Янги китоб ОҚДАРЁНИНГ ҲАҚ ОВОЗИ


Матбуот - жамиятимиз кўзгуси. Айниқса, миллий матбуотимиз ўтган асрда тараққий этиб, халқ минбари ва тўртинчи ҳокимият даражасига чиқа олди. Уларда нашр этилган танқидий-таҳлилий мақолалар, фельетону очерклар юрт равнақига беминнат хизмат қилди. Лекин очиғини айтиш керак, журналист учун ҳамма даврларда ҳам осон бўлмаган. Негаки, журналистика касби машаққатли ва масъулиятли касблардан бири ҳисобланади. 

Журналист жамиятимизда учраб турадиган ҳар қандай иллатларни, салбий ҳолатларни қаламга олар экан, у худдики, кураш майдонида иштирок этаётган жангчига айланади. Негаки, у ушбу жанг майдонида қанчадан қанча тазйиқларга, қанчадан қанча синовларга дуч келмайди, дейсиз. Ана шундай машаққатли синовларга дош бериш, ўз ҳаётини хавф-хатарга қўйиб бўлса-да, жамиятимизда учраб турадиган салбий иллатларни таг-томири билан суғуриб ташлаш кишидан ўз касбига бўлган садоқатни, қатъиятликни, қолаверса, жасурликни талаб қилади. 

Эзгу мақсад йўлида хизмат қилишни ўзининг муқаддас вазифаси деб билган журналистлар ҳақида сўз кетар экан, бундай инсонларни том маънода ҳақиқий халқпарвар, ватанпарвар инсон, деб атасак арзийди. Ваҳоланки, аввал "Ленинизм йўлидан", Мустақиллик йилларида эса "Оқдарё овози" номи билан чоп этилган туманимиз газетаси таҳририятида  Мамараҳим Мардиев, Ўктам Қурбонов, Мурод Мирзақобилов, Тошназар Тўғизбоев, Рашид Муҳаммадиев, Ниёзхон Алиев, Абдимурод Рўзиев, Абураззоқ       Эгамқулов, Зулфия Пўлатова(Оллоҳ раҳматига олган бўлсин), айни пайтда кексалик гаштини сураётган Гулчеҳра Исмоилова, Маърифат Мустафоева сингари ана шундай шарафли касб эгалари фаолият кўрсатганлигини фахр билан тилга оламиз.

"Оқдарё овози" газетаси 90 йиллик шонли йўлни босиб ўтди. 1991 йилнинг 21 октябридан бошлаб қатор йиллар давомида таҳририятда корректорлик вазифасидан ўз иш фаолиятини бошлаган ҳамда қишлоқ хўжалиги бўлимида мухбир, сўнгра шу бўлим мудири лавозимларида фаолият юритиб, қалами чархланган иқтидорли журналист Йўлчи Муҳаммадиев газета бош муҳаррири сифатида фаолият юрита бошлади. 

- Йўлчи ака адолатсизликка, ноҳақликка чидамсиз инсон. Унинг бу иллатлардан кўз юмиб ўтишига ҳеч чораси йўқ: эшитдими, пайқадими, кўрдими уларга қарши дарров қаламини "ўқлайди" - нишонни шунчалик аниқ оладики, бадкирдорлар учун "сичқоннинг ини минг танга" бўлиб қолади,-дейилади Сурхондарё вилояти Музработ тумани "Музработ" газетаси муҳаррири Абдусалом Йўлдошевнинг ҳамкасби Йўлчи Муҳаммадиев ҳақида ушбу китоб учун ёзилган "Жувонмард журналист" деб номланган мақоласида. - Уларнинг чиркин башарасини, ғараз ниятларини матбуот орқали фош этиб, масала-муаммо ҳал бўлмагунича, муносиб жазосини олмагунича қўймайди. Бунга маҳоратли ва кескир журналистнинг "Оқдарё овози" да эълон қилинган ўнлаб танқидий чиқишлари, айниқса, "Туҳмат гирдоби" номли китобидан жой олган туркум ҳикоялари мисол бўла олади.  

Дарҳақиқат, таниқли журналист Йўлчи Муҳаммадиев ярим асрлик умрини миллий матбуотимиз равнақи, жамиятдаги иллат ва қусурларни фош этишга бағишлади. Шунингдек, ўзи туғилиб ўсган она-юртини, унинг меҳнаткаш халқини жон дилидан севган фидойи журналист туманимиз тараққиётига ҳисса қўшган чин инсонлар ҳақида рисолалар яратди. Йўлчи Муҳаммадиев уч  қисмдан иборат "Оқдарё фарзандлари" китоби, икки қисмдан иборат "Оқдарё баёзи" тўпламлари, "Қайтиш" ҳикоялар тўплами ҳамда "Туҳмат гирдоби" китобининг муаллифидир. Фаолияти давомида кўплаб танқидий мақолалари, фельетонлари, долзарб мавзудаги суҳбатлари, ҳажвия ва ҳикоялари эълон қилинган. "Йилнинг энг фаол журналисти" Республика танловининг (2011) ғолиби. 

Тошкентдаги "Матбаачи" нашриётида чоп этилган "Оқдарёнинг ҳақ овози" деб номланган ушбу янги китобда фаол ва ҳозиржавоб журналист Йўлчи Муҳаммадиевнинг ҳикоялари, фельетонлари, мақолалари, шунингдек, у билан ҳамкасб бўлган фахрий журналистларнинг қизиқарли мақолалари ўрин олган. Китобни мутолаа қилар экансиз, "Оқдарё овози" газетасида чоп этилган мақолалар билан танишиб, газетанинг яқин ўтмишига саёҳат қиласиз. Журналист касбининг машаққатларини бир дам англайсиз, деган умиддамиз.

Зеро, айни пайтларда бизнинг ижодий гуруҳимиз ҳисобланган - бош муҳарир Йўлчи Муҳаммадиев, мусаҳҳиҳ Мақсуда  Мустафоева, саҳифаловчи Ноила Сафина, сураткаш Суннатулло Ибрагимов, веб-сайтчи Амина Хуррамова, ҳисобчи Одил Қувондиқов, газетамизни ўз вақтида муштарийларимиз қўлига етказиб бераётган Ғофир Муҳаммадиевлар билан ҳамкорликда фаолият юритар эканмиз, газетамизнинг ҳар томонлама мукаммал, сифатли, ўқимишли бўлиб чоп этилишида ҳар бир жамоамиз аъзосининг ўз ўрни борлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

 Гулсара ТИНИБЕКОВА,

Ўзбекистон Журналистлари 

уюшмасининг аъзоси.

Мавзуга оид: