ўрни, ўз овозига эга эканлигини эътироф этди. Бугунги шеърият беллашувидаги ўтмишдаги икки киши ўртасида бўлиб ўтган дуэлдагидан фарқли ўлароқ ўқни гул қилиб, сўз қилиб бир-бири билан беллашишга шай турган шоиру шоираларимизга ўзининг дил сўзларини бадиий тарзда изҳор этиб, уларга кўтаринки руҳ бахш этди. 
   Шундан сўнг ўзига хос овози ва сухандонлик қобилиятига эга бўлишган, айни пайтда туманимиздаги умумтаълим мактаблари тарғиботчилари сафида иш бошлаган ёшларимиздан Фаёзжон Раббонаев ва Мухлиса Омоновалар тадбирни моҳирлик билан олиб боришиб, саҳнага 16 нафар қатнашчиларни таклиф этдилар. Қатнашчиларнинг ҳар бири қуръа ташлаш орқали ўз рақамларини олишиб, ўз навбатида 8 та жуфтликни ташкил этишди. Туман газетаси қошида ташкил этилган “Навниҳол” ижодий клуби раҳбари, туманимиз шоираси Ойгул Маматова тадбир иштирокчиларини бирма-бир таништириб, уларга шеърият баҳсидаги беллашувда омад ёр бўлишини тилаб қолди.
    1-босқичда танлаб олинган 8 та жуфтликдан иборат шоирлар ўзаро беллашув асосида ўзларининг қаламига мансуб бўлган 2 тадан шеърини ўқишиб, ҳакамлар ҳайъатига ҳавола этишар экан,  беллашув шартига кўра улар орасидан энг юқори балл тўплаган 8 нафар ижодкор танлаб олинди. Эндиликда 2-босқичда 8 нафар ижодкор иштирокида 4 та жуфтлик ташкил қилиниб, шеърият беллашуви янада қизғин мушоираларга айланиб кетди. Ниҳоятда кўтаринки кайфиятда, қизғин баҳс-мунозаралар билан давом этган иккинчи босқич натижаларини эшитиш томошабинлар учун ҳам жуда ҳаяжонли дақиқаларга бой бўлди. Негаки, беллашувнинг якуний натижалари тобора яқинлашиб борар, бу ҳал қилувчи баҳсларда эса кимнинг ғолиб чиқиши барча учун жуда қизиқарли эди. 
    Барчани қизиқтирган ҳаяжонли дақиқалар ҳам етиб келди. Иштирокчилар орасида энг юқори балл тўплаб, юқори натижага эга бўлишган туман ХТБ хорижий тиллар фанлари методисти Фарҳод Рўзиев ва янгиқурғонлик  олий маълумотли доришунос Наврўз Ҳасановлар ўртасида ҳақиқий кураш бошланди. Бири биридан чиройли, бадиий буёқларга, ташбеҳларга, фалсафий мушоҳадаларга бой шеърлар муаллифлари бўлган бу икки умидли шоирларимизнинг ижод намуналари барча тадбир иштирокчилари, томошабинлар, ҳакамлар ҳайъати, қолаверса, ушбу шеърият танловимизга ҳомийлик қилган туман ҳокими Нажмиддин Сулаймоновлар томонидан ҳам қувонч билан кутиб олинди. Минг афсуслар бўлсинким, беллашув шартига кўра битта ғолибни аниқлаш лозим эди. Ғолибликни эса шеърият саҳнасига чиқиб, 1-босқичдаёқ ўзининг содда ва самимий, қалбга яқин шеърлари билан барча иштирокчиларнинг юрагидан жой эгаллаган Наврўз Ҳасанов қўлга киритди. Иккинчи ўринни Фарҳод Рўзиев, учинчи ўринни Чарос Қурбоновалар эгаллашиб, ғолиблар туман ҳокимлиги томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди. 
   Шунингдек, “Шеър юраклар дуэли”да фаол иштирок этган оқдарёлик ижодкорлар Вилоят Холиқова, Шаҳноза Расулова, Аслиддин Файзиев, Дилафрўз Тўғизбоева, Нигора Шукурова, Дониёр Тешаев, Озода Қурбонмуродова, Тўлғаной Гадоева, Умида Шарипова, Кўхинур Исомиддинова, Моҳинур Исомиддинова, Барно Раҳматова, Озода Ўроқоваларга ҳам “Оқдарё овози” газетасининг фахрий ёрлиқлари ва совғалари топширилди. 
     Тадбир давомида 14-сонли болалар мусиқа мактабининг ўқитувчи ва ўқувчилари томонидан ижро этилган дилрабо куй ва қўшиқлар, оҳанграбо рақслар ҳам томошабинларга байрамона кайфият бахш этди.  
                                                              Гулсара ТИНИБЕКОВА,
                                                            ўз мухбиримиз.