Жиноят ва тарбия


Жамоат жойида ишлаётган ҳар бир фуқаро - тарбиячидир!


ЕТМИШ ЮЛДУЗ БИР БЎЛИБ...


         Айнан, республикамиз бўйлаб "Ёшлар фестиваллари" , "Ёш китобхонлар" республика кўрик-танловининг туман босқичлари ўтказилаётган шу кунларда, яъни, 23- декабр куни кечаси туманимизда фаолият юритаётган масъул  еттита ташкилотнинг мутасадди вакиллари ҳамкорликда Лойиш шаҳридаги маиший хизмат кўрсатиш шахобчаларининг иш фаолиятларини ўргандилар ва жамоат жойларида жамоатчилик назорати конун-қоидаларининг қай тарзда амалга оширилиётганлигини текширдилар.          "Афсуски, ёшларимизга насиҳат қилишдан олдин, катта ёшдаги тадбиркорларимиз, ошхона, кафе, тунги клуб ва бошқа кўнгил очарга мўлжалланган остоналарнинг соҳибларини тарбиялашимизга тўғри келмоқда - дейди рейд ташкилотчиларининг раҳбари, туман Ички Ишлар Бўлими бошлиғи, майор Б.Ибрагимов. Жамоат жойида ишлаётган ҳар бир фуқаро - тарбиячидир.     Аввало, тарбиячининг ўзи тарбияланган бўлиши лозим. Аксинча,рейд давомида   чилим ва  спиртли  ичимликлар димиқтирган ишратхоналарига ёшларни қамаб,  ҳатто, қонун ҳимоячиларини, вилоятдан келган рейд иштирокчиларини ичкарига киритмасликка ҳаракат қилаётган, куч ишлатиб бино эшикларини ёпиб олган айрим шартаки тадбиркорларни ҳам учратдик.

         Ёши улуғ тадбиркорларимизки,   ёшларимиз тарбиясига, юрт келажагига лоқайд, ўз шахсий манфаатлари ҳамда  нафсларини барча адолатдан устун  қўяр экан, ёшларимиз учун ҳаётдан  қандай ибрат топамиз?" 

         Ёшларимиз тарбияси учун масъул ташкилот -  Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Оқдарё туман Кенгаши раиси, Ҳалқ депутатлари Оқдарё туман кенгаши депутати, рейд иштирокчиси Алихон Мажидов:

         - Янги йил арафаси ҳамда  пандемия муносабати билан туманда ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш ва профлактик ишларни амалга ошириш мақсадида “Тунги рейд” ташкил этилди. Рейд давомида ҳамкор ташкилотлар биргаликда  туман марказидаги барча овқатланиш  шахобчалари ва тунги кулубларда назорат ўтказилди.Бир қатор ноқонуний ҳолатлар аниқланди.Жамоат жойларида салбий ҳатти-ҳаракатлар содир этгин  20 дан ортиқ фуқоролар ва 4 нафар вояга еитмаган ёшлар туман ИИБ бўлимига олиб келинди ва  шахсини аниқлаш мақсадида бармоқ излари олинди. Бу воқеалар ичида  2 нафар ёшлар Пайариқ тумани фуқароси эканлиги аниқланиб, Самарқанд вилоят марказига юборилди ва ота-оналари огохлантирилди. Туманимизнинг нуфузли умумтаълим мактабларидан бирининг 9-синф ўқувчиси (шахсий маълумотларни сир сақлаш кафолатига кўра исми шарифи айтилмади) ярим тунда,  ота-онаси бехабар ҳолда тунги клубларда кайфу-сафо қилиб юришини қандай баҳона билан оқлаш мумкин? Фуқороларга ҳамда маиший хизмат кўрсатиш шахобчаларининг ходимларига бу каби ноқонуний ҳаракатларни содир этмаслик, соат 22-00 дан сўнг  умумий овқатланиш жойларида тунги кулубларда жамоа булиб юриш мумкин эмаслиги   тушунтирилди.

         Хўш, қўшма рейд натижалари, мазмун ва моҳияти   режаларимиз ҳамда мақсадимизга  мувофиқ бўлдими? Етти ташкилотнинг мутасаддилари томонидан берилган насиҳат ва кўрилган  чоралар  ҳуқуқбузар  ёшлар, ёки бу ҳақда билган фуқароларимиз учун етарли бўлмоқдими? Албатта йўқ!. 

               Қачонки, тарбия оилада шаклланмас экан, ота-она, қавм-қариндош ёшлар тарбиясига таъсирини ўказмас экан, фақатгина қонун ва жамоатчилик тарбияси ҳар қандай  инсонни комил инсон даражасида тарбиялай олмайди. Алломаларимиз таъкидлаганидек, етмиш юлдуз бир бўлиб, бир Ой га тенг келолмас,етти янга бир бўлиб, бир онадек бўлолмас. Демак, етти ташкилотнинг кўрган чораси-ю, кўрсатмалари  бир отанинг, ёки, бир онанинг берган тарбиясидек бўлолмайди... Рейдлар давом этмоқда...


                                                                                                       Ойгул Маматова.