8 декабрь - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни КОНСТИТУЦИЯМИЗНИНГ ЯРАТИЛИШ ТАРИХИНИ БИЛАСИЗМИ?

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яратилиши тарихи ҳақида сўз юритишдан олдин "Конституция нима?" деган саволга жавоб бериш мақсадга мувофиқдир.
Конституция (лотинча "Cоnstitutsion" - тузилиш, тузук) - давлатнинг Асосий қонуни. У давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва шахснинг ўзаро муносабатлари, шунингдек, суд тизимини ҳамда давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларини белгилаб беради.
Конституцияни яратиш йўлидаги биринчи ҳуқуқий қадам - ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишидир.
"Ўз она тилини билмаган одам ўзининг шажарасини, ўзининг илдизини билмайдиган, келажаги йўқ одам, киши тилини билмайдиган унинг дилини ҳам билмайди, деб жуда тўғри айтишади". "Ҳар қайси миллат, катта ё кичиклигидан қатъий назар, ўз она тилини ҳурмат қилади".
"Давлат тили тўғрисида"ги қонунда мустаҳкамланган муҳим ҳуқуқий қоидалар эндиликда Асосий Қонунимизнинг 4-моддасида қуйидагича муҳрлаб қўйилди:
"Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир. Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади".
Конституцияни яратиш йўлидаги иккинчи ҳуқуқий қадам - Президентлик институти таъсис этилиши ва янги давлат рамзларини тайёрлаш бўйича комиссия тузилиши билан боғлиқ.
Конституцияни яратиш йўлидаги учинчи ҳуқуқий қадам - "Мустақиллик декларацияси"нинг эълон қилинишидир.
Ўзбекистон Олий Кенгаши томонидан 1990 йил 20 июнда эълон қилинган "Мустақиллик декларацияси"нинг 8-бандида Ўзбекистон "ўзининг тараққиёт йўлини, ўз номини белгилайди ва давлат белгиларини (герб, байроқ, мадҳия) ўзи таъсис этади" деган қоида мустаҳкамланган.
Конституцияни яратиш йўлидаги тўртинчи ҳуқуқий қадам - Конституциявий комиссиянинг ташкил этилишига бориб тақалади.
Конституцияни яратиш йўлидаги бешинчи ҳуқуқий қадам - Биринчи Президентимизнинг Ҳиндистонга 1991 йилги ташрифи билан чамбарчас боғлиқ.
Бир сўз билан айтганда, истиқлол арафасида вужудга келган оғир шароит, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий қийинчиликларга, турли тўсиқларга қарамасдан, халқимиз ўзининг асрий орзуси - Ўзбекистоннинг давлат суверенитети ва мустақиллиги сари қатъият билан ҳаракат қилишда давом этди. Ўша беором даврда қабул қилинган Президент фармони ва қарорларида акс этган муҳим ҳуқуқ ва қоидалар кейинчалик Конституциямизнинг асосий бўлим, боб ва моддалари сифатида мустаҳкамланди.
Конституцияни яратиш йўлидаги олтинчи ҳуқуқий қадам - Давлат мустақиллигининг эълон қилинишидир.
Мамлакатимиз раҳбарининг 1991 йил 31 августда, ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан  ташқари олтинчи сессиясида сўзлаган нутқи, айниқса, ўша нутқдаги: "Мен шу бугундан эътиборан 1 сентябрни республикамизда Мустақиллик куни, умумхалқ байрами деб эълон қилишни таклиф этаман", деган оташин сўзлари Ватанимиз тарихига олтин   ҳарфлар билан мангуга ёзилгандир.
Шу куни "Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида"ги конституциявий қонун қабул қилинди. Ундан бўлажак Конституциянинг ўзак қоидаларини ўзида акс эттирган бир қатор муҳим моддалар жой олди. Жумладан, мазкур Қонунга мувофиқ:
"Ўзбекистон Республикаси тўла давлат ҳокимиятига эга, ўзининг миллий-давлат ва маъмурий ҳудудий тузилишини, ҳокимият ва бошқарув идоралари тизимини мустақил белгилайди" (3-модда);
"Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва унинг қонунлари устундир. Ўзбекистон Республикаси Давлат идораларининг тизими ҳокимиятни қонун чиқарувчи, ижроия ва суд ҳокимиятига ажратиш тартиби асосида қурилади" (5-модда).
Бу Конституциявий қонун Асосий Қонунимиз қабул қилингунига қадар, яъни 1992 йил 8 декабргача биз учун кичик Конституция вазифасини бажариб турди.
