Тадбирлар

ЯНГИЧА ДУНЁ ҚАРАШ ЯНГИЧА ЯШАШ ДЕМАКДИР

Ўтаётган долзарб ўн кунлик мобайнида  Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг  қарорига асосан  “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” шиори остида ўтказилаётган маънавий-маърифий, маданий тадбирларда иштирок этаётган  маданият, адабиёт ва санъат намоёндаларидан иборат тарғибот гуруҳлари туманимиздаги ҳар бир маҳаллага ташриф буюрдилар. Пойтахтимиз Тошкент, Самарқанд ҳамда туманимизнинг давлат ва  жамоатчилик ташкилотлари вакилларидан иборат делегацияларни халқимиз мамнуният билан кутиб олдилар. Ҳар бир маҳаллада кун бўйи уч маротаба такрорий,  бир соату эллик дақиқага мўлжалланган махсус сценарий асосида  аҳолига маданий хизмат, байрам дастурлари тақдим этилди. 

Дастурларда режалаштирилган мақсад ва  истаклар ҳар бир маҳаллада ўзига мос тараннум топди. Ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган оламшумул ислоҳотлар 

ҳақидаги маърузалар, видеотасвирлар, машҳур  хонандаларимизнинг хуш овозлари, санъаткорларимизнинг саҳна кўринишлари билан бир  қаторда маҳалла ва  

қишлоқларимизнинг ўзига хос минталитети, этник, географик ҳудудий, ижтимоий-иқтисодий ҳаёти ҳамда тадбиркорлик, ишбилармонлик тарихий тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда яратилган халқ оғзаки ижоди намуналари, фольклор  қўшиқлари, достончилик, лапарлар, ёр-ёр ҳамда оналаримиз айтган аллалар  байрам тадбирларига ўзгача файз бағишлади. Нотиқлар билан мулоқатлар, викториналардаги ҳозир-жавоблик, айниқса, маҳаллий кадрлар, машҳур тадбиркорларимиз,  спортчиларимиз, шоирлар ҳамда ёш санъаткорларимизнинг ўз туман-дошлари, маҳалладошлари  қаршисида саҳнага чиқиши, истеъдод ва ютуқларини намойиш этиши тадбир  қатнашчиларида янгича дунё қараш туйғуларини уйғотди. “ўз туманимизда шу  қадар янгиликлар, ютуқлар, сафимизда эса, дунёга машҳур чемпионларимиз, шоирларимиз,  хушовоз хонанда-ю, санъаткорларимиз, истеъдодли ёшларимиз бор экан-ку”, деган ҳақли иқрорномаларни эшитдик. 

Туманимизнинг чекка  қишлоқларидан бири,  “Узун қишлоқ” маҳалласининг “Холдор”  қишлоғида  ўтказилган “Янги Ўзбекистон – янгича  дунё қараш” маданий-маърифий тадбирида Республика ишчи гуруҳининг аъзоси  Жавдод Пўлатов, маданият ва санъат институтининг 

ўқитувчиси, хонанда Охунжон Турсунқулов, спортнинг “Аримрислинг” тури бўйича 30 карра Ўзбекистон чемпиони, 7 карра Осиё чемпиони ҳамда  жаҳон чемпионати совриндори Фаррух Аскаров иштирок этдилар. Тадбир мақсадларига мос безатилган аудио-техник, телевидео  хизматлар ҳамда кўргазмалар билан  жиҳозланган 46-сон умумтаълим мактабининг мажлислар зали  холдорлик отахон ва  онахонлар, меҳмонлар, ёшлар билан гавжум бўлди.  Ж.Пўлатовнинг сермазмун нутқи барчанинг кўнглини  қувонтирди. О.Турсунқуловнинг  севимли шоирамиз Ҳалима Худойбердиева сўзи билан айтиладиган  “Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор”  қўшиғи нотиқ сўзларига муштарак янгради. Туманимиз маданият уйининг ёш хонандаси Достонжон Тоғаев  жарангдор овози билан  қўшиқлар оҳангини давом эттирди. Ф.Аскаров билан савол- жавоблар, айниқса,  

қизиқарли бўлди. Чемпионлар етишиб чиққан  қишлоқ отахонлари муҳим ва  қизиқарли саволлари билан 

йиғилганларни хурсанд  қилди. “Мен Республикамиз бўйлаб  жуда кўп тадбирларда бўлдим, аммо, сизларнинг саволларингиздек аниқ ва долзарб саволларни шу ерда эшитдим ва сизларга маълумотлар бераётганимдан хурсандман”, - деди  “Аримрислинг” курашчиси. Холдор  қишлоғидан турли мутахассисликда  таниқли кадрлар етишиб чиққан. Ўзбекистон  Журналистлар уюшмасининг аъзоси, ёзувчи, туманимиз тарихи ва адабиёти 

тўғрисидаги китоблар муаллифи, “Оқдарё овози” туман газетаси муҳаррири Йўлчи Муҳаммадиев шуқишлоқнинг фарзанди эканлиги мамнуният билан тилга олинди.

Мактабда таҳсил олаётган ўқувчи ёшларнинг бадиий 

чиқишлари ота-оналар дилини хушнуд этди. Тадбирнинг викторина  қисмидаги  қизиқарли савол  жавоблар, шоира, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси Ойгул Маматованинг шеърлари, 46-мактаб ўқитувчиси, ҳаваскор шоира Шаҳноза Расулованинг ҳаёт ва муҳаббат ҳақидаги назмий наволари  қишлоқ аҳлининг  қалбида катта таассурот  қолдирди. Викторина баҳслашувида онахонлар ва ёш  қизлар  билан Ойгул Маматованинг ўзбек оғзаки 

ижоди, фольклор  қўшиқлари, лапарлари асосидаги айтишувлари даврага алоҳида файз киритди. Тадбир иштирокчилари лапарлар айтишувига  баралла  қўшилиб,  жўровоз куйладилар. Халқ  қўшиқлари халқнинг  қалбидан отилиб чиқди ва тадбирдан сўнг ҳам худди шу кайфиятда, келгусида ҳам мана шундай тадбирларни давом эттириш истакларини билдириб,  тинч ва осойишта хонадонларига йўл олдилар.  

Шунингдек, “Ўзбекистон”, “Навоий”, “Бозоржой”, “Даҳбед”  ҳамда “Янгиравот-1” ва бошқа бир  қатор маҳаллаларда ҳам ушбу долзарб тадбирлар намунали тарзда ташкил этилди. Туманимиз фахри бўлган фарзандларимиз  “Юнон-Рум” кураши бўйича  жаҳон чемпиони Лазизхон Ўзбеков ҳамда ёшлар олимпиадаси чемпиони Илҳом Баҳромовларни халқимиз олқишлар билан кутиб олдилар, чемпионларимиз ўз тажрибаларини ёшлар билан ўртоқлашди. 

“Кумушкент”, “Янгиравот-2” маҳаллаларидаги   33 ва 32-сон умумтаълим мактабларининг  биноларида ўтказилган тадбирларда  маҳаллаларимиз  аҳолиси  уюшқоқлик, талабчанлик асосида тадбирларни ташкил этаётган ишчи гуруҳи аъзолари билан мулоқотга киришиб, туманимиз ҳаётидаги ислоҳотлар, ижтимоий муаммолар, газ, электр энергиялари таъминотидаги камчиликлар, “Ҳар бир оила тадбиркор”  ва бошқа Давлат дастурлари асосида берилаётган   имтиёзли кредитлар тўғрисидаги саволларига  қониқарли  жавоблар олдилар.

Оилада фарзанд тарбияси, халқ таълими билан ота-оналарнинг ҳамкорлиги, аҳоли орасида китобхонлик, ёшларни илмга  жалб этиш,  жисмоний маданият, саломатлик, пандемия даврининг талаб ва профилактик  қоидаларига риоя  қилиш масалалари тадбир 

ташкилотчиларининг доимий диққат марказида турди. Туманимизда яратилаётган иш ўринлари, мухожирликдаги ватандошларимиз  тақдирлари атрофлича, фактлар асосида таҳлилланди. 

Оила иқтисодини режалаштириш борасида  барча тадбирларда  қизиқарли мунозаралар бўлиб ўтди. 

Айниқса, тўй-ҳашамларимиздаги ортиқча 

сарф-харажатларнинг оилаларимиз иқтисодига катта салбий таъсир этаётганлиги бир овоздан танқидга учради. Энг ачинарлиси, ҳукуматимиз томонидан тадбиркорлик, иш ўринлари очиш учун ажратилаётган имтиёзли кредитлардан нотўғри фойдаланиб, оила аъзоларини иш билан банд  қилиш ҳамда рўзғор таъминотини яхшилаш  ўрнига, ноқонуний йўллар билан истеъмол товарларини 

нақд пулга айлантириш, пулни эса тўй-ҳашамларга, бошқа мақсадсиз ортиқча харажатларга, ҳашаматли иморатлар  қуришга ишлатиш каби дабдабалар халқимиз томонидан  қораланди. Меъёрдан ортиқ харажатлар ўрнига фарзандларимизга китоб олиб бериш, илм олиш учун муҳим бўлган шарт-шароитларни яратиш, оила аъзолари ва ота-оналар ўз соғликлари, маданий дам олишлари учун сарф харажатларни режалаштириш таклифлари  бир овоздан маъқулланди.

- “Дабдабали тўйларнинг ўрчиб кетиши оқибатида ҳар бир  қишлоқда  қурилган 500-1000, ҳатто 2000 ўринли тўйхоналар бугунги кунда бўм-бўш  қолганлиги барчамиз учун маълум аҳвол ва бундан кейин ҳам, аввалгидек, 

ортиқча харажатли, ҳатто 300 ўринли тўйлар ҳам  бўлмайди. Айниқса, коронавирус деган фалокат кўзларимизни мошдек очди, исроф  қилган бойлигимиз, умримиз,   жонимиз, вақтимиз ўз  қимматини топди, - деди тадбирда  қатнашган отахонларимиздан бири,- пандемия аслида, Аллоҳнинг бизга йўллаган огоҳлантириши бўлди, келинглар, ўша тўйхоналаримизни, худди, мана шундай дам оладиган, ҳол-аҳвол сўрашадиган тадбирлар ўтказишга мўлжалланган маданият уйларига айлантирайлик, хонандаларимиз келиб  қўшиқ айтсин, олимларимиз, раҳбарларимиз суҳбатлар ўтказсин. Мана бўлар экан-ку, халқ билан мана шундай хурсандчилик билан учрашиш. Ҳофизларимизнинг  қонцертини кўриш учун Тошкентга фалон пул сарфлаб боришимизга ва билет излаб сарсон,  қимматга  олиб, харажатга тушиб ўтирмас эканмиз. Артистлар ҳам солиғини тўласин, биз билет пулини тўлаймиз. Солиқ ҳам хурсанд, холиқ ҳам”. Отахоннинг бу таклифи барча тадбир иштирокчилари томонидан астойдил маъқулланди ва тадбирнинг ишчи гуруҳлари томонидан эътиборга олинди. 

“Янгиқўрғон” маҳалласидаги 2-умумтаълим мактабининг мажлислар залида ўтказилган  тадбир юқоридаги фикрларимизнинг исботи тариқасида, “ZO’R” TV каналининг “Актёр”  студияси ходими, санъаткор  Асқар Умархоннинг саҳна кўринишлари,  қўшиқлари 

Янгиқўрғон аҳлининг олқишларига сазовор бўлди. Республика ишчи гуруҳининг аъзоси Аброр Санақулов ҳамда “Ипак йўли” туризм халқаро университети ўзбек тили ва адабиёти ижтимоий фанлар кафедраси мудири 

Тўлқин Султонов, Карьера ва бизнес ҳамкорлик бўлими бошлиғи Илҳом Маҳмудовнинг маърузаларини  қишлоқ аҳолиси катта  қизиқиш ва эътибор  билан тингладилар.   

Ўзбекистон Республикаси бўйлаб ”Янги Ўзбекистон – янгича  дунё қараш”  шиори остида ўтказилган тадбирлар туманимизда юксак,  кўтаринки руҳда ўтказилди. Тадбирларни ташкил этишда туман ҳокимининг ёшлар ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Сардор 

Луқмоновнинг ташкилотчилиги ва жонкуярлигини  алоҳида таъкидлаб ўтмоғимиз лозим. Ишчи гуруҳининг аъзолари ҳамда ташкилотчи ходимларимиздан  Маъруфхон Мусаев, Юлдуз Ўроқова, Сурайё Ортиқова, Дилшод Абдувоитов,  ҳудудлардаги умумтаълим мактабларининг фаол ўқитувчилари, Насимхон  Жахбаров раҳбарлигидаги  туман маданият уйининг истеъдодли  санъаткорлари Зафар Исмоилов, Равшан Султонов, 5та марказнинг аудиотехник  операторлари, тадбир бошловчилари Фарҳод Рўзиев, Суннат Ибрагимов, Ўлмас Исмоилов ҳамда 14- ва 7-сон  болалар мусиқа ва санъат мактаби мураббийларининг хизматларидан халқимиз мамнун бўлдилар.  

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг  қарорига асосан  “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” шиори остида ўтказилган маънавий-маърифий, маданий тадбирларда фаол иштирок этган ходимларга туман ҳокимлиги томонидан ташаккурнома билдирилди. Кўнгилочар  маърифий тадбирлар янги йил бўйлаб мунтазам  давом этади. 

Халқимиз  қалбида уйғонаётган Янгича дунёқараш – янгича яшашнинг дебочасидир.


Ўз мухбиримиз.   

Мавзуга оид:
Таълим

Таълим

  • 25 ноя, 10:16
ТАДБИРЛАР

ТАДБИРЛАР

  • 23 ноя, 14:31