МИЁНКОЛНИНГ СЎЛИМ МАСКАНИ

Ҳозирги Оқдарё тумани ҳудудларини юқоридаги тартибда бошқариш 1917 йилгача давом этди. 1920 йилда Бухоро амирлигининг бутунлай тугатилиши натижасида 1920 йил 6 октябрда Бухоро халқ   совет республикаси тузилганлиги эълон қилинди. Барча ҳудудлар Республикага бўйсунувчи вилоятларга айлантирилди. Оқдарё ва Миёнкол ҳудудлари 1924 йилдаги миллий ҳудудий чегараланишгача бўлган даврда Бухоро халқ совет республикасининг Са-марқанд вилоятига киритилди.
1924 йилдаги миллий ҳудудий чегараларниш натижасида  Ўзбекистон ССРнинг тузилиши натижада ўтказилган маъмурий ислоҳотлар натижасида 1926 йилнинг 29 сентябрида Самарқанд вилояти таркибида Оқдарё тумани ташкил этилди. Туман ташкил этилганда маъмурий маркази Даҳбед шаҳарчаси бўлган. 1930 йилга келиб туман маркази Лойиш шаҳрига кўчирилган, 1926 йилда тузилган туманимизга биринчи раҳбар сифатида Ҳожимурод Худойбердиев тайинланди. 1931 йилда туманнинг биринчи газетаси "Пахта зарбдори" номи билан 900 нусхада чиқа бошлади. Ўзбекистон ССРнинг тузилиши ва миллий ҳудудий чегараланишдан кейинги даврда ҳам ўлка ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётини Европача руҳда ўзгартириш ва ҳудуд аҳолисидан қишлоқ хўжалигининг барча жабҳаларида унумли фойдаланиш, аҳолини оғир меҳнатга кенгроқ сафарбар этишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Хотин-қизларнинг исломий руҳдаги кийимлари ва уларнинг ишлаб чиқаришга кенг жалб қилиш мақсадида олиб борилган инсоний фазилатларга зид бўлган хатти ҳаракатлар ўлкада норозилик кайфиятларини янада чуқурлаштирди. 1927 йилдаги амалга оширилган "Ҳужум" ҳаракати айни шу мақсадга қаратилган эди. Асрлар давомида шарқона шарм ва ҳаё тимсоли деб ҳисобланиб келинган хотин-қизлар юзидаги паранжиларини зўрлик билан олиб ташланиши, махсус мактабларда саводларини чиқариб ишлаб чиқаришга кенг сафарбар этилиши 20-йилларнинг энг аянчли сиёсий тадбирларидан бири бўлди... КПнинг 16 съездида қабул қилинган қарорда "Умумий мажбурий бошланғич таълимни амалга ошириш  ва саводсизликни тугатиш партиянинг энг яқин орадаги  жанговар оператив вазифаси бўлиши керак" деб белгилаб қўйилган эди. 1935-1936 ўқув йилида мажбурий етти йиллик таълим жорий қилинди. Жамиятда олиб борилаётган ўзгаришларни амалга оширишда миллий қадриятлар ва инсоний фазилатлардан ҳоли тарзда ташкил этилиши ВКП(б) М.К Ўрта Осиё бюроси ва Ўзбекистон ССР КП(б) М.К томонидан амалга оширилаётган "ислоҳотлар" халқ оммасини норозилигини кучайтирди. Норозилик кайфиятида бўлган ватандошларимиз "миллатчи", "халқ душмани" тамғалари остида қатағон сиёсати домига тортилди, ўз ватанларидан узоққа қулоқ сифатида сургун қилинди. 
ВКП(б) М.К Ўрта Осиё бюроси Ижроия комитети ва Ўзбекистон КП(б) МК 1930 йил январь ойида "Ёппасига коллективлаштириш тўғрисида"ги қарорига асосан 1930 йил 26 январида Ўзбекистондаги 18 та туманни ёппасига коллективлаштириш райони деб эълон қилди. Бу туманлар орасида Оқдарё тумани ҳам бор эди. 1930 йил 17 февралда юқоридаги орган томонидан "Коллективлаштириш ва қулоқ хўжаликларни тугатиш тўғрисида"ги янги қарорни қабул қилиниши бу жараённи тезлаштирди. Самарқанд округи ижроия комитети раиси Винокуровнинг "Самарқанд округи бўйича барча ҳуқуқдан маҳрум қилинганлар  рўйхатини текшириш натижалари тўғрисидаги жамланган маълумотнома"да Оқдарё туманидан жами 301 нафар айби кўриб чиқилиб ҳуқуқи тикланганлар,  яъни айби кўриб чиқилиб озод этилганлар 41 фоизни, 353 нафар тумандошимиз ҳуқуқдан маҳрум қилинганлар рўйхатида қолдирилганлиги маълум қилинган. Бу 50,6 фоизни ташкил этган.  Коллективлаштириш ва қулоқлаштириш тадбирлари Оқдарё туманида фаол олиб борилган. Ўзбекистон МДА ҳужжатларига таянган, таниқли олим Рустам Шамсиддиновнинг маълумотларига кўра, 1931 йил 15 февралга қадар Оқдарёдан 142 киши қулоқ қилинган. 1931 йил 28 мартгача бўлган давр-да Оқдарёда 30 та 1 тоифали яъни энг оғир "жиноятчилар" (Н.М)  қулоқлар рўйхатига киритилиб, шулардан 24 таси қамоққа олинган. 1931 йил охирларигача Оқдарёда 8494 та деҳқон хўжаликлари, 1 932 йилда эса 58 та хўжалик қулоқ хўжаликлар деб эълон қилинган. Булардан фоиз ҳисобида 0,7 фоиз сургун қилиниб, 92 фоиз коллективлаштирилган. Ушбу фаолият натижасида сургун қилишга ҳукм қилинган ватандошларимиз яъни тумандошларимиз Шимолий Кавказга, Украина ва Сибир ҳудудларига сургун қилиниб, инсоний қадр-қиммати топталган. Рустам Шамсуддинов ва А. Мамажоновларнинг "Шимолий Кавказга сургун қилинганлар қисмати" асарида келтирилган юқоридаги маълумотларга таяниб, Оқдарё тумани Самарқанд вилоятининг иқтисодий ривожида муҳим ўрин тутганлигига яна бир бор амин бўламиз. 
1930 йил 26 январда Оқдарё туманини ёппасига жамоалаштириш райони деб эълон қилиниши  аҳолини ижтимоий ҳаётини ўзгартириб юборди. Ўрта Осиё бюроси  қулоқлар бўйича комиссия 1931 йил 1 апрелда Ўзбекистон К.П "Ёппасига жамоалаштириш районларида қулоқ қилишнинг бориши ҳақида"ги масала юзасидан махсус қарор қабул қилди. Бу ҳужжатда Оқдарё туманидаги 1 тоифали қулоқларни тугатиш қайд этилган. Юқоридаги қарор ва маълумотлар асосида 1931 йил 11 сентябрда  № 617 эшелон рақамли  Самарқанд станциясидан Семичная Шимолий Кавказ станциясига жами 304 оила, жами 1591 нафар киши юборилган. Булар орасида оқдарёликлар ҳам бор эди. Шамсуддиновнинг маълумотига кўра, 1932 йил 28 майгача Оқдарёдан 58 хўжалик умумий ҳажмда 219 киши, 72 нафар эркак, 50 нафар аёл, 977 нафар ёш болалар сургун қилинган. Оқдарё туманидаги жами 105397 ҳўжаликлардан Ўзбекистондан кўчириш учун олдиндан белгилаб қўйилган  қулоқ хўжаликларидан 1932 йилда жами 110 хўжалик кўчирилиши белгилаб қўйилган. 1932 йил 1 апрелда туман ҳудудидан 162 та қулоқ хўжалик ҳибсга олинган. 30 йиллар ватанимиз тарихида кўплаб аянчли воқеаларга бой бўлди. Ватан озодлиги учун курашган халқимизнинг асл фарзандлари қатагон қилинди, сиёсий тазйиқ остига олинди, жисмонан йўқ қилинди. Бу даврда Ўзбекис-тондан 100 минг киши мудҳиш қатағон сиёсати домига тортилди. Улардан 13 минг нафари отиб ташланди. Қолганлари турли лагер ва қамоқхоналарга жўнатилиб, инсоний қадр қиммати топталди. Фақатгина 1937-39 йилларда Ўзбекистонда 43 мингдан зиёд киши қамоққа олинди. Улардан 6 минг 920 нафари отиб ташланди. 37 минг нафари қамоқ ва сургунга учради. Бу қатағон қурбонлари орасида бизнинг тумандошларимиз ҳам бор эди. 
1937 йилнинг 30 июлида СССР Ички ишлар халқ комиссарларининг "Собиқ қулоқлар, жиноятчилар ва бошқа антисовет элементларини қатағон қилиш бўйича операция тўғрисида"ги 00447 сонли оператив мутлақо махфий тамға остидаги махсус буйруғи чиқарилди. Шунга кўра, 1937 йил 28 октябрдан НКВД Учлик (Апресян, Яковлев, Сегизбоев, Шейндлин)лар ҳукм этилган маҳбуслар рўйхатини тузиб чиқди. Бу "28-сонли баённома" номи билан аталиб, унда Оқдарё туманидан қулоқ қилинган, антисовет кайфиятидаги инсонлар ҳам бор эди. Ушбу баённомада Оқдарё туманидан қуйидаги шахслар турли айбловлар билан ҳукм этилган эди.
5735 сонли иш бўйича Оқдарё туман Чуқур қишлоғидан қулоққа тортилган Элмурод Файзи (1868 йил туғилган) 10 йилга ҳукм қилинган. Жазо муддати 1937 йил 28 ав-густдан ҳисобланган. У колхозчилар орасида аксилинқилобий, колхозга қарши тар-ғибот олиб борганлиги учун айбланган. 
1381-сонли иш бўйича Оқдарё туман Қоратухум қишлоғидан собиқ қулоқ, Волост бошқарувчисининг ўғли Рустамов Яҳё (1900 йил туғилган) 10 йил муддатга меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилган, жазо муддати 1937 йил 28 августдан ҳисобланган. Колхозчиларни пахта экишдан бош тортишга ундагани учун айбланган. 
5785-сонли иш бўйича Тўртайғир қишлоғидан собиқ имом, Абдуллаев Мардихон (1880 йил туғилган) 10 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм қилинган. Жазо муддати 1937 йил 29 августдан ҳисобланган. Колхозга қарши тарғибот қилганликда айбланган.
(Давоми бор)
Нодир МИРЗАЕВ,
4-мактабнинг тарих фани
ўқитувчиси.