Конституцияни яратиш йўлидаги еттинчи ҳуқуқий қадам - 1991 йил 29 декабрда Президент сайлови ва Давлат мустақиллиги тўғрисидаги референдумнинг ўтказилишига тааллуқли.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ва Республика давлат мустақиллиги тўғрисидаги референдум 1991 йил 29 декабрда бўлиб ўтди. Халқ давлат мустақиллигини қўллаб овоз берди ва Президентни сайлади. 1992 йил 4 январь куни Олий Кенгашнинг ана шу сайлов ва референдум якунларига бағишланган тўққизинчи сессияси очилди.
Конституцияни яратиш йўлидаги саккизинчи ҳуқуқий қадам - биринчи Конституция лойиҳасининг илк бор матбуотда умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинишидир.
Лойиҳа эълон қилингач, унинг умумхалқ муҳокамаси жуда кенг тус олди. Бу очиқ-ошкора муҳокамалар 1992 йилнинг сентябрь ойи охиридан декабрь ойи бошларигача фуқароларнинг сиёсий фаоллиги, ижодий кўтаринкилиги руҳида ўтди ҳамда Ўзбекистонда демократия ривожининг самарали ва амалий мактаби бўлди.
Конституциявий комиссияга фикр-мулоҳазалар билдирилган 600 тага яқин хат келиб тушди. Республика матбуотининг ўзида Конституция лойиҳасига бағишланган юздан ортиқ материаллар эълон қилинди. Фуқароларимиз билдирган таклифлар сони 5 минг-дан ошиб кетди.
Конституцияни яратиш йўлидаги тўққизинчи ҳуқуқий қадам - Конституция лойиҳасининг иккинчи марта матбуотда умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинишидир.
Конституция лойиҳасини икки босқичда муҳокама этиш учун матбуотда эълон қилинишининг маъноси шундан иборат эдики, фуқаролар Конституциянинг қайта ишланган вариантида Конституция лойиҳасини муҳокама қилишдаги ўз иштирокларининг натижасини кўра олдилар.
Конституция лойиҳасининг янги вариантида умумхалқ муҳокамасининг дастлабки босқичида келиб тушган кўплаб фикр-мулоҳазалар ва таклифлар ўз ифодасини топди. Фуқароларимиз Конституциявий комиссия томонидан уларнинг овози эшитилганига, таклифлари тегишли равишда кўриб чиқилиб, инобатга олинганига ишонч ҳосил қилдилар.
Конституцияни яратиш йўлидаги ўнинчи ҳуқуқий қадам - Конституция лойиҳасининг қабул қилинишидир.
Конституциявий комиссия томонидан 1992 йил 6 декабрда Конституция лойиҳаси охирги марта муҳокама этилди.
Парламент депутатлари томонидан лойиҳа моддама-модда муҳокама қилиниб, унга яна бир қатор ўзгартишлар киритилгач, 1992 йил 8 декабрь куни Бош Қомусимиз қабул қилинди. Шу кундан эътиборан,                8 декабрь - умумхалқ байрами деб эълон қилинди.
Шундай қилиб, Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилган санадан эътиборан дунё саҳнида янги, суверен давлат қарор топган бўлса, биринчи Конституциямиз қабул қилинган куни давлатимиз янгидан туғилди, ҳақиқий мустақиллигимизга мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор қўйилди.
Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Конституцияси янги мустақил жамиятнинг ишонч-ли ҳуқуқий кафолатларини шакллантирди ва мустаҳкамлади.
Ўзбекистон Конституциясининг ғоя ва нормаларида халқимизнинг кўп асрлик тажриба ва маънавий қадриятлари, бой тарихий-ҳуқуқий мероси акс эттирилгани унинг ҳаётийлигининг кафолатидир.
Шу билан бирга, Асосий Қонунимиз кўплаб демократик давлатларда конститу-циявий қурилиш соҳасидаги илғор тажрибанинг энг яхши жиҳатларини, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг умумэътироф этилган нормалари ҳамда мазкур соҳадаги бошқа халқаро ҳужжатларга асосланган инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, эркинлигини таъминлаш ва ҳимоя қилиш механизмини ўзида мужассам этган.
Конституциянинг қабул қилиниши ижтимоий ва давлат қурилишининг барча жабҳаларидаги муносабатларни, миллий қонунчилигимизнинг барча соҳаларини тартибга солувчи аниқ ҳуқуқий тизимни ташкил этди.