МАҲАЛЛА РАИСИ САЙЛОВИ - ДОЛЗАРБ МАСАЛА

Сенат Кенгашининг ушбу қарорига асосан, халқ депутатлари Оқдарё туман Кенгашининг 2022 йил 25 мартдаги сессиясининг тегишли қарори қабул қилиниб, маҳаллалар раислари сайловига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари белгиланди.
Фуқаролар йиғинлари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи туман комиссияси (21 кишидан иборат) ва тумандаги ҳар бир маҳаллада (35 та) ишчи гуруҳлари тасдиқланиб, улар тезкорлик билан иш олиб боришмоқда.
Бу йилги фуқаролар йиғинлари раислари сайлови мазмун-моҳияти, кутилаётган натижа билан тубдан фарқ қилади. Учинчи ренессанс пойдеворини яратишга киришган янги Ўзбекистонни ривожлантиришга қобилиятли раисларни сайлашимиз ва улар келгуси 5 йил давомида ўз ҳудудининг ривожланишига масъул бўлиб, фидойилик, сафарбарлик билан ишлашлари шарт.
Масала нечоғлик долзарблигини англаган ҳолда ушбу жараёнда масъулият ва фаоллик билан қатнашишимиз талаб этилади. Маҳалла раиси сайловининг яна бир жиддий томони шундаки, сайловда овоз бериш яширин (ёпиқ) тарзда ўтказилса ҳам қонун бўйича сайловлар фуқароларнинг умумий йиғилишлари тарзида ўтказилиши керак. Бунинг учун ҳудуддаги сайлов ҳуқуқига эга, фуқароларни тўлиқ йиғиш зарур. Ҳозирги кунда бунга имконият ҳам, шароит ҳам мавжуд эмас. Шу сабабли умумий сайловчилар сонининг 12 фоизигача бўлган миқдорда жойлардан вакиллар сайланиб, вакиллар йиғилишлари ўтказилади.
Жойлардаги умумий йиғилишларда фидойи, фаол, ҳудуд тараққиёти учун жонкуяр вакиллар танланиши керак ва сайлов - вакиллар йиғилиши адолатли, ошкора, қонуний бўлиши шарт.
Сайловга тайёргарлик ва уни ўтказиш Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилда тасдиқланган "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида"ги қонуни талабларига биноан амалга оширилади.
Қонуннинг 16, 17-моддаларида фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодларни кўрсатиш тартиби ва номзодларга қўйилаётган талаблар баён қолинган. Ишчи гуруҳлари ва жамоатчилик бу тартиб ва талабга амал қилиши зарур.
Қонун талаби ва тавсияларга биноан, номзодларни танлашда шу ҳудудда яшовчи олий маълумотли, 40-60 ёш ўртасида бўлиши, электрон технологиядан эркин фойдалана оладиган обрўли, салоҳиятли фуқароларга эътибор қаратилади. Чунки сайланган раислар 5 йил давомида ҳудудни иқтисодий-ижтимоий ривожланишини ташкил этишнинг бош ташкилотчиси саналади.
Туманимиз фуқаролари, жамоатчиликни, сайловга масъулларни вакиллар рўйхатини шакллантириш ва номзодларни танлашда масъулият ва адолат билан фаол қатнашишга чақирамиз.
Т. АШУРОВ,
Туман кўмаклашувчи комиссиясининг жамоатчи маслаҳатчиси.
Мавзуга оид: