ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ - ДЕМОКРАТИК ИСЛОҲОТЛАР САМАРАСИ

Бугунги кунда жамоатчилик назорати мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг самараси ва муваффақиятини таъминлашда асосий воситалардан бири сифатида майдонга чиқиб келмоқда. Жамоатчилик назорати - жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш учун зарур ўта муҳим амалиёт саналади. Ўзбекистон Республикасининг "Жамоатчилик назорати тўғрисида"ги Қонунига кўра жамоатчилик назоратини фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари қонунчилик доирасида давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ҳамда нодавлат ташкилотлар фаолияти устидан амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги "Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-6247-сон Фармонининг қабул қилиниши давлат органларининг очиқ ва шаффоф ишлашида янги босқичга олиб чиқди. Фармонга кўра барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан Ҳисоб палатаси, Марказий банк, суд ва прокуратура органлари ҳамда уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда давлат унитар корхоналари томонидан Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати тасдиқланди.
Бундан ташқари, давлат органлари ва ташкилотлари ҳар йили 1 мартга қадар ўз фаолиятига оид ҳисоботни (давлат сирлари ва хизматда фойдаланиш учун мўлжалланган маълумотлар бундан мустасно) расмий веб-сайтларига жойлаштириб, 10   мартга қадар уни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш жойи ва вақти ҳақида хабар бериши, 1 апрелга қадар ўз фаолиятига оид ҳисоботни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш учун матбуот анжуманларини ўтказиш тартиби белгиланди. Шу билан бирга, 2021 йил 1 июлдан бошлаб маълумотларни Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар порталига ва ўз расмий веб-сайтларига жойлаштириб, уларни ҳар чоракда янгилаб бориши белгилаб берилди.
Хулоса қилиб шуни айтишимиз мумкинки, жамоатчилик муҳокамаси ўз моҳиятига кўра, ижтимоий-сиёсий жараён бўлиб, давлат бошқарувида сиёсий қадриятларни, яъни фуқароларнинг сиёсатни ишлаб чиқишдаги иштирокини таъминлашга қаратилган бўлади. 
А.Куйланов,
туман адлия бўлимининг
бош маслаҳатчиси.                                                                
Мавзуга оид:
Суд ва ҳаёт

Суд ва ҳаёт

  • 31 мар, 15:18
Суд ва ҳаёт

Суд ва ҳаёт

  • 31 мар, 15:10